Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 08:56

Қишлоқ хўжалиги

Зарпечакдан эҳтиёт бўлинг!

  • 07.Июля.2023
  • 1077

Зарпечаклар (чирмовуқлар) - Cuscutaceae оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик бўлиб, (айрим йилларда кўп йиллик ҳам бўлиши мумкин), дунё бўйича уларнинг 274 тадан ортиқ турлари аниқланган ва ундан 36 таси МДҲ давлатларида, 17 та тури эса Республикамизда рўйхатга олинган.

Республикамизда ушбу бегона ўтнинг ўсимликларга энг кўп зарар келтирадиган ўндан ортиқ тури мавжуд. Зарпечакларнинг паразит ҳаёт кечириш тарзи уларнинг тузилишида кўпгина ўзгаришларни содир бўлишига олиб келган. Зарпечаклар вегетация даври, ривожланиши ва бошқа жиҳатлари билан оддий–гулли ўсимликлардан тубдан фарқ қилади. Масалан, уларда барг бўлмайди, фотосинтез жараёни умуман кузатилмайди, илдиз системаси, устицалари йўқ, илдиз вазифасини эса ўсимлик танасига ёпишиб олувчи гаусториялар бажаради. Шу сабабли, гулли ўсимликлар систематикасида зарпечакларниларни алоҳида таксономик гуруҳга яъни зарпечаклар (Сuscutaсеае) оиласига киритган.

Ушбу ўсимлик қишлоқ хўжалиги экинларига жуда катта зарар келтиради. Улар барча ўт ўсимликлар, дарахтлар, бутасимонлар, мевали ва манзарали ўсимликларни зарарлайди. Бу паразитдан асосан, беда экинлари, зиғир, махсар, лавлаги, сабзи, пиёз ва бошқа кўпгина экинлар жиддий зарар кўради. Бир паллали ўсимликлар, жумладан бошоқли ўтлар ва ғалла экинлари зарпечаклар билан нисбатан камроқ зарарланади. Зарпечаклар маданий экинлар танасига гаусториялари ёрдамида ёпишиб олиб, органик ва ноорганик моддаларни сўриб олади, ўсимликни нимжонлаштиради, ўсишдан қолдиради, натижада ўсимлик бутунлай нобуд бўлади. Зарпечакларнинг танаси ва уруғи таркибида бир нечта заҳарли алколоид моддалар (кускудин ва кусталин) мавжуд бўлиб, улар ҳайвонларда заҳарланишни келтириб чиқаради. Шу сабабли зарпечак билан кучли зарарланган ўсимликлардан кўк масса ёки силос тайёрланганда, улар моғорлаб, ўз озуқа қийматини йўқотади, уларни истемол қиладиган ҳайвонлар заҳарланиши ҳам мумкин.

Зарпечак билан зарарланган ўсимликлар касаллик ва зараркунандаларга чидамсиз бўлиб қолади. Бундан ташқари айрим зарпечак турлари ўсимликларнинг вирусли касалликларини ҳам тарқатувчи бўлиб ҳисобланади. Яъни ўсимлик ширасини гаусториялари билан сўриб олишда вирус ҳам ўтади ва улар бошқа ўсимликка гаусториялари билан ёпишиб олганда гаустория орқали вирус иккинчи ўсимликка ўтиб олади. Буларга қанд лавлаги, помидор, дуккакли экинлар ва гречиханинг мозайка касалликлари мисол бўлади.

Зарпечак билан зарарланган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари орқали, зарарланган уруғ орқали, яхши чиримаган гўнг билан, экинларни суғоришда, транспорт воситалари, уруғ тозалаш машиналари, яйловдаги парранда, қушлар ва ҳайвонлар орқали тарқалади. Бундан ташқари шамол, зарарланган майдон, қишлоқ хўжалик қуроллари, темир йўл вагонлари ва таралари орқали ҳам тарқалади. Тупроққа тушган зарпечак уруғлари бир неча йилларгача унувчанлигини сақлаб қолади.

Зарпечак уруғининг қобиғи жуда қаттиқ бўлиб, сувни жудаям суст ўтказади. Шунинг учун тўлиқ пишиб етилмаган уруғининг қобиғи юмшоқлик вақтида уни тез униб чиқишига сабаб бўлади. Зарпечак уруғи спиралсимон чўзинчоқ йўлдошлардан ва оқсил қатламли массадан ташкил топган. Йўлдошларнинг спиралсимон буралиб ўсиб чиқиши уларга ўсимлик танасига ёпишиб олиш имкониятини яратиб беради. Аввалига, зарпечак уруғдаги озиқ моддалар ҳисобига ривожланади, бу давр 5 кундан бир неча ҳафтагача давом этиши мумкин (расмга қаранг). Уруғдан ўсиб чиққан зарпечак тезда ўса бошлайди, қанчалик тез ўсишига қараб уруғдан келадиган озуқа моддаси ҳам камая бошлайди ва секин аста зарпечак хўжайин танасига ёпишади ва уруғдан бутунлай узилади.

Уруғдан ўсиб чиққан бир дона зарпечак танаси атрофдаги бир қанча ўсимликларни зарарлайди. Зарпечакнинг ён шохлари ҳоҳлаган жойидан униб чиқиши мумкин ва атрофидаги кўплаб ўсимликларга ёпишиб олади.

Июнь-июль ойларида зарпечаклар гуллайди, иссиқ об-ҳаво шароити зарпечакларни ёппасига гулга киришини таъминлайди, икки уч ҳафта ўтгандан сўнг уруғи пишиб етилади. Уруғларнинг тиним даври ҳар хил, бир неча кундан, бир неча йилгача бўлиши мумкин. Зарпечак билан зарарланган ўт ўсимликлар беда, йўнғичқалар ўриб олингандан кейин, улар ёш майсаларда ўса бошлайди ва уруғланиб тупроққа минглаб уруғлари тушади. Барча зарпечаклар совуққа чидамсиз бўлиб, ҳаво ҳарорати 140 C дан ошганда ривожланишдан тўхтайди ва ҳалок бўлади. Зарпечакларнинг барча турлари бир йиллик ҳисобланади. Беда чирмовуғи жуда сер уруғ бўлиб, 3000 та дан ошиқ баъзан 6000-10000 дона, дала зарпечаклари эса 20000 донагача уруғ бериши мумкин.

Илдизи барги бўлмаганидан хлорофилл йўқ. Пояси (0,5-7,5 мм гача) сарғиш ёки сарғишпушти, сершох. Гули оқ ва оқиш-пушти, овал шаклида. Чаноғи қалпоқсимон серуруғ. Уруғи думалоқ ёки тухумсимон, учли, ғадир-будур, усти қаттиқ пўст билан қопланган.Асосан уруғидан ва қисман поясидан кўпаяди.

Ўсимталар дастлаб кунига 2-3 см, 10-кундан бошлаб 12-15 см дан ўсади. Ўсимталари бирон ўсимликка чирмашиб уруғидан ажралади ўсимлик танасига 2-4 марта спирал шаклида ўралиб олади ва сўрғичлари билан ўсимлик ширасини сўра бошлайди. Натижада ўсимликда модда алмашируви бузилади. Ҳосил камаяди, ҳатто қуриб қолади.

Республикамиз шароитида июнь-сентябрь ойларида гуллаб уруғлайди. Ариқ, канал, ва дарё бўйларида боғ ва токзорларда бегона ўт сифатида сифатида учраб паразит холда ўсади, икки уч ҳафта ўтгандан сўнг уруғи пишиб етилади. Уруғларнинг тиним даври ҳар хил, бир неча кундан, бир неча йилгача бўлиши мумкин. девпечак билан зарарланган беда, йўнғичқалар ўриб олингандан кейин, улар ёш майсаларда ўса бошлайди ва уруғланиб тупроққа минглаб уруғлари тушади.

Зарпечакларга қарши агротехник ва механик кураш чоралари етакчи ўринда туради. Ўсимликлар ва майдонлар зарарланишига қараб тоифаларга ажратилади: кучли ва кучсиз зарарланган экин, ўсимликлар чопиб ёки кесиб ташланади ва ёқиб юборилади ёки чуқурга кўмиб ташланади, атроф муҳити тозаланади. Ўртача зарарланган экинларни тегишли қисмлари билан кесиб ёки чопиб олинади ва ёқиб юборилади. Тадбир ўтказилган майдонлар доимий назоратга олиниб, зарпечак бутунлай йўқолиб кетгунча ҳар 7-10 кунда назорат қилинади. Экин экиладиган далалар яхшилаб текисланади, экишдан 10-15 кун олдин бороналаш ишлари амалга оширилади.

Я. ТУРСУНБОЕВ,

М. АБДУМУТАЛОВ,

Наманган вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Наманган ТИФ назорат маскани инспекторлари

Энг кўп ўқилганлар

Календарь