ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34710
21 November, 2024, 11:33
Тупроқ ризқ-рўзимиз, хазинамиздир. Умуман тупроқ деганда ернинг устки унумдор қатлами тушунилади. Ер инсоният ва ҳайвонот дунёсининг ҳаёт кечириши учун асосий манба ҳисобланади. Ерсиз на инсониятни, на ҳайвонот оламини, на ўсимликлар дунёсини тасаввур қилиш мумкин.
Она жинс ҳамда ўсимликлар ўртасида тинимсиз модда алмашинуви тупроқ пайдо бўлишининг энг муҳим асосидир. Тупроқда асосий озуқа элементлари (С,N,Р,К), микроэлементлар (В,Мg,Mn) ва бошқалар мавжуд бўлиб, улар ҳар қандай ўсимлик ўзлаштира олиш даражасига етгандагина яхши ўсади ва ривожланади.
Чиринди ҳолдаги органик моддалар тупроқ унумдорлигининг ажралмас қисмидир. Чириндининг тўхтовсиз вужудга келиши ва унинг парчаланиши жараёнида ўсимлик ўзига зарур бўлган моддалар – углерод ва бошқа озуқа элементларини олади. Чиринди тўпланиши билан тупроқ унумдорлиги ортади, чунки унинг таркибида ўсимлик учун 98 фоизгача азот манбаи, 90 фоизгача олтингугурт, фосфорнинг маълум миқдори ва бошқа озуқа элементлари мавжуд. Чиринди тупроқ зарраларини жипслаштиради, тўйинтиради ва зарралар шаклида ёпиштириб тупроқ донадорлигини вужудга келтиради. Натижада бир вақтнинг ўзида тупроққа ҳаво ва сув кириши учун шароит яратилади ва тупроқ унумдорлиги ортади.
Демак, тупроқ ва унинг унумдорлиги бир-биридан ажралмас хусусиятга эга. Унумдорлик тупроқнинг мураккаб ва кўп қиррали хусусияти бўлиб, у озуқа моддалари, шунингдек, сув билан ўзаро боғлиқ, бир-бирини тақозо этадиган физикавий, кимёвий ва биологик жараёнларга боғлиқ.
Азизбек ИКРОМОВ,
Наманган вилояти ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси инспектори
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти