ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34730
23 November, 2024, 06:46
Бу йил чустликлар учун баракали келди. Барча соҳада бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам талай муваффақиятларга эришилди. Дастлаб давлатга 30 минг тонна – «ғалла» етказиб берилди. Пахта ва ғаллачилик йўналишида фаолият олиб бораётган 324 та фермер хўжалиги туман иқтисодиёти ривожига муносиб улуш қўшмоқда.
4004 гектар майдонда пахта етиштирган омилкорлар ҳам куни кеча шартнома режасини 10253 тонна қилиб, ошириб уддаладилар.
Эришилган муваффақиятда «Наби Собир», «Бекнур», «Нор», «Давронбек Ғайбулло», «Нурафшон», «Ахча», «Олмос», «Чустий» ва «Норхўжаев» каби ўнлаб фермер хўжаликларининг аҳди қатъий, шижоати баланд пахтакорларининг ҳиссаси катта бўлди. Маҳаллалардан кўнгилли бўлиб пахта йиғимига ҳашарга чиққан теримчиларга муносиб шароитлар яратилиб, терим пуллари вақтида берилди. Илғорларга ва отряд раҳбарларига турли маиший техника жиҳозлари, уй - рўзғор буюмлари совға қилинди. Кўрсатилган бундай эътибор ва рағбат теримчилар ғайратини янада оширди.
Жумладан, «Наби Собир» фермер хўжалиги пахтачиликда тумандаги 40 центнерчи фермер хўжаликлари қаторида туради. «Нурафшон» ММТП ҳудудидаги 95,6 гектар ерда деҳқончилик қилган хўжалик аъзолари бир неча йиллардан бери асосий тармоқ ҳисобланган пахта ва ғаллачиликда залворли ютуқларга эришиб келмоқда. Жорий йилда 57 гектар ерга буғдой уруғини қадаган деҳқонлар агротехник тадбирларни вақтида ўтказиб, уни меҳр билан парваришлашди. Натижа кутилгандан зиёда бўлди. Режани муддатидан олдин бажаришга одатланган аҳил жамоа анъанага содиқ қолган ҳолда 240 тоннадан ошириб ғалла топширишди. Шартнома режасидан ортган қисми хўжалик ишчиларига, Ғайрат қишлоғидаги кам таъминланган оилаларга тарқатилди. Қўшимча тармоқ сифатида ташкил қилинган чорвачилик, паррандачилик, балиқчиликдан олинган даромадларидан хўжалик аъзолари ҳам моддий манфаатдор.
35 гектар ерда парвариш қилинган ғўза ниҳоллари баравж ўсиб, хўжалик аъзоларининг юзини ёруғ қилди. Гектаридан 37 центнердан ҳосил йиғиб олган деҳқонлар дастлабки теримдаёқ сўзларининг устидан чиқишди. Туманда биринчилардан бўлиб 127 тонна 1-навли пахта топширишди.
- Далаларимизда ҳали пахта бор, - дейди туман ҳокими Баҳодир Охунов. – Ҳосилимизни чамаласак, яна 1200-1300 тонна «оқ олтин» йиғиб олишимиз мумкин.
Шоҳида ДАМИНОВА.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти