ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34896
04 December, 2024, 03:40
Мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам декабрь ойининг иккинчи якшанбасида «Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни» байрами кўтаринки руҳда ўтказилди. Давлатобод туманидаги маданият марказида ташкилланган байрам тадбирига тармоқнинг фидойилари, фахрийлар, илғор фермер ва деҳқон хўжаликлари, туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари таклиф қилинди.
Даставвал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табриги ўқиб-эшиттирилди.
Давлатимиз раҳбарининг табригида ғалланинг ҳар гектаридан 95-100 центнердан ҳосил олган Тўрақўрғон туманидаги «Шоҳидон бургути» фермер хўжалиги мамнуният билан эътироф этилди ҳамда пахта хирмонини яратишга салмоқли ҳисса қўшган «Наманган тўқимачи кластер» пахта-тўқимачилик кластери ҳаммага намуна бўлганини миннатдорлик билан таъкидланди.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Анваржон Асомов ўз сўзида кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқни кўзлаган ҳолда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар тизимда салмоқли натижаларга эришишда муҳим омил бўлаётганлигини айтиб ўтди.
Якунига етиб бораётган 2021 йилда вилоятимизда жами 1 минг 989 тоннадан зиёд пилла, 462 минг тоннадан ортиқ ғалла, 214 минг 516 тонна пахта етиштирилди. Эътиборлиси, ўтган йилги режага нисбатан 13,3 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёси сотишга эришилди.
Вилоят бўйича 896 минг тонна сабзавот, 383 минг тонна картошка, 88 минг тоннадан зиёд полиз маҳсулотлари, 309 минг тонна мева, 130 минг тонна узум, 158 минг тонна гўшт, 734 минг тонна сут, 715 миллион донадан ошиқ тухум ишлаб чиқарилгани таҳсинга лойиқ. Ҳар бир йўналишда белгиланган режани ортиғи билан бажаришга эришилди, ҳосилдорлик ва самарадорлик ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ошди. Ўтган давр мобайнида вилоятда 106 минг 500 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари сотилиб, унинг экспорт ҳажми 66 миллион 200 минг АҚШ долларини ташкил қилди.
Бу йил вилоятнинг барча туманларида илк марта 46 минг нафардан зиёд ёшларга фермер хўжаликлари ва агрокластерлар тасарруфидаги 9 минг 70 гектар суғориладиган экин ерлари берилди. Мазкур майдонлар ҳисобига экспортбоп бўлган ва ички бозорни таъминлаш учун 86,7 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди.
25 минг 839 гектар ер майдонида сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди. Шундан 10 минг 53 гектар томчилатиб суғориш, 660 гектар ёмғирлатиб суғориш усули каби сув тежовчи усуллардан кенг фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда унумли фойдаланишга эришилди.
Тантанали тадбирда бир гуруҳ соҳа фаолларига ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги хизматлари учун вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи, «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси», «Илғор фермер», «Намунали томорқачи» ва «Меҳнаткаш деҳқон» кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Байрам муносабати билан Наманган шаҳрида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркаси ташкил этилди.
– Ярмаркада агрофирмалар, фермер хўжаликлари, томорқа эгалари фаол иштирок этмоқдамиз. Ниятимиз эса байрам арафасида элимиз дастурхонига қуёшли юртимизда пишиб етилган маҳсулотларни етказиб беришдир, – дейди Чортоқ тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Одилжон Қозоқов.
Давлатобод туманидаги «Отчопар» мажмуасида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари соврини учун ўтказилган улоқ-кўпкари мусобақасида Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари ҳамда қўшни Қирғизистон Республикасидан келган 500дан зиёд моҳир чавандоз марра олиб, туя, от, қўй, эчки, гилам, телевизор каби ютуқлар учун баҳс юритди.
Мажмуадаги улкан майдоннинг байрам саҳнасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтоев, Тошпўлат Маткаримов ва вилоят санъат усталари ижросидаги концерт дастури «Ҳосил байрами»га кўтаринки завқу шавқ бағишлади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти