ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34921
05 December, 2024, 02:50
Сабзи экини ўғитлар етишмаслигига турлича таъсирчан бўлади. Жумладан, азот етишмай қолган тақдирда сабзи пояси ингичкалашади, барглари майда бўлиб қолади. Баргларининг ранги оч ёки тўқ яшил ёки оч яшил тусга киради. Илдизмевалари майда ва ҳосили паст бўлади. Аксинча, азот керагидан ортиқча бўлса сабзининг илдизмеваси сувли, таркибида кўплаб оқсил бўлмаган азот сақлайди.
Бу эса ўз навбатида замбуруғ ва бактериялар учун энг мувофиқ озуқа муҳити бўлиб қолади. Бунинг натижасида қиш давомида сақланаётган илдизмевалар чириб кетади ва кўкариб нобуд бўлади. Азотли ўғитлар керакли нормада берилганда эса у сабзининг илдиз меваси ҳосилига ва унинг сифатига мувофиқ келадиган даражада таъсир кўрсатади. Бунда азотли ўғит одатда, оқсил алмашинувини яхшилайди.
Фосфорли ўғитлар азотли ўғитлардан фарқ қилган ҳолда сабзи ҳосилини оширишга камроқ таъсир этади. Лекин фосфорли ўғитларнинг сабзи ҳосилига ва унинг илдизмеваси сифатига кўрсатадиган таъсири кўп жиҳатдан тупроқ таркибидаги фосфор миқдорига ва ерга солинадиган ўғитларнинг ўзаро нисбатига боғлиқ бўлади. Оптимал нормада берилган фосфорли ўғит сабзи илдизмеваси таркибида қуруқ модда, қанд ва каротин кам миқдорда тўпланишига таъсир кўрсатади.
Маълумотларга қараганда, сабзига гектарига соф модда ҳисобида 100-150 кг азот ва 100 кг фосфор ва 50 кг миқдорда калийли ўғит берилган ҳолда энг юқори ҳосил олиш кузатилган. Тажрибада фақат соф модда ҳисобида гектарига 100 кг дан азотли ва фосфорли ўғитлар берилганда сабзининг илдизмева ҳосили 199,6 центрнерни ташкил қилгани ҳолда бу ўғитларга қўшимча 50 кг нормада калийли ўғитлар ҳам солинганда ҳосилдорлик гектарига 247,1 центнерни ташкил этган. Сабзи илдизмеваси таркибида ҳам сезиларли даражада ўзгариш рўй берган.
Чунончи, фақат азотли ва фосфорли ўғитлар фонида етиштирилган сабзининг илдизмеваси таркибидаги қуруқ модда 9,8%, умумий қанд модда 5,49% ва каротин миқдори 7,8% ни ташкил қилгани ҳолда яна қўшимча калий ўғити ҳам берилганда бу хилдаги моддалар миқдори янада ортган.
Э. УСМОНОВ,
Наманган вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспектори.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти