Қисқа сатрларда

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

Ахсикент – Марказий Осиё тарихи тамаддуни

Хусусий ажримлар низоларнинг олдини олади

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев вилоятдаги сайловга тайёргарлик ишлари билан танишди

05 October, 2024, 04:38

Қишлоқ хўжалиги

Калифорния қалқондори: дарахтларни ундан қандай асраймиз?

  • 10.Августа.2023
  • 697

Калифорния қалқондори асосан мевали дарахтларга, резавор мева, буталарга ва манзарали ўсимликларга зарар етказади. Ушбу ҳашарот кўпайиб кетганда олма дарахти пўстлоғи узунасига ёрилиб, шохларни ва бутун дарахтларни қуритиб қўяди. Олма меваларидаги ширани сўриб, тўқ қизил доғ туширади. Дарахтни шох, новда, барг, дарахт пўстлоғи ва мевасини зарарлайди. Натижада дарахтлар кам ҳосил беради, ёш дарахтлар қуриб қолади.

Калифорния қалқондорининг қалқони юмалоқ ва япалоқ, оч жигар ёки кул ранг тусда бўлиб, диаметри 1,0-1,5 мм дан 2 мм гача бўлади. Қалқоннинг четлари ўртасига қараганда оч тусда бўлиб, эркагининг қаноти бир жуфт бўлади. Ёш личинкаси озиқлана бошлаганда оқимтир шира чиқаради, бу шира кейинчалик қалқонга айланади.

Биринчи ёш личинкалари шох ва новдалардаги қалқон остида қишлайди. Баҳорда, олма дарахти куртаклари бўрта бошлаганда озиқланишни бошлайди ва пўст ташлаб жинсий етук урғочи ва эркак зотларга айланади. Урчиган урғочи зот 1 ойча етилгач 100-120 тадан тирик личинкалар туға бошлайди. Туғилган «дайди» личинкалар қалқон остидан чиққандан сўнг бир неча соат давомида дарахт бўйлаб тарқалиб пўстлоқ ва меваларга ёпишган ҳолда ўзига қалқон ясай бошлайди. Озиқланиши давомида пўст ташлаб иккинчи ёшга ўтган личинкалари жинсий етук урғочи ва эркак зотларга айланади ва 2-авлод «дайди» личинкалари пайдо бўлади. Шу тариқа йил давомида 3-4 та авлод беради. Одатда ҳар бир авлод биринчи ёш личинкаларининг бир қисми қишлашга қолади. Кўчат ва зарарланган мева орқали жойдан-жойга тарқалади.

Эрта кўкламда буталган шох ва новдаларни ёқиш, дарахтлар танасини тозалаб танасини оқлаш, боғларни ёшартириш лозим. Мавсум вақтида тухумдан чиққан қалқондорлар сонини билиш учун диаметри 3-5 см бўлган скочни шохларга ёпишқоқ тарафини тепага қилиб маҳкам боғланади. Агар маҳкам бўлмаса, ёш қалқондор личинкалари тагидан ўтиб кетади. Бир боғдан камида 10 та дарахтнинг 2 та шохига скочни боғлаб чиқилади. Ҳар ҳафтада янги скочга алмаштирилади.

Ҳар бир жойда скочга ёпишиб қолган қалқондорларни санаб, ёш қалқондорларни қачон кўпайишини аниқлаш мумкин. Скочдаги қалқондорлар сонига қараб пестицид билан ишлов ўтказиш белгиланади. Кимёвий ишловлар қалқондорларнинг биринчи ёш личинкалари кўпайган даврда сепилади. Куртаклар бўртиш вақтида ёғли воситаларни қишлаётган зараркунандаларга қарши пуркаш энг самарали ҳисобланади.

Куртаклар бўртиш вақтида дарахтларга минерал мойлар билан таркибида хлорпирифос ёки диазинон бўлган препаратларни аралаштириб ишлов берилади. Вегетация даврида эса таркибида дельтаметрин, диметоат, имидоклоприд, лямбдациголотрин, малатион ва хлорпирифос бўлган препаратлар билан ишлов берилади.

М. Дадабоев,

Э. Усмонов

Наманган вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Наманган ТИФ назорат маскани инспекторлари

Энг кўп ўқилганлар

Календарь