Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

24 April, 2024, 01:27

Қишлоқ хўжалиги

Нок дарахтларида учрайдиган «бактериал куйиш» касаллиги

  • 20.Апреля.2022
  • 907

Бактериал куйиш (Erwinia amylovora Winsl. Et al.) касаллигида  дарахтларнинг гуллари тўсатдан сўлиб, қораяди. Барглари буралиб, қораяди ва новдаларда осилиб қолади (тушмайди). Пишмаган мевалар ҳам қорайиб қурийди, тушиб кетмайди. Новда учлари ёки гулдан бошланган касаллик аввал новда, кейинчалик шохлар ва, ҳатто илдизгача етиб боради.

Дарахт оловдан куйганга ўхшаб қолади. Ёш шох ва новдалар пўстлоғининг зарарланган жойлари кейинчалик гуммоз экссудат кўринишида пўстлоққа оқиб чиқувчи суюқликдан бироз шишади. Оқиб чиққан суюқлик дастлаб рангсиз бўлиб, аста-секин қуйилиб, қаҳрабо-сариқ ёки тўқ қўнғир рангга киради. Ана шу оқиб чиққан суюқлик шу касалликнинг бошқа ўхшаш касалликлардан фарқлайди.

Инфекция манбаи эски боғлардаги касалланган дарахт, зарарланган уруғ ва кўчат ҳисобланиб, бактериялар ёмғир томчилари, зарарли ҳашаротлар, асаларилар, қушлар ёрдамида тарқалади. Касаллик боғ асбоблари билан кесиш ва пайванд қилиш даврида юқиши мумкин.

Касалликнинг инкубацион даври 3-4 кундан 6-10 кунгача чўзилиши мумкин. Куйишнинг дастлабки белгилари пайдо бўлгунча минимал ҳарорат 14°С дан юқори бўлиши зарур. Дарахтларнинг зарарланиши ҳаво серёғин келиб, ҳарорат 18°С ва ундан юқори бўлганда содир бўлади. Бактериянинг ривожланиши учун қулай ҳарорат 30°С бўлиб, 45-50°С да улар ўлади.

Ёзда касаллик тузалганга ўхшасада, баҳорда дарахт танасида сув югуриши билан “уйғониб”, бутун ўсимлик бўйлаб тарқалади. Мевалари ёш, пишмаган даврда зарарланади, пиша бошлаган ва пишган меваларда касаллик ривожланмайди.

Касалликка қарши кураш чоралари қуйидаги агротехник тадбирлардан иборат:

– кузда касалланган меваларни териб йўқотиш;

– кузда ва баҳорда кучли зарарланган шох ва новдаларни кесиб йўқотиш;

– ҳашаротларга қарши ўз вақтида курашиш;

– олдинги йили касаллик белгилари пайдо бўлган боғда асалари қутиларини жойлаштирмаслик;

– кесиш пайтида боғ асбобларини 0,5 фоизли хлорамин ёки 2 фоизли формалин эритмасида тез-тез зарарсизлантириб туриш;

– кузда барг тўкилишидан сўнг ва баҳорда куртак ёзишдан олдин 3 фоизли, ўсув даврида эса (гуллашдан 10-12 кун кейин) 1 фоизли Бордо суюқлигини пуркаш.

Бир томонлама фақат азотли ўғитлар билан озиқлантириш касалликнинг авж олиб ривожланишига сабабчи бўлади.

Я.Турсунбоев,

Э.Усмонов,

Наманган вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Наманган ТИФ инспекторлари

Энг кўп ўқилганлар

Календарь