Қисқа сатрларда

Наманганда мактаб ўқувчиси отасига автомашина совға  қилди

Янги боғлар ва ҳосилдор навлар яратилмоқда

Маданият ва санъат ходимларига эҳтиром кўрсатилди

«Қорамурт»даги лой кўчалар тарихга айланди

Замонавий автобуслар – эл хизматида

26 April, 2025, 06:52

Қишлоқ хўжалиги

Янги боғлар ва ҳосилдор навлар яратилмоқда

  • 11.Апреля.2025
  • 200

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрда эълон қилинган «Республикада агросаноат соҳасига янги бозор механизмларини жорий этиш ҳамда саноатлашган боғ ва токзорларни барпо қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида мамлакатимизда 2024-2025 йилларда 43,2 минг гектар саноатлашган интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо қилиш белгилаб берилган. Бунинг ижросини таъминлаш мақсадида катта ҳажмдаги ишлар бошлаб юборилди.

Агросаноатни ривожлантириш агентлиги қир-адирлик, иқтисодий самарасиз ҳамда эскирган боғлар ўрнида замонавийсини шакллантириш юқори самарадор лойиҳаларни ишлаб чиқиб, республиканинг бир қатор вилоятларида амалга оширмоқда. Масалан, вилоятнинг тоғолди ҳудудларида 202 та субъект томонидан 3,4 минг гектар майдонда ана шундай экинзор ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур агентлик томонидан Поп туманидаги Садоқат массивига пресс-тур уюштирилди.

– Асосий мақсад аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш, интенсив усулда боғ ва токзорлар барпо қилиш, иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришдан иборат, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директори Нурали Абдуллаев. – Қолаверса, маҳсулотни қайта ишлаш, экспорт салоҳияти оширилиши баробарида аҳоли бандлиги ҳам таъминланади. Шунингдек, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиниши юқори ҳосилдорликка замин бўлади.

Муайян техник шартлар асосида ва масалага илмий ёндашган, навларни иқлимга мосини танлаган ҳолда ерлар фермер, деҳқонларга ауционсиз берилади. Бу борада узоқ йиллик тажрибага эга халқаро экспертлар агротехника тадбирларини амалга ошириш ва ўсимликларни парваришлаш каби бошқа масалаларда ҳам зарур йўл-йўриқ ҳамда амалий ёрдамга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлашимиз ўринлидир.

Бир сўз билан айтганда, янги боғларга фақат кўчатчиликка ихтисослашган хўжаликлар етиштирган ва мувофиқлик сертификатига эга бўлган кўчатлар экилади. Ушбу хўжалик кўчатларнинг экилиши ва агротехника тадбирларини мониторинг қилади. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларида белгиланган шартларда ва муддатларда янги боғлар ҳамда иссиқхоналарни ташкил этиш учун талабгорга ер участкаси боғ ва токзорлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан бирга 30 йил муддатгача ижарага берилади.

Шунингдек, ер участкаси ижарага олингандан бошлаб лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларида белгиланган суғориш тизимларини жорий этиш ва ер майдонларини экишга тайёрлаш, кўчат экиш ишлари кўпи билан 14 ой муддатда тўлиқ бажарилмаганда, ер участкасининг ижара шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинади. Ва рейтинг бўйича 30 балл кўрсаткичга эришган боғбонларга имтиёзлар берилади.

– Аввало, шуни алоҳида эътироф этишимиз керакки, 2020 йилда деярли чўлга монанд 1800 гектар майдонда шафтоли, гилос, наъматак ва олма қаторида ўрикнинг уч хил навини экканмиз, – дейди «Нуран агро кластер» МЧЖ раҳбари Анвар Қодиров. – Барчаси эртапишар ва ҳосилдор ҳисобланади. Ҳар бир тупидан ўртача 50 килогача мева олишимиз мумкин. Ўтган йили чамалаганимиздан ҳам кўпроқ натижага эришдик ва маҳсулотнинг 95 фоизини Россия Федерацияси, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб амирликлари ва Жанубий Корея каби яна бошқа мамлакатларга экспорт қилдик.

Пресс-тур давомида журналист ва блогерларнинг саволларига тегишли мутахассислар батафсил жавоб қайтаришди.

 Муҳиддин МАҒЗУМОВ.

 Ҳамдамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь