ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34731
23 November, 2024, 07:02
Кампирчопон, кўкмараз ва эшакмия жуда хавфли бўлгани учун заҳарли ўтлар тоифасига киритилган. Шу сабабли бу ўтларни деҳқон, фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларидан йўқотиш мажбурий ҳисобланади.
Кампирчопон, кўкмараз ва эшакмия уруғи бўлган донни сотиш, қайта ишлаш ёки четга олиб чиқиш қатьий таъқиқланган. Заҳарли ўтлар тарқалган хўжаликлардаги донни фақатгина ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг рухсати (фитосертификати) билангина олиб чиқиш мумкин.
Заҳарли ўтларга қарши курашиш чораларини кўриш масъулияти деҳқон, фермер хўжаликлари ҳамда вилоят, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси раҳбарлари, ўсимликларни ҳимоя қилиш хизмати ходимлари, ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, шунингдек санитария эпедемиологик хизмати ходимларига юклатилган. Карантин қоидалари бузилганда зудлик билан маҳаллий карантин испектори ҳамда туман, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасига хабар берилиши керак.
Кампирчопон, кўкмараз ва эшакмияга қарши курашиш учун лалмикор деҳқончилик маданиятини кескин тараққий эттириш керак. Ҳар бир вилоятда шудгор-чопиқ қилинадиган экинлар ва ўт далалари(ўтлардан муттасил мўл ҳосил олинадиган ерлар)да алмашлаб экиш, лалми донли экинлар меъёрини 15-20 фоизга ошириб экиш йўллари орқали йўқ қилиш лозим.
Илдиз бачкилайдиган ўтлар ва кампирчопонга қарши курашиш учун қуйидаги схемада ишланган қуруқ шудгор усулини қўллаш керак. Ҳосил йиғиб олиниши биланоқ ер икки ярусли плуг билан 10-12 сантиметр чуқурликда юмшатилади. Куз ва баҳор пайти ўтлар ўсиб чиққанда, тупбарг ҳосил бўлгунча шудгор 8-12 сантиметр чуқурликда бир неча марта юмшатилади. Июлда шудгор 30 сантиметр чуқурликда ҳайдалади, лекин бороналанмайди. Ўтларнинг ўсиб чиқишига қараб шудгор икки ярусли плуг билан 10-12 сантиметр чуқурликда иккинчи марта ҳайдалади ва яна юза юмшатилади.
Шу усулда ишланган шудгорларга энг қулай ва эрта муддатларда фақат баҳорги буғдой экиш керак. Заҳарли ўтлар билан ифлосланган ерлардаги донли экинлар ва заҳарли ўтларни даладан чиқармай (ўтамай) туриб комбайн билан ўриш қатъий тақиқланган. Ҳосилни ўз вақтида ўриб олиш донни заҳарли ўтлар, айниқса кўкмараз уруғлари билан аралашишдан сақлайди. Алмашлаб экишда чопиқ қилинадиган далаларга уруғини олиш ёки силос қилиш мақсадида махсар ва кунгабоқар ўсимлиги экиш керак. Бу далалар ўсув даврида бир неча марта культивация қилинади. Алмашлаб экишда чопик қилинадиган экин, кузги экиндан олдин ва баҳорги экиндан кейин экилиши керак. Кунжут ва полиз экинларини захарли ўтлар, айниқса кўп йиллик заҳарли ўтлар бўлмаган ерларга экиш зарур.
Кампирчопон (Trichodesma incanum (Bunge) ADC.)
Кўкмараз (Heliotropium lasiocarpum)
Эшакмия (Sophora pachycarpa)
М. Дадабоев,
М. Абдумуталов,
Наманган вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Наманган ТИФ инспекторлари
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти