ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34708
21 November, 2024, 08:31
Кейинги йилларда мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам пилла етиштиришда салмоқли натижаларга эришилди. Тармоққа алоҳида эътибор қаратилиб, Президентимиз томонидан имзоланган бир қатор қарорлар ижроси доирасида юқори сифатли ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш рағбатлантирилиб, ипакчилик тармоғи корхоналарининг барқарор фаолият юритиши ҳамда уларнинг комплекс ривожланиши таъминланмоқда.
Пиллачилик мавсумига тайёргарлик ишлари ва эришилган салмоқли натижалар ҳақида «Наманган ҳудудий Агропилла» МЧЖ раҳбари ўринбосари Акобир Бекмирзаев қуйидагиларни баён қилди:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 январдаги «Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, 2023 йил вилоятимизда жами 37174 қути ипак қурти парваришланиб, 32530 нафар қурт боқувчи (звено)га ўртача 20 грамм (1,1 қути)дан тарқатилди. Бошқача айтганда, Мингбулоқ, Поп туманида 176 тонна, Косонсой туманида 180 тонна, Наманган, Норин, Чуст, Учқўрғон, Янгиқўрғон, Чортоқ, Уйчи туманларида 204 тонна, Тўрақўрғон туманида 198 тоннадан ипак хомашёси тайёрлаш кўзда тутилганди. Ушбу кўрсаткичларни таъминлаш ва пиллачилик мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш учун 2582 та фермер хўжалиги ҳамда 6032 нафар касаначи ўртасида шартнома тузилди. Яхши ниятлар ила бошланган амалий саъй-ҳаракатлар июнь ойида ўз самарасини кўрсатди. Ҳар қутисидан ўртача 58,1 килограммдан жами 2161,4 тонна ҳосил тарозига тушди. Баҳорги (1-2-мавсумдаги) пилла етиштириш бўйича белгиланган режа 100,3 фоизга бажарилди.
«Тут баргидир емиши, гулдан тоза турмуши» деб таърифланган ипак қурти учун озуқа базасини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш мақсадида 9,5 миллион туп тут кўчати экиш белгиланиб, режа 100,8 фоизга бажарилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги «Пиллачилик соҳасида касаначиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда пилла етиштириш учун озуқа базасини янада кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан 5000 гектар майдонда янги тутзорлар ташкил этиш учун ер майдонларни ажратиш ҳамда пиллачилик кластерлари сонини кўпайтириш белгиланиб, туманларда тутзорлар хатловдан ўтказилди.
Норин, Тўрақўрғон, Поп ва Наманган, Мингбулоқ, Учқўрғон ҳамда Косонсосй туманлари пиллакорлари хирмонга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.
Тўрақўрғон туманидаги «Фозилбек Абдулҳодиев», «Шоҳсултон диёри», «Шаҳанд барака замин», «Ҳамрақулов Баҳриддин», Нориндаги «Ҳамзахўжа ота ўғли Мадаминхўжа», «Арслоновлар» фермер хўжаликлари шартномавий режани 115-120 фоизга ошириб, уддаладилар. Энг қувонарлиси илғор пиллакорларимиз ҳар қути ипак қурти ҳисобига режадаги 58,0 кг. ўрнига 75-80 килограммгача ҳосил етиштиришга эришдилар. Аниқроқ қилиб айтганда, Норин туманидан Ҳасанбой Мамадалиев, Ширмоной Боборасулова - 220 кг., Тўрақўрғон туманидан Дилдора Қўчқарова - 165 кг., Бахтиёр Ҳайитов - 134 кг., Матлуба Маҳмудова - 126 кг., Манзура Рашидова - 124 кг., Уйчи туманидан Ирода Тўрабоева - 114 кг., Содиқжон Раҳмонов - 91 кг., Илҳом Ахунов - 76 кг. ва яна Янгиқўрғон туманидан Майрамой Турғунова - 137 кг., Мунисхон Чўлпонова - 130 кг., Замира Йўлдошева - 110 кг., Барнохон Мамадалиева - 98 кг., Ҳалима Тўрабоева - 91 кг., Наманган туманидан Феруза Отабоева - 261 кг., Шерали Деҳқонов - 95 кг., Чуст туманидан Асради Эгамова ва Шоира Ғаниевалар - 65 кг.дан ҳосил етиштиришди.
Таққослайдиган бўлсак, йиллар мобайнида пиллачилик анчагина оқсаб қолганди. Кейинги беш йил тикланиш ва ривожланиш даври бўлмоқда. Президентимизнинг тармоқни ислоҳ қилишга доир фармон ва қарорлари ижроси таъминланиб, ўз самарасини бермоқда. Соҳада эришилган юқори натижалар замирида асосан моддий манфаатдорликнинг ортгани мужассам, десак ўринли бўлади. Аввало, пиллачиларга қатор имтиёз ва қулайликлар ҳамда бисёр рағбатлар берилди. Меҳнат маҳсулига тарозини устида ҳисоб-китоб ва тўлов қилингани, мавсумдаги иш вақтини стажга қўшилгани ҳамда субсидия берилгани албатта, пиллакорларнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат, шижоатига-шижоат қўшди. 2017 йилда вилоятимизда хомашёни қайта ишловчи иккита корхона бор эди, холос. Бугунги кунда еттита пилачилик клас-тер корхонаси ташкил этилди. Мазкур ишлаб чиқариш объектлари талабини тўла қондирувчи пилла хомашёси етказиб берилаётгани таҳсинга сазовор. Мос равишда ушбу цехларда ишлаб чиқарилган маҳсулотни четга экспорт қилиш ҳажми ўтган беш йил мобайнида 5 миллиондан 8 миллион долларга етди. Бу эса табиийки, ҳам ижтимоий – аҳоли бандлиги, ҳам иқтисодий юксалиш ва албатта, валюта тушуми кўрсаткичларининг ортиши беқиёс аҳамиятга эга. Вилоятимизнинг инвес-тициявий жозибадорлиги тобора оортиб бормоқда.
Сингапурнинг Наманган шаҳридаги «Verigrоw ipagi» хорижий корхонасининг омбори ҳам хомашёга тўлди. Ва цехларда қайта ишлаш жараёнлари давом эттирилмоқда. Корхонада янги мавсумда 2023 йилдан бошлаб, 600 нафар киши астойдил меҳнат қилмоқда. Заруриятдан келиб чиқиб, икки сменада ишланади. Умуман, туманлар бўйича пилла етиштиришда мавсумий ишчи-ходимлар 10000 нафарни ташкил қилади. Мингбулоқ, Косонсой, Чуст ва Уйчи туманларида корхонага қарашли пиллачилик кластерлари ташкил қилинган.
Таъкидлаб ўтилганидек, пиллачиликда баҳорги 2-мавсум якунланди. Бу борада хориж тажрибасидан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, масалан, Вьетнамда ўн мавсумгача ҳосил етиштирилиши маълум. Энди иқлим шароити ва озуқа масаласи бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда биздаям қурт боқиш мавсумларини кўпайтириш мумкин бўлади. Ҳозирча эса 4 мавсум жорий қилинган. Хуллас, ипак – Наманганнинг брендларидан бирига айланиши шубҳасиз.
Муҳиддин МАҒЗУМОВ ёзиб олди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти