ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34730
23 November, 2024, 05:55
Ҳозирги кунда дунё бўйича 300 дан ортиқ хавфли карантин организмлар рўйхатга олинган, вилоятимизда 10 турдаги хавфли карантин зараркунанда ва бегона ўтлар аниқланган.
Ишбилармон ва тадбиркорлар томонидан вилоятимизга четдан турли хил қишлоқ хўжалик ва саноат маҳсулотларини олиб киришда маҳсулотларнинг карантин касаллик ва зараркунандалардан холи эканлиги тасдиқловчи фитосанитар сертификати ва четдан маҳсулот олиб келиш учун республика ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан бериладиган Импорт Карантин Рухсатномаси (ИКР) бўлиши талаб қўйилган.
Шу билан бир қаторда четдан олиб келтирилаётган маҳсулотлар билан бирга бизда мавжуд бўлмаган, ўсимликлар дунёси учун хавфли ҳисобланган, қишлоқ хўжалиги экинларига катта иқтисодий зарар келтирадиган карантин организмларни кириб қолиш хавфи ҳам ортиб бормоқда.
Юқоридагиларни эьтиборга олиб, юртбошимиз томонидан 2018 йил 9 июлдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинган.
Қонунга кўра, вилоятимизга четдан кириб қолиб, қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий иқтисодий зарар етказадиган карантиндаги хавфли организмлардан ҳимоя қилиш ва уларни тарқалишини олдини олиш бўйича назорат тадбирларини ўз муддатларида ўтказиш асосий вазифа ҳисобланади.
Вилоятимизда зараркунанда ҳашаротлардан қисман тарқалган калифорния қалқондори, комсток қурти, шарқ мевахўри, колорадо қўнғизи, картошка куяси, цитрус оқ қаноти, цитрус инли куяси, бегона ўтлардан эса зарпечак, девпечак ва пушти какралар мавжуд.
Ҳозирги кунда барчамиз истеъмол учун озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари заҳирасини яратиш ҳаракатида бўламиз. Бу маҳсулотларни куз ва қиш ойларида сифатли сақланишида уларга зарар етказадиган турли хил ҳашарот, зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш ҳаракатида бўламиз.
Маълумки, бизнинг шароитда бу маҳсулотлар ертўла (подвал) ва алоҳида хоналарда сақланади.
Кузатувлар натижасида маҳсулотларни омбор ва махсус хоналарда сақлаш жараёнида уларнинг 30-40 фоизи зараркунандалар таъсирида яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги аниқланган.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сифатли сақлашда, авваламбор, маҳсулот сақланаётган омбор ва биноларни зараркунандаларга қарши зарарсизлантириш (фумигация) қилиш алоҳида ўрин тутади.
Хонадонлардаги маҳсулот сақланадиган омборларни зарарсизлантириш учун инспекциямизда махсус зарарсизлантириш гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Ушбу гуруҳ мутахассислари жойларга чиқиб, омбор ва биноларни зарарсизлантириш ишларини хавфсиз амалга ошириб берадилар.
Яна бир муҳим жиҳат, бозорлардан картошка ёки сабзавот уруғлари харид қилаётган фуқаролар, фермер хўжалик раҳбарлари ва томорқа эгалари харид қилинган уруғликлар учун унинг тозалигини тасдиқловчи тегишли лаборатория хулосаси ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари учун карантин-фитосанитар сертификатларини талаб қилсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.
Муслим АБДУМУТАЛОВ,
вилоят ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси инспектори
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти