ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34710
21 November, 2024, 10:34
Чуст туманида ака-ука тадбиркор Дилшод ва Жамшид Исматуллаевлар ташаббуси билан таъсис этилган «Chust Textile» масъулияти чекланган жамиятининг тикув цехи фойдаланишга топширилди.
Бундан 15 йил аввал, яъни 2007 йилда тумандаги собиқ «Барион» фабрикасининг бўш ерида иш бошлаган мазкур корхона ўтган даврда ўз фаолият қамровини кенгайтириб борди. Айниқса, сўнгги 3-4 йил жамият фаолиятида туб ўзгаришлар даври бўлди. Корхонага 2019 йил октябрь ойида «Наманган» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан ажратиб берилган 15 гектар ер майдони ўрни бугунга келиб, йирик истиқболли лойиҳалар ижросини ўзида қамраган кўркам ва замонавий корхона кўринишига келди.
«Chust Textile» МЧЖ томонидан трикотаж матоси тўқиш, бўяш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси учта босқичдан иборат бўлиб, унинг умумий қиймати 14 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Шундан 11 миллион доллари ташаббускорнинг ўз маблағидан, 3 миллиони эса банк кредити эвазига сарфланди.
– 2019-2021 йилларда жамиятимиз лойиҳасининг биринчи ва иккинчи босқичларида чет давлатлардан 10,5 миллион доллар эвазига сўнги турдаги технологик ускуна ва дастгоҳлар келтириб ўрнатдик, – дейди жамият раҳбари, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор» фахрий унвони соҳиби Дилшод Исматуллаев. – Бунинг натижасида 550 нафардан ортиқ янги иш ўрни яратдик, Россия, Италия, Чехия, Кипр, Қирғизистон Қозоғистон каби ўнлаб давлатларга қарийб 23 миллион доллар миқдорида трикотаж маҳсулотлари экспорт қилинди.
Ҳозирда учинчи босқич – янги тикув цехини фойдаланишга топширилишига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу билан чекланиб қолмасдан фаолиятимиз қамровини янада кенгайтириш режамизда бор. Айни пайтда жамиятимиздаги бўш ерга 5 қаватли бино қурмоқдамизки, ундан ишчи-ходимларимиз учун тўйхона, турар-жой мажмуалари ўрин олади. Келгусида болалар боғчаси ва мактаб бунёд этишни ҳам кўзда тутганмиз. Бу эса «Амалий натижадорлик, инсон қадри – Янги Ўзбекистон» стратегиясининг бош мақсади» устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат қуриш сиёсати ўз самарасини бераётганидан далолатдир.
Қайд этиш керакки, корхонанинг янги – учинчи босқичини амалга ошириш учун 3,5 миллион доллар сарфланиб, қўшимча 700 кишини иш билан таъминлашга эришилди. Бунгача жамиятда 1300 нафар ишчи-ходим ишлаган бўлса, корхона тўла қувват билан ишга тушиши туфайли доимий ишчилар сони жами 2000 нафарга етди.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ишчи-ходимларнинг аксариятини аёллар ва ёшлар ташкил этади. Ишга қабул қилиш жараёнларида асосан Чуст қолаверса, Поп туманидаги маҳаллаларида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд кишиларга эътибор қаратилди.
– Қишлоқ жойларида ишлаб чиқариш, саноат қанчалик кўп бўлса, фаровонлик ва ўсиш бўлади. Туманимизнинг чекка ерини гулзорга, ажиб корхонага айлантирилиши юртимиз ҳуснига кўрк бағишлаши асносида, аксар ишсиз юрган одамларнинг бандлигига салмоқли ҳисса қўшмоқда, – дейди Чустдаги Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳодат Абдуллаева. – Мана, олти йилдирки, текстиль корхонасида ишлаяпман. Фарзандларимни ўқитдим, ҳунарли бўлишди. Ишхонамиздаги шароитлардан кўнглимиз тўқ. Ишчилар махсус ажратилган транспортларда эрталаб олиб кетилиб, кечқурун ўз манзилларига элтиб қўйилади. Тушлик пайтида бепул мазали овқатлар берилади. Ойлик иш ҳақи ўртача 2-2,5 миллион сўм. Ўтган йилнинг ўзида яхши ишлаганим учун уч марта мукофот пули билан рағбатлантирилдим. Биз оддий қишлоқ аёл-қизлари мамлакатимизда инсон қадри улуғланаётганидан беҳад мамнунмиз.
Айтиш жоизки, жамият аъзоларининг олдиларига қўйган мақсадлари улкан: корхона жорий йил якунига кўра, жами 20 миллион долларлик экспортни амалга оширишни режалаштирган. Бу ўтган йилга нисбатан 45 фоизга кўп демакдир.
«Chust Textile» масъулияти чекланган жамиятининг тикув цехи очилиш маросимида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти