ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34896
04 December, 2024, 03:26
Янгиликларга тўла замонамизда одамларни ҳайратга солиш осон эмас. Бироқ, Учқўрғон туманининг «Пахтачи» маҳалласида яшовчи Аҳрорбек Қўчқоровнинг томорқасида етиштирилган ошқовоқ ҳали пишмай туриб 50 килодан кўпроқ тош босаётгани чинданам ҳайратомуз.
—Ҳажмининг йириклиги билан ажралиб турадиган бу ошқовоқнинг уруғини ҳамқишлоғимиз Шерали Хайитов бултур Россиядан олиб келганди, — дейди А. Қўчқоров. – Ишим кўплигидан қаровини жойига қўя олмадимми туккан меваси 30 килога етди холос, экиб кўрингчи, дея менга тавсия қилди. Томорқамизнинг бир четига қадалган 10 та уруғнинг 8 таси униб чиқди. Уларни асосан отам парваришлаяптилар.
Тажриба кўрган инсоннинг деҳқончилиги бошқачада. 65 ёшли Азимжон ота кўчатларга бутун меҳрини бериб қаради. Натижа ҳозирданоқ маълум. Ота-боланинг айтишига қараганда, ошқовоқлар тўла пишиб етилса, ҳар бирининг вазни 80 килогача етади.
Қўчқоровлар овозаси бутун вилоятга тарқалган ошқовоқполвоннинг уруғини олгандан сўнг қолган эт қисмини қўни-қўшни, қариндош-уруғларга эҳсон қилмоқчи. Келгуси йилдан эса Учқўрғон тупроғини ёқтириб қолган ушбу экинни оммалаштириб, оилавий бизнеснинг асосий турига айлантиришни ният қилишган.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи»
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти