Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 08:44

Қишлоқ хўжалиги

«Ҳосил байрами» – ризқ-рўз байрами

  • 12.Декабря.2023
  • 404

Деҳқонларимиз бу йилги «Ҳосил байрами»ни кўтаринки кайфиятда, зўр ютуқлар оғушида қарши олишди. Давлатобод туманидаги «Отчопар» майдонида «Улоқ-кўпкари» мусобақаси ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги бошқармаси, фермер, деҳкон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан уюштирилган ярмаркада барча туманларда саховатли заминимиздан мўл ҳосил олаётган азамат бободеҳқонларимиз – фермер хўжаликлари, кластер ва агрофирмалар томонидан етиштирилган 50 турдан ортиқ кундалик турмуш учун зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда мева-сабзавотлар арзонлаштирилган нархларда аҳолига етказиб берилди.

– Ярмаркада туманимиздаги агрофирмалар, фермер хўжаликлари, томорқа эгалари ҳам алоҳида фаолллик билан иштирок этмоқда, – дейди Тўрақўрғон тумани қишлоқ хўжалиги бўлими масъул ходими Адҳамжон Раҳмонов. – Туманимиздаги «Соҳил пино мускати», «Соҳибкор», «Тўрақўрғон» агрофирмалари, «Сардор Баҳром зо», «Сирдарё зар замини», «Мардон» каби фермер хўжаликлари томонидан ярмаркага олиб келинган тухум, гўшт, картошка, пиёз, сабзидан тортиб, балиққача бўлган ўндан ортиқ турдаги арзон баҳолардаги маҳсулотлар ўз харидорларини топди. 

«Отчопар» мажмуасида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, саховатпеша тадбиркорлар соврини учун ўтказилган улоқ-кўпкари мусобақасида вилоятимиз вакилларидан ташқари Андижон, Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё ва Жиззах ҳамда қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистондан келган 500га яқин моҳир чавандозлар марра олиб, туя, от, қўй, бузоқ, гилам, телевизор каби ғолиблик ютуқлари учун баҳслашди.

– Наманганда улоқ-кўпкари ўтказилишини эшитиб, «Дизель» лақабли отимизда шу томонга қараб чопдик. Мусобақа баҳона кўплаб чавандоз дўстларимиз билан дийдорлашдик, – дейди Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридан мусобақага ташриф буюрган иштирокчилардан бири Асадулло полвон Ҳомидов. – Қолаверса, узоқ йиллик маҳоратга эга бўлган баҳодир акаларимиздан ўзига яраша тажриба ҳам орттирдик. Ҳосил байрами ташаббускорларига раҳмат, жуда чиройли ташкилланибди.

Чинакамига халқ сайлига айланган улоққа мезбонлик қилган йирик мажмуадаги улкан майдоннинг байрам саҳнасида вилоят санъат усталари ва пойтахтимиздан келган таниқли хонандалар ижросидаги концерт дастури «Ҳосил байрами»га кўтаринки завқу шавқ бағишлади. 

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь