ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34739
23 November, 2024, 09:15
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган маълумотларга асосан, 2020 йилнинг 30 май – 7 июнь кунлари Наманган вилоятининг Поп туманида тахминан 14-16 ёшли боланинг пахта даласида бўлиш ҳолати юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси билан текширув ишларини бошлади ва ушбу масала бўйича фаоллар билан мулоқотда бўлди.
Текширув натижаларига кўра, Наманган вилоятида мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмади, мактабларда карантин вақтида болаларнинг вақтини самарали ўтказиш ва уйда таълим олиш, эҳтиётлик чоралари ва соғлиқни сақлаш бўйича тавсиявий тушунтириш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, Поп тумани фермерлари даладаги ишларга бевосита фермерлик хўжаликларининг аъзолари жалб қилинаётганлигини тасдиқлашди, шу билан бирга ишлар барча зарур шарт-шароит ва қоидаларга амал қилган ҳолда олиб борилаётгани, кунлик меҳнат учун тўлов ўз вақтида амалга оширилаётгани қаттиқ назорат қилинмоқда.
Мурожаатдаги масалаларни таҳлил қилиш учун Поп тумани Чодак қишлоғи “Майдон” МФЙ раиси М.Маллаева, Фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича раис ўринбосари М.Ғозихонова, “Истиқлол” МФЙ раиси И.Сирожиддинов, “Ўрта Хонобод” МФЙ раиси ўринбосари К.Турғунов, “Юқори Хонобод” Фуқаролар йиғинининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалари бўйича мутахассис М.Насриева, “Боён” МФЙ раиси А.Хамидов, “Шайхон” МФЙ раиси Э.Мадисмонов, фуқаролар Д.Маҳкамов, Б.Асатиллаева, Ш.Махкамовалар, У.Турдиев ва Б.Дўстматовлар билан суҳбатлашилганда улар ўз ҳудудларида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаётганлигини билдиришган.
Боланинг далада пайдо бўлиш ҳолати тафсилотларини ўрганиш натижасида бола “Жавлонбек-Жанона-Жўрабек”, “Абдурауф Поп Чодак», “Шоҳзамон Пунгон”, “Саидислом Хожиакбар келажак”, “Поп Ғолиб Камол”, “Ғайрат Чодак Поп” фермерлик хўжаликларининг ёлланма ишчилари ҳисобланган ота-онаси ортидан эргашганлиги аниқланди. У далага ўз ихтиёри билан келган, ҳозирги карантин чекловлари даврида ўқишнинг йўқлиги ва болани банд қилишнинг бошқа чоралари мавжуд бўлмаганлиги сабабли ота-онаси уни ўзлари билан олиб кетишга рози бўлганлар. Болани меҳнатга мажбурий жалб қилиш ҳолати бўлмаган.
Эслатма: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан (2009 йил 29 июнь куни 1990-сон билан рўйхатдан ўтган “Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхати”ни тасдиқлаш тўғрисидаги қўшма қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги соҳасида пахтани қўлда суғоришда ва пахтани қўлда теришда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланган бўлса-да, уларнинг пахта чопиғи ишларида қатнашиши тақиқланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги уч тарафлама шериклар билан биргаликда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўрганмоқдалар, болалар меҳнатига йўл қўйилишини фавқулодда ҳолат деб қараб, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича ислоҳотларнинг жорий этилишини мустаҳкамламоқдалар.
Давлат органлари ва жамоат фаоллари бир натижа – бутун мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнатни тўлиқ тугатиш учун курашмоқдалар. Давлат инспекцияси томонидан ўтказилаётган мониторинг далаларда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларининг йўқлигини, маъмурий ва жиноий жавобгарликни қўшиб ҳисоблаганда ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасини тасдиқлайди.
Шу билан бирга, барча ҳудудий Давлат меҳнат инспекциялари томонидан мавсумий ишчиларни қишлоқ хўжалик ишларига жалб этишда, шу жумладан меҳнат шартномаларини расмийлаштириш, иш ҳақини ўз вақтида тўлаш, зарур шароитларни яратиш кабиларда барча фермер хўжаликлари ва кластерларда семинарлар ўтказиш йўли билан тушунтириш ҳамда мониторинг ишларини олиб бориш бўйича қўшимча ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, яқин кунларда ижтимоий тармоқларга мурожаатларнинг ошганлигини ҳисобга олиб, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик ва бу турдаги қонун бузилиши учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилганлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича назорат кучайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли тақиқланган бўлиб, унга йўл қўйилмайди. Шуни инобатга олиб, қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар асосида маъмурий жавобгарлик чоралари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача кўпайтирилиб (11 млн – 22 млн сўмгача), 2020 йилдан бошлаб озодликдан маҳрум қилиш жазосини ҳам кўзда тутувчи жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган, фаолларнинг инсон ҳуқуқларининг ва карантин талабларининг бузилиши эҳтимоли юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари ўтказилмоқда.
Манба: mehnat.uz
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти