Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

21 December, 2024, 09:48

Иқтисодиёт

АСАЛАРИЧИЛИК – КОНИ ФОЙДА

  • 19.Февраля.2020
  • 2774

Асал, мум, асалари сути, асалари елими, асалари заҳари каби ноёб маҳсулотлар етиштиришда, энг муҳими қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда ўрнини бошқа ҳеч бир восита боса олмайдиган қишлоқ хўжалиги тармоғи сифатида кейинги йилларда асаларичиликни жадал ривожлантириш, сифатли асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. 

Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги «Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳани ривожлантиришнинг янги имкониятларини очди ва бу имкониятлар самарасини вилоятда ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва навбатда кўзда тутилаётган лойиҳалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
 – Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида асаларичиликни ривожлантиришнинг барча механизмлари қамраб олингани аҳамиятли, – дейди Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси вилоят бўлимининг раҳбари Аюбхон Тошбоев. – Хусусан, тармоқни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш масаласи кун тартибига қўйилгани соҳада сезиларли ўзгаришларга омил бўлди. Зеро, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини оширишни соҳани мувофиқлаштириш ҳамда илмий ёндашувларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар бир асаларичи ўз ҳолича шуғулланаверса соҳани ривожлантириш мушкул. Вилоятимизда ҳам ушбу қарор асосида асаларичиликнинг умумиқтисодиётдаги мавқеини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда.
А. Тошбоевнинг таъкидлашича, Наманган асаларичилик соҳасида мамлакатимизда етакчи ўрин тутиб келаётган вилоят ҳисобланади. Бугунги кунда вилоятда ҳаваскор, яъни якка тартибда асалари боқувчи, соҳада экспорт-импорт амалиётини йўлга қўйган фермер хўжалиги, масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхона каби  500 дан зиёд субъект асаларичилик йўналишида фаолият кўрсатмоқда. Мазкур субъектлар томонидан етиштирилган асал нафақат ўзимизда, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлмоқда.  2019 йилда «Соф асал» масъулияти чекланган жамияти томонидан Бирлашган Араб Амирлиги давлатига 16 тонна асал экспорт қилингани фикримизнинг исботидир. Бундан ташқари ўтган йилда Россия ва Қозоғистонга 700 минг долларлик асалари пакети етказиб берилгани, ўтган йилда республика миқёсида 220 мингта асалари пакети экспорт килинган бўлса, шундан 178 минг 350 таси вилоятимиз ҳиссасига тўғри келгани ҳам вилоятнинг асаларичилик салоҳияти ва истиқболидандир. 
Шунингдек, наманганлик асаларичилар  эришаётган юқори натижаларни мамлакат миқёсида муносиб эътироф топаётгани қувонарли. Ўтган йили Тошкент шаҳрида Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси томонидан ташкил этилган асаларичилик маҳсулотлари ярмаркасида вилоят асаларичилари 13 номинацияда муваффақиятли иштирок этиб, 6 номинацияда 1-ўрин ва 2 номинацияда 2-ўринни қўлга киритди. Жумладан, «Энг яхши жиҳозланган стенд» номинациясида «Халилов Абдумутал» деҳқон хўжалиги, «Сотиш учун тайёрланган энг яхши асал намуналари» номинациясида «Соф бол савдо», «Асаларичилик фаолияти учун ишлаб чиқарилган энг яхши асбоб-ускуналар» номинациясида «Шифо», «Асалари маҳсулотларини энг кўп экспорт қилган асаларичи» номинациясида «Транс Бат Нам сервис», «Энг кўп асал экспорт қилган асаларичи» номинациясида «Соф асал» масъулияти чекланган жамиятлари биринчи ўринларга муносиб топилди. 
