ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34728
23 November, 2024, 03:40
Ўсимликларни касалликлар ва зараркунандалардан ҳимоя қилмай туриб, улардан сифатли ва юқори ҳосил олиб бўлмайди. Аждодларимиз ўсимлик зараркунандаларига қарши кузатувлари ва йиллар давомида орттирган тажриба ҳамда имкониятдан келиб чиқиб, маҳаллий хомашёдан кенг фойдаланганлар.
Масалан, дарахтнинг пастки қисмини оҳак эритмаси билан оқлаш азалдан мавжуд. Сабаби, дарахт пўстлоғи остидаги зараркунандаларнинг тухуми оҳак таркибидаги ишқор таъсирида нобуд бўлади. Эрта баҳорда қилинган бу усул яхши самара беради, дарахт мевасининг сифати ва ҳосилдорлигининг ошишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда атрофга ўзгача чирой бағишлайди.
Юртимизнинг кўп ҳудудлари, айниқса, қишлоқ жойларда боғдорчилик билан шуғулланадиган кекса, тажрибали деҳқонлар томорқаларидаги экин, дарахт баргига ширача тушганда эрталабки шабнамда оддий кул сепишади. Кул таркибидаги ўювчи модда таъсирида шира битлари ўз фаоллигини йўқотади, яъни ўлади.
Қишлоқ хўжалигида бегона ўт ва зараркунандаларга қарши курашишда кўп ҳолатда таркибида кимёвий заҳарли модда бўлган турли пестицидлардан фойдаланилади. Пестицидлар, юқорида айтилганидек, биринчидан, инсон организми ва атроф-муҳит учун зарарли саналади. Улар билан ишлаганда, албатта, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш шарт. Чунки улар таркибидаги кимёвий моддалар нафас йўлини заҳарлаб, бутун организмга таъсир кўрсатиши мумкин.
Иккинчидан, бу кимёвий препаратлар зараркунандаларнинг табиий душмани, яъни фойдали ҳашаротларни ҳам қириб ташлайди. Шу сабабли бу препаратлардан фақат ўта зарарланган жойга сўнгги чора сифатида фойдаланиш мумкин. Акс ҳолда у ҳам ўсимликка, ҳам фойдали ҳашаротларга салбий таъсир кўрсатади: уни умумий ҳолда қўллаш тавсия этилмайди.
Учинчидан, ушбу кимёвий препаратнинг нархи қиммат, иқтисодий жиҳатдан зарар келтиради. Пировардида ўз-ўзидан маҳсулот таннархи ошади. Бироқ зараркунандаларга қарши чора-тадбирлар вақтида қўлланилмаса, мевали дарахтларни шира босади, бит ва каналар кўпаяди ва улар баҳор фаслининг охирида бошқа ўсимлик ва сабзавотларга ҳам ўтиши мумкин.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Томорқа хўжалигидаги мева-сабзавот ва полиз экинлари жорий йилда баҳорнинг серёғин келиши оқибатида шира, турли ўсимлик битлари ва бошқа зараркунандалар билан сезиларли даражада зарарланди. Бу ҳолатда бирданига кимёвий препаратлардан фойдаланиш бир томондан фойда бўлса, иккинчи томондан ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан зарардир.
Шу боис, олимларимиз ота-боболаримиз қўллаб келган ноанъанавий усулларга мурожаат қилиб, табиий доривор ўсимликлардан тайёрланган комплекс бирикмани тажрибада синаб кўрди ва самарали натижаларга эришди.
Я.Турсунбоев,
Э.Усмонов,
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Наманган ТИФ инспекторлари
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти