ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34708
21 November, 2024, 07:04
Қиш мавсумида мамлакатимизда кузатилган аномал совуқ бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалигиниям бир мунча синовларга дучор қилди. Экин-тикин ишларида кўп йиллик тажрибага эга Наманган тумани фермер-деҳқонлари қаҳратондан талофатсиз чиқиш учун бор маҳоратларини амалиётда қўллаб, экинларни асраб қолишга бел боғлашди. Айниқса, томорқачи-ю иссиқхоначилар бу борада анчагина ҳушёр бўлишганиям сир эмас. Айни кунларда эса деҳқонлар бозор ва дастурхон тўкинлиги, хонадонлар фаровонлигини асосий мезон билиб, енг шимариб, экин-тикин жараёнига тараддудни бошлаб юборишди.
– Ҳудудимизда асосий ўсиш нуқтаси чорвачилик ва деҳқончиликдан иборат, – дейди Миришкор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насимжон Отахонов. – Маҳалламиздаги 503 та хонадондан 130 тасида 2-5 сотихли иссиқхона бор. Томорқадан унумли фойдаланиб, йилига 2-3 марта ҳосил олинмоқда, даромади 15-20 миллион сўмни ташкил қилади. 2020 йилда 2 та эҳтиёжманд хонадонга ҳашар йўли билан, мевали дарахт кўчатлари ва помидор, бодринг экиб берилди. «Уста-шогирд» анъанасига биноан, тажрибали деҳқонлар бириктирилди. Бугунги кунда ҳар икки хонадон соҳиблари томорқадан мустақил даромад олиш кўникмасига эга ва рўйхатдан чиқарилди. Шу кунларда 3 километр ички кўчани асфальтлаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Хонадонларни табиий газ билан таъминлаш 95 фоизни ва ичимлик сувида эса бу кўрсаткич 100 фоизни ташкил қилади. Бир сўз билан айтганда, номи ҳолатига муносиб Миришкор маҳалласида омилкорлик кайфияти барқарор.
– Жами 5 сотих томорқамизнинг 2 сотихида иссиқхона қурганмиз, – дейди Боғи Бўстон кўчасида яшовчи 74 ёшли меҳнат фахрийси Абдулҳамид ота Мавлонов. – Ҳозирда картошка экишга тайёрланяпмиз, кўкат ва пиёз уруғлари сепамиз, ерни бекор қўймаймиз. Мана, кўриб турганингиздек олвали, гилос, хурмо каби мевали дарахтлар ҳам бор. Даромади рўзғоримизга барака бўляпти. Бултур картошка экишда баъзи жиҳатларга эътибор қаратмаган эканмиз, энди ҳаммасини ўз қоидасига риоя қилиб экмоқчимиз. Июнь ойининг бошларида ер картошкадан бўшагач, помидор экамиз. Рўзғордан ортган маҳсулотларни ўзимиз бозорда сотамиз. Ўттиз бош паррандамиз бор, кунига 10-15 та тухум оламиз. Ўзимиздан ортганини сотиб, товуқларга ем оламиз. Келгусида чорваям ташкил қиламиз. Меҳнат инсонни улуғлайди, соғлому бардам бўлишига ёрдам беради.
Умуман, туманда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган дастурга асосан 2022 йилда жами 843,2 гектарга баҳорги, 1814,8 гектар такрорий ҳамда 1662,3 гектар тўқсонбости усулида (шундан: август-сентябрь ойларида 428 гектар пиёз ва саримсоқпиёз, жами 1234,3 гектар ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида) сабзавот экинлари экилиши таъминланди.
Ҳудудларда 318 та салоҳиятли фермер хўжалиги 5280 нафар (158 гектар) фуқарога ҳамда фермер хўжаликлари ишчиларига бириктирилди ва 123,5 гектар томорқа ер майдонлари экиш учун тайёрлаб берилди, 105,3 гектарга турли хил экинлар экишга кўмаклашилди.
Нўғайқўрғон маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Олимжон Ҳошимовнинг айтишича, ҳудудда томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан режалар белгиланиб, тизимли иш ташкил қилинган. Бу борада Президентимиз томонидан аҳолининг тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани айни муддао бўлмоқда.
– Ўтган йили 10 сотих ерни 10 йил муддатга фойдаланишга беришди, – дейди Нўғайқўрғон маҳалласи Обод кўчасида яшовчи Тоҳиржон Асрақулов. – Астойдил ишга киришиб, помидор, картошка, кўкатлар ва уй-рўзғорга зарур бошқа сабзавотларни экдик. Бозоргаям сотдик, оиламизга даромад бўлди. Икки марта ҳосил олдик, иккинчисига сабзи экдик. Йигирма қопини харидорга бердик. Яхшигина фойда кўрдик. Асосан маҳаллий ўғитдан фойдаландик. Суғориш ишларида фермер билан келишдик, хайриятки, муаммолар бўлмади. Оиламизда тўрт киши деҳқончилик билан бандмиз. Ер етилиши билан картошка экишни бошлаймиз. Ерни ҳайдашга техникани жалб қилишни мўлжаллаяпмиз. Июль ойида картошка ҳосилини йиғиштириб, сабзи экамиз. Ҳаракатда барокат бўлишига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Шуҳратжон Назаров раислик қилаётган Тепа Қиёт маҳалла фуқаролар йиғинида 12 та кўча бор ва 784 та хонадонда 3880 нафар киши истиқомат қилади. 2022 йилда 145 нафар ишсизнинг барчасини бандлиги таъминланган. 94 нафар фуқарога 9,4 гектар ер 10 йил муддатга берилганиям оилалар даромадининг ортишига замин бўлди. Даромад 30 миллион сўмгачани ташкил қилган. Бундан ташқари 52 нафар фуқарога 20 сотихдан, 10,4 гектар ғалладан бўшаган майдонлардан экиш учун ер ажратиб берилди.
Якунланган йилда томорқада 1550 тонна маҳсулот етиштирилиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилди. 100 дан ортиқ хонадондаги иссиқхонада эртаги сабзавотлар етиштириш билан шуғулланади.
Маҳаллада яшовчи Соҳиба Исмоилова, Эътибор Ғоибова, Шаҳобиддин Давлатов, Маъмуржон Нишонов ва бошқа кўплаб хонадон соҳиблари қулупнай, бодринг, помидор, сабзавотлар ҳамда гул, райҳон каби турли кўчатлар етиштириб, 2-3 марта ҳосил олиш эвазига даромадларини 50 миллион сўмгача етказдилар.
«Шамс зиё» томорқа хизмати МЧЖ томонидан томорқа ер эгаларига ва сабзавотчилик йўналишида ташкил этилган деҳқон хўжаликларига иссиқхона учун жиҳозлар, кўчатлар ҳамда бошқа зарурий кимёвий воситалар тарқатилиб, етиштирилган маҳсулотларни, кўчатларни кооперация асосида сотиб олиш йўлга қўйилди.
Маҳалла раиси Ш. Назаровнинг эътироф этишича, яқин кунларда ҳудуд яшилликка бурканади. Томорқачилик ва деҳқончиликда қайноқ мавсум – экин-тикин ишлари жадаллашиш арафасида.
Рустамжон Мамажонов эса хонадонида 23 бош қорамолни парваришлаб, бўрдоқичилик билан шуғулланмоқда. Ҳар 3 ёки 6 ойда тайёр бўлган новвосларни бозорга олиб боради. Чорвада барака бор, дейилганидек, яхшигина даромад олмоқда. Чамаланадиган бўлса, 2022 йил октябрда жамғарилган 100 тонна озуқа-емнинг деярли 50 фоизи қолган ва ёзгача етади.