– Шундай тадбирни вилоят миқёсида ўтказишни ҳам йўлга қўйдик, – дейди А.Тошбоев. – Ўтган йили «Чорсу» деҳқон бозорида биринчи марта ташкил этилган асалари маҳсулотлари ярмаркаси асаларичилар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, соҳани ривожлантириш борасида ҳамжиҳатликни йўлга қўйишда катта аҳамият касб этди. Бундан ташқари ярмарка доирасида «Соф асал», «Соф бол савдо», «Лолабегим» сингари асаларичилик хўжаликлари томонидан Меҳрибонлик, Саховат уйлари, Ногиронлар жамияти, бир қатор кам таъминланган оилаларга беминнат асал тортиқ қилингани тадбир ижтимоий эзгу-мақсадни кўзда тутганлигини ифода этди. 
Акрамжон Ҳакимов раҳбарлик қилаётган «Шифо асаларичилик» масъулияти чекланган жамияти бой тажрибага эга, яъни 1988 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келаётган, юртимизда биринчилардан бўлиб шу соҳада юридик мақомдаги хўжалик сифатида рўйхатдан ўтган корхонадир. 
– Асалари боқиш бизга боболаримиздан мерос анъана, – дейди Акрамжон Ҳакимов. – Корхонамизни бундан ўттиз икки йил муқаддам раҳматли отам Тоҳиржон Ҳакимов кооператив мақомида ташкил қилган эдилар. Илгари ҳаваскорлик билан, баҳолиқудрат шуғулланиб келинган асаларичиликка бугунга келиб қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи сифатида катта эътибор қаратилаётгани, айниқса кейинги йилларда бу йўналишдаги субъектлар учун берилаётган имтиёзлар имкониятларимизни янада кенгайтирди.
Дарҳақиқат, бугун асаларичиликда ўзига хос сулола мактабини яратган, бу соҳада катта ҳаётий ва амалий тажрибага эга нуроний Қосимжон Хўжаев, унинг ўғли – «Шуҳрат» медали соҳиби Носиржон Жўраев каби кўплаб оилавий асаларичилардан иборат «Шифо асаларичилик» жамоаси фаолияти диққатга сазовор. Корхона асаларичилик маҳсулотларини етишириш, асаларичилик жиҳоз ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришдан ташқари, асаларини парваришлаш, унинг касалликларига қарши профилактика, назарий ҳамда амалий масалаларда наинки вилоят, балки Фарғона водийси асаларичиларига ҳам кўмаклашиб келаётгани диққатга сазовор. Зеро, бу ерда асалари мумини қайта ишлаб, тайёрлаб бериш, яшиклар ясаш, асал олиш ускуналари ва бошқа техник жиҳозлар етказиб бериш яхши йўлга қўйилган. Бу борада МЧЖ таркибида ташкил этилган ахборот-консультация маркази, савдо дўкони, ишлаб чиқариш цехлари фаолият кўрсатмоқда.
– Меҳнат фахрийлари Қосимхон Хўжаев, Насриддин Ғофуровлар билан ҳамкорликда «Асаларилар озуқаси ва қўшимча овқатлантириш учун фойдалаи маслаҳатлар» қўлланмасини чоп эттирдик, – дейди А. Тошбоев. – 2000 нусхада чиқарилган китобча Тошкентда бўлиб ўтган асаларичилик маҳсулотлари  ярмаркасида қўлма-қўл бўлиб кетгани юртмизда бу соҳага қизиқиш тобора ортиб бораётганлигидан далолат берди. Биз бу йўналишда иккинчи қўлланмани тайёрлашни ҳам мақсад қилиб қўйдик.
Айни пайтда мазкур корхона асаларичилари томонидан 1 минг 500 яшиқда 3000 асалари оиласи парвариш қилинмоқда. Бир йилда ўртача 4 минг дона асалари пакети, 25 тонна асал мерва (биофабрика, биолабораторияларда гибробракон, трихограмма, олтин кўз каби фойдали ҳашаротлар уруғини кўпайтиришда фойдаланилади) си, 600 килограмм прополис ва 8 тонна соф асал етиштирилаяпти.
– Ўтган йили 700 миллион сўмлик асалари маҳсулоти ишлаб чиқарилди, – дейди корхона бош ҳисобчиси Боқижон Болтахонов. – Қозоғистонга 9 минг долларлик, 2 минг 200 дона асалари пакети экспорт қилинди. 
Мухтасар айтганда, вилоятда асаларичиликни ривожлантириш борасида давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори билан очилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиш борасида изчил изланишлар олиб борилмоқда. Янгиқўрғон туманидаги қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида асаларичилик йўналишида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилгани соҳа истиқболи йўлидаги аҳамиятли қадамлардан бири бўлди.
Акрамжон САТТОРОВ, 
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ (сурат).

Энг кўп ўқилганлар

Календарь