Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 05:31

Қишлоқ хўжалиги

Турп экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

  • 28.Июня.2024
  • 385

Турп – инсон саломатлиги учун фойдали бўлган сабзавотлардан бири. Унинг илдизмеваси минерал моддаларга бой. Турп ўзининг таркибига кўра қиш фасли тугаб, баҳор бошланишида, халқимиз “илик узилди” деб атайдиган кунларда, организмда етишмаётган витаминлар ва минерал тузлар ўрнини тўлдиришда жуда фойдалидир. У микробларга қарши курашувчан кучли хусусиятларга эга.

Юртимизда экиш учун турпнинг Андижон-9, Марғилон маҳаллийси, Дайкон ёки Япон турпи, Содиқ ва Куз ҳадяси навлари тавсия этилади. Экиладиган турп уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун, зарарланмаган бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Турпни экишдан олдин майдон ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотих ерга 200 кг чириган гўнг солинади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Турп асосан ёзда экилади. Турп уруғи марказий минтақада жойлашган ҳудудларда 1-15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль-10 август, жанубий вилоятларда 20 август-20 сентябрда сочма ҳамда қатор қилиб экиш мумкин. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотих ерга 50–60 грамм турп уруғи сарф бўлади ва 1,5 см чуқурликда экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланади.

Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2–3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади. Қатор ораларини ўсимлик атрофи билан қўл кучи ёрдамида кетмон билан 15–16 см чуқурликда юмшатиб туриш, минерал озуқа ва сув бериб бориш керак.

Вегетация мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари юмшатилиб борилади. Турп майдони бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотих ерга тук ҳолда сульфат аммоний – 2 кг, аммофос – 1,5 кг, калий хлор – 0,5 кг/га меъёрда солинади.

Турпга зараркунандалардан – узунбурун, шира, барг бургалари, касалликлардан – ун-шудринг ва оқ чириш катта зарар етказади. Зараркунандаларига қарши 10 сотих экин майдонига Моспилан 20% н.кук. 25–30 г меъёрда қўлланилади.

Касалликларга қарши – 72,2% с.э.к. Превикур 150 мл, Курзат Р н.кук. 200–250 г ёки 1 фоизли Бордо суюқлигининг 60–70 л сувда тайёрланган аралашмасини пуркаш яхши самара беради. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш тавсия этилади.

Турп экини совуққа чидамли бўлса-да, илдизмеваси тупроқ музлаб қолмасдан олдин йиғиб олиниши керак. Ўртача 10–15 см катталикдаги турп мевасининг сифати юқори бўлади. Бироқ, ҳосил илдизмевалар диаметри 5–10 см бўлганда ҳам йиғиб олиниши мумкин.

М. АБДУМУТАЛОВ,

Наманган вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспектори.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь