Помидор куяси (Tuta absoluta) помидор ўсимлигининг ашаддий кушандаси бўлиб, экинларнинг меваси ва баргига жиддий таъсир етказади.
Помидор куясининг ватани Жанубий Африка ҳисобланиб, Европа, Осиё ва МДҲ давлатларида ҳам учрайди.
Капалаги 10 мм катталикда бўлиб, ипсимон мўйловларга эга. Олд қанотларида қора доғлари бор. Тухуми цилиндрсимон сариқ ёки оқ-сариқ бўлиб, узунлиги 0,36 мм эни 0,22 мм. Личинкасининг боши қорамтир бўлиб, ёруғ жойда яшил рангга айланади. 2 ва 4 ёшдаги личинкалари пушти рангда.
Помидор куяси помидор ўсимлигининг очиқ ва ёпиқ турдаги экинзорларида учрайди. Юқори репродуктив самарадорликка эга ҳашорат бўлганлигидан личинкаси озуқа топмагунча тинчланмайди.
Личинкаси умри давомида 4 та ёшни ўтайди. Ҳаво ҳарорати ва ташқи муҳит таъсирига кириб, ҳашаротнинг яшаш даври 29-38 кунни ташкил этади. Помидор куяси зарарлаган меваларни патоген микроорганизмлар чиритади. Барг тўқимасини зарарлайди. Помидор ўсимлигини турли босқичларда хусусан, кўчат босқичидан ҳосил етилиш пайтигача зарарлайди.
Одатда зараркунандани осон аниқлаш мумкин. Чунки, у ўсимлик гули ва меваларида ривожланади. Капалаги асосан кечқурун ҳаракатланади, кундузи эса ўсимлик баргининг орқа қисмида жойлашиб олади. Жуда сезгир бўлиб, ўсимлик озгина силкитилса ҳам тезда ён-атрофга қараб учиб кетади. Урғочи зотлари 10-15, эркаги эса 6-7 кун яшайди. Помидор куясининг капалаги кечалари учади, кундузлари барглар орасида яшириниб олади. Куянинг урғочи зоти бир йилда жами 300 тагача (ўртача 260 та) тухум қўяди. Одатда тухум қўйгандан кейин 4-7 кундан сўнг ундан личинкаси (қурти) чиқади.
Помидор куяси тухумларининг тахминан 73 фоизини баргларга, 21 фоизини барг томирчалари ва пояларга, 5 фоизини гулкосабаргларга ва 1 фоизини меваларга қўяди. Қурти энди чиққанида оқиш-сарғиш тусли, узунлиги 0,5 мм, боши қора, 2-4 ёшларида нимранг ёки сарғиш-яшил тусга киради, 4-15 (ўртача 8) кун яшайди ва бу вақтда 4-ёш ўтайди. Етилган личинканинг узунлиги 8-9 мм, у ипак ўраб ғумбакланади. Ғумбакланиши тупроқда ёки ўсимлик қолдиқлари орасида, баъзан зарарланган ва ўралган барглар устида ипаксимон пилла ичида 10 кун давомида ўтади. Баргларда ғовак ичида ҳам ғумбакланиши мумкин.
Қарши кураш усуллари Феромон тутқичлардан мониторинг мақсадида қўлланилганда, Тутасан феромон тузоқларида 5-6 дона капалаклар кўрилганда кимёвий ишлов берилиши керак. Зараркунанда капалакларини нисбатан оддий (арзон) препаратлар (Атилла, Сиперметрин, Карбафос ва. хк) ёрдамида қириб ташласа бўлади, аммо ўсимликда зараркунанданинг қуртлари пайдо бўлса (барг орасидаги қуртни ўлдириш қийин), энг самарали бошқа замонавий дориларни ишлатиш тавсия этилади. Такуми, Капито, Кораген препаратлари билан ишлов ҳар 10-12 кунда амалга оширилади.
Мафтуна БОҚИЖАНОВА,
Азизбек МАҲМУДОВ,
Наманган вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси
Наманган шаҳар фитосанитар назорат давлат инспекторлари