72 ёшли Шаҳобиддин ота Давлатовнинг наинки хонадонида, балки қўшниларга ибрат бўлишга арзигулик кўчасида ҳам узумчилик ташкил этилган. Токлар сўриларга бир текис таралиб, оқлангани, таги чопиқ қилингани эътиборни тортади – омилкорликка яққол мисол бу. Пишиқчилик пайтида узумларни ўтган-кетганлар, мактаб ўқувчилари узиб ейди.
– Мақсадимиз ҳам ўзи шу – кимдир узумларни тановвул қилса Худо баракасини беради, ҳам савоб, ҳам эҳсону мурувват. Ҳосилдорлигиям яхши бўлади. Ахир инсондан яхшилик қолади-ку, – дейди саховатпеша отахон.
Ҳа, туманда аҳоли бандлиги ва оилалар даромадини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар эътирофга сазовор. Белгиланган чора-тадбирлар доирасида 74,5 кг. уруғлик, 2 минг 500 туп мевали дарахт кўчати, 3 минг 600 та сабзавот кўчати ва 145 бош жўжа тарқатилган.
«Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида томорқада йилига 2-3 марта маҳсулот етиштиришга ихтисослашган маҳаллаларни 35 тага етказиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди. Натижада 22 та маҳалла сабзавотчилик, 3 та маҳалла картошкачилик, 2 та маҳалла мевачилик ва боғдорчилик, 8 та маҳалла резавор мевачиликка ихтисослаштирилди.
Иссиқхоналарни кўпайтириш орқали йилига 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш мақсадида 2022 йилда 670 та хонадонда (459 та хонадонда намунавий ҳамда 211 та хонадонда маҳаллий хомашёдан) жами 8,7 гектар майдонга ихчам иссиқхоналар ташкил этилди.
Томорқачиликни ривожлантириш бўйича яратиб берилаётган имкониятлар ва шароитлар асосида ўзини ўзи банд қилиш орқали 3129 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, кенгаш томонидан «Намунали томорқачи» ва «Меҳнаткаш деҳқон» кўкрак нишони билан тақдирланган, деҳқончилик ва томорқачиликда яхши даромад топаётган уста деҳқонлар иштирокида 53 та маҳаллада эртаги, такрорий ва тўқсонбости усулида сабзавот экинлари ва мевали дарахт кўчатлари экиш борасида 132 та маҳорат дарслари ташкил этилди ҳамда амалий семинар ва тақдимотлар орқали кенг тушунтириш ишлари олиб борилган.
2023 йилга истиқболли режалар белгиланиб, 869 гектар томорқага эртаги, 1825 гектар такрорий экинлар ҳамда жами 1974 гектарга тўқсонбости усулида сабзавот (556 гектар август-сентябрь пиёзи ва саримсоқпиёзи ҳамда 1418 гектар ноябрь-декабрь ойларида сабзавот экинлари) экинларини экиш бўйича маҳаллалар кесимида ҳудудий дастурлар тасдиқланди.
«Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида муайян турдаги маҳсулотларни етиштиришга ихтисослаштирилган маҳаллалар сони 43 тага еткизилади. 739 та хонадонда ихчам иссиқхоналар ташкил этилади.
318 та салоҳиятли фермер хўжалиги ўзининг ҳудудида яшовчи 5280 нафар (158 гектар) фуқарога ҳамда фермер хўжаликлари ишчиларига бириктирилиб, 2023 йил давомида фуқароларнинг томорқа ер майдонларини экишга тайёрлаш ҳамда турли хил экинлар экишга кўмаклашади.
Йил давомида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва улар бандлигини таъминлаш бўйича зарурий чоралар кўриб борилади.
«Намунали томорқачи» ва «Меҳнаткаш деҳқон» кўкрак нишони билан тақдирланган, деҳқончилик ва томорқачиликда яхши даромад топаётган уста деҳқонлар иштирокида 53 та маҳаллада томорқадан самарали фойдаланиш бўйича 240 та маҳорат дарси ташкил этилади.
Муҳиддин МАҒЗУМОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти