ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34728
23 November, 2024, 03:15
Судралувчи какра – Acroptilon repens (L) D.C. Asteraceae оиласига мансуб кўп йиллик карантин бегона ўт.
Судралувчи какранинг келиб чиқиш маркази Марказий Осиё ҳисобланса-да, бу карантин ўсимлик Африкадан ташқари барча ҳудудларда кўп учрайди. Судралувчи какра Осиё, Европа, Марказий ва Жанубий Америкада, Австралияда учрайди.
Судралувчи какранинг пояси шохланган бўлиб, ўсимликнинг баландлиги 20 дан 40 см.гача тик ўсади. Илдизи ўқ илдизли, яхши ривожланган. Барглари ўтроқ, яхши ифодаланган, патсимон томирланган, қисқа тук билан қопланган, 5-10 см. Узунликда бўлади. Гуллари икки жинсли, беш аъзоли, қизил рангдаги бошоқсимон тўпгуллар саватчасимон тўпгулларда жойлашиб, новданинг учида ҳосил бўлади. Уруғи тескари тухумсимон, учлари понасимон қисқариб борадиган, яполоқ, силлиқ, соҳта меванинг ичида ҳосил бўлади. Ўсимликнинг гуллаши ва мева ҳосил қилиши май, июнь ойларидан бошланиб, уруғи июль ойларида пишиб етилади.
Судралувчи какра енгил ва оғир лойли тупроқларда яхши ўсади, тупроқ шўрланишига ҳам чидай олади. У қурғоқчилик иқлимда ва ёғин миқдори қариб 200-375 мм.ни ташкил этувчи ярим чўл минтақаларида ҳам ривожлана олади. У юқори рақобатбардош ўсимлик, шу боис фитоценозда у одатда доминантлик қилади.
Судралувчи какра – ҳаддан ташқари кучли зарар келтирувчи бегона ўт. У экинларнинг ҳосилдорлиги ва сифатини, паст тексликларнинг маҳсулдорлигини пасайтиради. Судралувчи какра уруғи билан ифлосланган дон қайта ишланганда у аччиқ таъмли бўлиб қолади. Судралувчи какра ўсимлигида кўплаб алколоидлар тўпланади, шу боис у билан ифлосланган пичан билан боқилган қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида заҳарланишлар юзага келади. Какрали пичан, айниқса, отлар учун хавфлидир. У сигир сутининг таъмини кескин бузади.
Судралувчи какра бутунлай йўқ қилиниши жуда қийин бўлган ва кўпгина мамлакатларда (Россия, Украина, Қозоғистон, АҚШ ва бошқалар) карантин бегона ўтлари рўйхатига киритилган ўсимлик ҳисобланади.
У тупроқдан сув ва ундан эриган минерал моддаларни кучли ўзлаштиради. Судралувчи какра озуқа моддаларни маданий ўсимликларга нисбатан тупроқдан 2-5 марта кўпроқ сўриб олади. Бундан ташқари, у ўзидан бошқа ўсимликларни ўсиши ва ривожланишини тўхтатиб (секинлаштириб) қўювчи модда ҳам ажратиб чиқаради.
Ерларнинг судралувчи какра билан ифлосланишининг олдини олиш чоралари сифатида қишлоқ хўжалиги экинларининг тоза экиш материалларидан фойдаланиш ва далаларга яхши чириган гўнгнигина келтириш катта аҳамиятга эга. Одатда, судралувчи какра уруғлари билан беда, буғдой, арпа, сули ва тариқ каби кенг тарқалган экинлар уруғлари ифлосланган бўлади. Уларни тозалаш тури дон тозаловчи машиналардан (шу жумладан электромагнит) ўтказилади.
Чорва моллари какра беда ўти билан ифлосланган пичан билан боқилганда, унинг уруғи гўнг таркибига ўтади. Чорва хайвонларининг ошқозон-ичак трактидан ўтар экан, бутун уруғлар ўзининг хаётчанлигини йўқотмайди. Фақатгина 3-4 ой мобайнида тўғри кампостлангандагина, яьни уруғ таркибидаги асосий озуқа компонентлари тўлиқ чириб кетганда, судралувчи какра уруғлари ўзининг унувчанлигини бутунлай йўқотади.
Судралувчи какра билан ифлосланган ем-хашакларни тайёрлашга ҳам алоҳида эьтибор қаратиш талаб этилади. Дон чиқиндиларини чорва молларига фақат майдаланган ёки буғлатилган холдагина бериш лозим. Ишлов берилмайдиган ерлардаги судралувчи какра ўчоқларини гуллашга йўл қўймаган ҳолда мунтазам ўриб туриш тавсия этилади, бу эса ўсимлик саватчаларининг эриган қор ва ёмғир сувлари билан тоза майдонларга тарқалиб кетишини олдини олади.
Ҳозирги кунда “Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигида қўллаш учун рухсат этилган пестицидлар ва кимёвий воситалар рўйхати”да судралувчи какра ўсимлигига қарши курашишда фойдаланишга мумкин бўлган гербицидлар сони жуда кам.
Донли экинлар, тариқ, маккажўхори, ем-хашак майдонларида банвел препаратини қўллаш яхши натижа беради. Судралувчи какранинг алоҳида ўчоқларини йўқотишда фумигантлардан (дихлорэтан, дихлоэртаннинг куб қолдиқлари, метиленхлорид ва бошқалар) ва хлорбензой кислотаси бирикмаларидан (2КФ) фойдаланиш ҳам яхши натижа беради. Донли экин майдонларида судралувчи какранинг ер устки аьзоларини нобут қилиш ва уруғнинг ҳосил бўлишига барҳам бериш учун 2,4-Д нинг эфирлари, маккажўхори майдонларида эса симазин ва атразинни қўллаш ҳам мумкин.
Қора шудгор қилинган ерларда судралувчи какрага қарши глифосатларнинг ҳосилаларини (алаз, фозат, космик, раундап, глифоган, глипер, глифос, пермиум, спрут, торнадо 500, граунд, аргумент, ураган ва бошқалар) қўллаш яхши самара беради. Мазкур системали перепаратлар баҳорги даврда бошқа экинлар бўлмаганда яхши ривожланган, фаол ўсаётган судралувчи какра ўсимлигига (ғовлаётган тупларга) қарши, шунингдек кузда (пластик моддаларнинг илдизда фаол тўпланаётган даврда) қўллаш юқори самара беради. Улар судралувчи какранинг ер устки қисмини яхши зарарлайди, аммо илдиз тизимига кучсизроқ таьсир кўрсатади. Тупроққа ишлов беришни ўсимликларга препарат пуркалгандан кейин 2-3 ҳафта ўтгач бошлаш мумкин. Глифосат хосилалари тупроқ билан тезда бирикади, тупроқ микроорганизмлари томонидан парчаланади ва қўлланилгандан сўнг 2 ҳафта ўтгач ишлов берилган майдонга ҳар қандай экинни экиш мумкин.
Судралувчи какрага қарши карантин тадбирлари қаторига уруғлик материалларни қатъий назорат қилиш, алмашлаб экиш қоидаларига амал қилиш, бегона ўт тарқалган далалар иккинчи йил шудгор қилиб қолдирилиши керак.
Ушбу ўсимликка қарши умумлашган кураш чора-тадбирлари билан биргаликда, кенг аҳоли оммаси орасида ҳам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, уларни ҳам судралувчи какрага қарши кураш тадбирларига жалб этиш мақсадга мувофиқдир.
Юқоридаги тадбирларни амалга оширган тақдирдагина судралувчи какрага қарши самарали кураш олиб борилишини таъминлаган бўламиз.
М. Дадабоев,
Э. Усмонов,
Наманган вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Наманган ТИФ назорат маскани инспекторлари.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти