ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 37841
01 June, 2025, 08:43
Кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида кузатилаётган катта ўзгаришлар, хусусий сектордаги ривожланиш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш борасидаги изланишлар орасида учқўрғонлик деҳқонларнинг қулупнайчиликка ихтисослашган тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ.
Туман деҳқонлари дунёдаги энг сара қулупнай навларини ўз ерларига мослаштиришга муваффақ бўлмоқдалар. Америка, Европа ва Осиё давлатларидан олиб келинган экспортбоп навлар маҳаллийлаштирилган ҳолда етиштириляпти ҳам. Бу эса янги технология, инновацион парвариш усуллари ва бозор талабларига мослашув маданияти билан боғлиқ. Навлар танлови энди фақат маҳсулдорлик эмас, балки бозор эстетикаси, экспорт стандартлар, иқлим ва ер хусусиятлари ҳақидаги билимларни ҳам талаб қилади.
Бугунга келиб Учқўрғон қулупнайлари нафақат юртимиз бозорлари, балки қўшни Қирғиз Республикаси орқали Қозоғистон, Россия ва Хитой бозорларини ҳам забт этмоқда. Бу эса экспортгина эмас, минтақавий иқтисодий алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро миқёсдаги ўрнини белгиламоқда.
Адҳамжон Тўхтамуродов ҳам дўстлари билан бирга олтмиш сотих ерда экспортбоп навлар етиштириб, жорий мавсумда ҳар куни 500-900 кг.дан қулупнай йиғиштириб олди ва 150 миллион сўмга яқин даромад қилди. Яна бир эътиборли томони, сархил меваларни харидорлар ўзлари келиб, уйидан олиб кетишди.
Адҳамжон Тўхтамуродов 8-10 нафар маҳалладошини теримга жалб этгани ҳолда деҳқончиликнинг ижтимоий таъсирини ҳам намоён қила билди. Қишлоқда меҳнат бозори, тадбиркорлик ва оилавий иқтисоднинг қайта тикланишига хизмат қилди.
Қозоқовул маҳалласилик Нилуфар Рустамова ҳам 20 сотих ерда қулупнай етиштириб, 50 миллион сўмдан ортиқроқ даромад олди. Унинг меҳнати ва ибратли фаолияти маҳаллада бошқа аёллар учун илҳом манбаига айланган. «Ишни бошлаш учун шунчаки ишонч ва қатъият керак», – деган сўзлари эса ёшлар учун ҳаёт дарсидай янграмоқда.
Тумандаги «Комилжон ўғли Ботиржон» фермер хўжалиги аъзолари эса қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий инновациялар жорий этиб, юқори ва сифатли ҳосил олиш учун доимий изланишдалар. Мазкур хўжаликда ўттиз нафар фуқаро бандлиги таъминланган. Ҳозиргача тўққиз турдаги хорижий экспортбоп, серҳосил навлар маҳаллийлаштирилиб, илғор гидропоника усулида етиштирилмоқда. Бу эса йил давомида ҳосил олиш имконини беряпти.
Бундай инновацион ёндашув нафақат туманда қулупнай етиштириш салоҳиятини ошириш, балки экспорт ҳажмини кенгайтириш учун ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Қайқи нафақат вилоятимизда, балки водийда ҳам қулупнай етиштириш бўйича етакчи ҳудуд сифатида танилган. Қишлоқ аҳолисининг тўқсон фоизи шу мевани етиштириш билан банд. Қайқиликлар асосан «Осиё», «Клер», «Мурано», «Габриела», «Сенсация» каби навларини парваришлашади ва Фатҳиддин Асқаров сингари тажрибали фермерлар мавсум давомида беш тоннагача бўлган маҳсулотни бозорга етказишмоқда.
Қайқидаги бозор ҳар куни гавжум. Харидорлар орасида республикамиздан ташқари қўшни давлатлардан келганларни ҳам учратиш мумкин. Буни қулупнайга мўлжалланган идишлар мазкур бозорда энг талабгир маҳсулотлардан бирига айланганидан ҳам сезиш қийин эмас.
Туманда амалга оширилаётган яна бир йирик лойиҳа — 15 гектарлик гидропоника усулида етиштириладиган қулупнайчилик хўжалиги ва «Экобозор» марказидир. Бу ерда экологик тоза, экспортбоп, сифатли маҳсулотлар савдоси ташкил этиляпти.
Хулоса қилиб айтиш жоизки, қулупнай энди Учқўрғонда нафақат оддий мева, балки бандлик, инновация ва маҳаллий ифтихор тимсолига айланмоқда, бозорлардаги «Учқўрғоннинг қулупнайи!», деган хитоб сифат кафолати тариқасида янграмоқда. Буларнинг барчаси маҳаллий деҳқонларнинг ҳар қарич ердан оқилона фойдаланиб, катта натижаларга эришаётганларидан, қулупнай етиштириш орқали туман иқтисоди, оилавий бюджет, маҳаллий тадбиркорлик ва экспорт салоҳиятини юксалтиришаётганидандир.
Зеро, Учқўрғон тажрибаси бу – фақат аграр муваффақият эмас, кучли билим ва миллий ғурур ифодасидир.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,
«Наманган ҳақиқати»нинг жамоатчи мухбири,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти