Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 09:12

Иқтисодиёт

2023 йил туризмда тараққиёт йили бўлди

  • 20.Января.2024
  • 300

Туризм – бугун дунё иқтисодининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан бири. Туризм тараққиёти кўплаб мамлакатлар учун катта даромад манбаига айланмоқда. Шу боис дунёнинг кўплаб давлатлари ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада тегишли инфраструктурани жаҳон стандартлари даражасида яратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш бўйича барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Мамлакатимизда ҳам бу борада соҳага изчил ислоҳотлар татбиқ этилмоқда. Президентимизнинг «Ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – бу туризмдир. Ўзбекистон туризм соҳасида дунё бўйича улкан салоҳиятга эга бўлган давлат ҳисобланади. Юртимизда 7300 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд ва уларнинг қарийб 200 таси ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, гўзал дам олиш масканлари имкониятларидан фойдаланиб, янги туристик йўналишлар очиш мумкин. Бу соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада давлат-хусусий шерик-лик муносабатларини қўллаш соҳани тараққий эттиришда кенг имкониятлар очишини ҳисобга олишимиз лозим», деган сўзлари «турист – инвестиция» деган иборани ҳаётий ҳақиқатга айлантириш талабини олдимизга қўйди.

Наманган вилоятида ҳам туризм соҳасига доир ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш ва соҳани ривожлантириш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, 2023 йил давомида 365 ўринли 10 та хостеллар (йиллик режага нисбатан 200 %) ва 500 ўринли 50 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди ва хостелларнинг умумий сони 18 тага, оилавий меҳмон уйларининг умумий сони эса 576 тага етказилди.

Бундан ташқари, 3 та 418 ўринли бошқа турдаги жойлаштириш воситалари фаолияти йўлга қўйилди ва натижада вилоятда бир вақтнинг ўзида жами 10950 нафар сайёҳларни қабул қилиш имкониятига эга 672 та жойлаштириш воситалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўтган йил давомида 30 та туристик корхоналар ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 96 тага етказилди. Замон талабидаги шарт-шароитлар сайёҳлар оқимини таъминлайди. Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами арафасида Наманган халқаро аэропортининг учиб келиш терминали фойдаланиш учун очилди. Аэропортнинг кутиб олиш терминали аввал соатига 100 кишига хизмат кўрсатиш қобилиятига эга бўлган бўлса, реконструкциядан кейин соатига 300 кишигача хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.

Шунингдек, учиб келиш терминалининг олди қисмида кутиб олувчиларнинг автотранспортлари ва йўналишли транспортлар учун замонавий автотураргоҳлар ташкил этилди.

Шу маънода вилоятга ташриф буюрган сайёҳларга етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида туристик салоҳияти юқори бўлган Поп, Янгиқўрғон ва Косонсой туманларида жойлашган 8 та дам олиш масканларига олиб борувчи 92 км. узунликдаги автомобил йўлларида жорий таъмирлаш, асфальт қопламаси билан қоплаш ишлари амалга оширилган бўлса, Косонсой ва Чортоқ туманларида 29 та трансформатор мукаммал таъмирланди ҳамда 20,5 км. электр тармоқлари янгиланди. Туризм объектларида 52 та Wi-Fi нуқталари ташкил этилди ва уларнинг умумий сони 313 тага, турис-тик йўл кўрсаткич белгилари 204 тага етказилди.

Давлатобод ва Чуст туманларида «Туризм кўчалари» ташкил этилиб, уларнинг сони 24 тага етди, мазкур кўчаларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг сони эса 2000 тадан ортди.

Ички туризмни ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида 2023 йилда вилоятда жами 83 та Халқаро ва Республика миқёсидаги тадбирлар ўтказиш белгиланиб, режа асосида республика миқёсидаги турли фестиваль ва маданий тадбирлар юқори савияда ташкил қилинмоқда.

Хусусан, энг йирик халқаро тадбирлардан 2023 йилнинг 21 майидан 21 июнь кунига қадар вилоятнинг ўзига хос бренди бўлиб шаклланган «Гуллар фестивали» ташкил этилганлигининг 62 йиллиги кенг нишонланди. Бир ой давом этган мазкур фестивалга жами 5 млн.дан ортиқ туристлар ташрифи кузатилган бўлса, уларнинг 3 млн. га яқини республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган маҳаллий сайёҳлар, 100 минг нафардан ортиғини эса хорижий сайёҳлар ташкил этди.

Мазкур фестиваль доирасида Халқаро IT форум, Халқаро Ҳунармандлар фестивали ва ярмаркалари, «Фарғона водийси модалар ҳафталиги – 2023», «Ўзбек палови маданияти» вилоят чемпионати, Ўзбекистон-Россия қўл жангчилари ўртасида бешга-беш халқаро турнир, «Халқаро этноспорт фестивали», Тўрақўрғон туманида «Фарғона водийсида туризм – янги Ахсикент туризм марказини яратиш» халқаро илмий-амалий конференцияси, Наманган шаҳри (Тошкент халқаро кимё университетининг Наманган филиали)да «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш: халқаро тажрибалар, муаммо ва ечимлар» мавзусида халқаро конференция ва бир қатор семинар ва форумлар каби 70 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди.

Шунингдек, сайёҳларнинг вақти ва саёҳат мақсадларидан келиб чиққан ҳолда кичик ҳалқа ва катта ҳалқа туризм маршрутлари ва схемалари ишлаб чиқилган. Мисол учун, Фарғона водийси Наманган вилояти бўйлаб туризм йўналишида водий ҳалқаси маршрути ишлаб чиқилган бўлиб, бунда зиёрат, эко, агро, эстримал ва тиббий туризм маршрутлари белгилаб ўтилган.

Жумладан, Поп туманидан бошланган маршрут Чуст, Тўрақўрғон, Наманган шаҳар, Чортоқ ва Уйчи туманларини ўз ичига қамраб олган бўлиб, 40 дан ортиқ тарихий-маданий ва зиёратгоҳларни тақдим этади. Ушбу туманларда 30 дан ортиқ дам олиш, эко, агро, эстримал ва тиббий туризм маршрутлари йўналишлари мавжуд.

Шунингдек, Чуст туманидаги энг муҳим туристик объектлар ҳисобланган Бибиона, Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий, Отчопар Эшон, Тешик тош ва Жўн Бува мажмуаси, Ҳожа  Абдураҳмон ибн Авф, Янгиқўрғон туманидаги Оқтом Саҳоба зиёратгоҳи, Нанай дам олиш маскани, Мамай ғорлари, Ғовазон Қўрғонтепа археологик ёдгорликларига хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича Ziyarat-Travel туроператорлик фирмаси билан ҳамкорликда 3 та «Олтин водий гавҳари, Гуллар шаҳри Наманганга ҳам саёҳат ҳам зиёрат» (2 та), «Олтин водий ҳалқасига ҳам саёҳат, ҳам зиёрат» номли тур-пакетлар ишлаб чиқилди.

Амалга ошириб келинаётган юқоридаги ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида вилоятга республиканинг бошқа ҳудудларидан 3750,0 минг нафар маҳаллий (йиллик режага нисбатан 195%), 153,2 минг нафар хорижий туристлар жалб этилиб, (йиллик режага нисбатан 99%) туризм хизматлари экспорти 132,5 млн. АҚШ долларига (йиллик режага нисбатан 106%) етказилди.

Бундан ташқари, 2067,4 минг нафар вилоят аҳолиси ички туризмга жалб этилди ва йиллик режа 127 фоизга бажарилди.

Вилоятимизда сайёҳлар оқимини ва мавсумийлигини 4 фаслда амалга ошириш мақсадида жорий йил Поп тумани Гулистон МФЙ ҳудудида 4 та осма дор йўллари, «Тоғ шаббодаси» МЧЖ томонидан замонавий умумий овқатланиш шохобчаси, Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғида «Кўксарой» дам олиш маскани ҳудудида гастрономик туризмни ривожлантириш мақсадида замонавий умумий овқатланиш шохобчаси, Давлатобод туманида «Истиқлол боғи» МЧЖ («Афсоналар водийси») ҳудудида «Картинг» майдончаси ташкил этилди ва йилнинг барча мавсумларида маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Поп тумани Чодак қишлоғи ўзининг бетакрор табиати билан сайёҳларни ўзига мафтун қилиб келмоқда. Осмонўпар тоғлари, бетакрор хушманзара табиати билан ҳам дунёга танилаётган Поп туманининг тоғлик ҳудудларида туризмни ривожлантириб, сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатишга босқичма-босқич эришилмоқда.

Бундан ташқари, Камчиқ довони Қизилча МФЙ ҳудудида «Абдусаматов Улуғбек» ЯТТ томонидан қишки мавсумга мослашган, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи экстремал «Сирпанчиқ» майдончаси ҳамда Кемпинг ҳудуди ташкил этилди.

Вилоятнинг туристик салоҳият ва жозибадорлигини тарғиб қилиш мақсадида рус, инглиз, турк, япон, корейс, ҳинд ва хитой тилларида контентлар, тур-пакетлар тайёрланиб, вилоят туризм бошқармасининг https://namangan-travel.uz веб-сайтига ва турли тегишли ижтимоий тармоқларга жойланди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Наманган вилоятининг туризм салоҳиятини тарғиб этиш мақсадида қўшни Қирғизистон Республикасидан 30 нафардан иборат делегацияга инфо-тур ташкил этилди.

Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғида «Кўксарой сайёҳ» масъулияти чекланган жамияти томонидан туризм фаолиятини кенгайтириш мақсадида кириш, чиқиш ва ички туризм, шунингдек, туристларга бошқа эътиборга молик бўлган имкониятлар яратилиб, вилоятда эко, агро, тиббиёт туризми, гид хизмати, фитобар хизмати, музқаймоқ, тиббий даволаш, туристларга транспорт хизмати ҳамда сельфи объектларини ўз ичига олган «КЛАСТЕР» фаолияти йўлга қўйилди.

17-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган БМТ бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеяси 25-сессияси доирасида ташкил этилган тадбирларда Наманган вилоятидан жами 20 нафар вакил иштирок этди. Тадбир якунида вилоят бўйича 8 та хорижий давлатлар билан умумий қиймати 263 млн. долларлик 14 та инвестиция лойиҳаси ҳамда 120 минг хорижий туристларни жалб этиш бўйича 4 та келишувга эришилди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш ўринлики, ўтган йилнинг 27-29 октябрь кунлари Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» тематик паркида «2-халқаро асал фестивали» тадбири ташкил этилди. Фестивалга 250 нафар асаларичилик билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлар, жумладан, Жиззах, Андижон, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиядан келган асаларичилар ўзлари етиштирган асал маҳсулотлари ҳамда кўргазма материаллари билан иштирок этди.

Фестиваль доирасида 3901,00 млн. сўм (асалнинг ўртача арзонлаштирилган нархи 80.000 сўм) қийматликдаги 16 турдаги, 42 тонна асал ва асал маҳсулотлари фестивалга ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий меҳмонларга арзонлаштирилган нархда сотилди.

Фестиваль доирасида В2В учрашув ташкил этилиб, 2024-2026 йилларга мўлжалланган 10 миллион доллар қийматидаги битимлар имзолашга эришилди ҳамда 10 мингдан ортиқ маҳаллий ва 1500 дан ортиқ хорижий сайёҳлар қамраб олинди.

15-17-ноябрь кунлари эса Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркасида наманганлик 20 нафар туризм йўналишидаги тадбиркорлар иштирок этди. Ярмаркада Беларуссия, Қирғизистон, Корея ва Туркманистон давлатлари билан 120 минг хорижий туристларни жалб этиш бўйича 10 та келишувга эришилди.

Ўтган йилда амалга оширилиши режалаштирилган туризм ва унга ёндош соҳаларда умумий лойиҳа қиймати 1,45 трлн. сўм қийматидаги (шундан 1,38 трлн. сўм ўз маблағи ҳисобига ва 27 млрд. сўм банк кредити) 185 та инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилган эди. Шундан умумий қиймати 446,4 млрд. сўм бўлган 103 та лойиҳа амалга оширилди ва бунинг натижасида 1180 та иш ўрни яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланди.

Вилоятимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Жорий йилда ҳам мазкур соҳани ривожлантириш мақсадида замон талабларига жавоб берадиган 17 та жойлаштириш воситалари, 3 та меҳмонхона, 4 та хостел ва 10 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, вилоятга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини 500 минг нафарга, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан маҳаллий сайёҳлар ташрифини эса 4 млн.га етказиш, вилоят аҳолисидан 2 млн. нафарини ички туризмга жалб этиш ва туризм хизматлари экспортини 200 млн. долларга етказиш, 8 та туристик корхоналар ташкил этиб, уларнинг умумий сонини 100 тага етказиш мақсад қилинган.

Жорий йилнинг 2-3-чорагида туризм хизматлари соҳасида умумий қиймати 477 млрд. сўмлик 12 та йирик лойиҳа (шундан 86,3 млрд. тадбиркор ўз маблағлари, 7,6 млрд банк кредити ва 3,4 млн. доллар хорижий инвестиция ҳисобига)лар фаолияти йўлга қўйилади ва 500 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, туризм соҳаси барча инфратузилмаларни ривожлантиришга бевосита ва билвосита таъсир кўрсатаётган бир даврда вилоятимизда ҳам туризмни иқтисодиётнинг юқори рентабелли соҳасига айлантириш бўйича катта қадамлар ташланмоқда.

Ботиржон НУРИДДИНОВ,

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари,

Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи.

«Қишлоқ ҳаёти» газетасининг 2024 йил 17 январь 2-сонидан олинди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь