ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 37183
26 April, 2025, 06:00
Наманган шаҳрида чорвачилик ва деҳқончиликдан ташқари, гулчилик ҳам аҳоли учун даромадли бизнесга айланиб бормоқда. Айниқса, миришкор аҳоли вакиллари бу йўналишга эътибор бериб даромадлари тобора ортмоқда. Исмоил Икромов ва Воҳиджон Аминжонов каби омилкор тадбиркорлар ўз хонадонларида гул ва кўчатлар етиштиришни йўлга қўйиб, юқори даромадга эга бўлмоқдалар.
И. Икромов ўз хонадонида тўрт сотихли иссиқхона ташкил этиб, гул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйган. Унинг меҳнатсеварлиги туфайли бу кичик ҳудуддан йилига тўрт марта ҳосил олиб, 200 миллион сўмга яқин даромад олмоқда. Бу эса шу каби кичик тадбиркорлик лойиҳаларининг қанчалик самарали эканининг яна бир исботидир.
Шаҳар ҳокими Анваржон Отахўжаев Зиёкор маҳалласидаги ўрганишлар давомида моҳир гулчининг хонадонида бўлиб, иш фаолияти билан танишди. Тадбиркор билан мулоқотда бу тажрибани бошқа хонадонларга ҳам татбиқ қилиш ва уни намуна сифатида кўрсатиш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, шаҳар ҳокими маҳалла тадбиркори, чорва ҳайвонлари учун ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва зотли қорамоллар ҳамда қўйларни парваришлашни йўлга қўйган Муроджон Отабоевнинг иши билан қизиқди.
– Чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш учун тўғри ва сифатли озуқа жуда муҳим, – дейди М. Отабоев. – Тўплаган тажрибаларимга таянган ҳолда замонавий усуллардан фойдаланиб, турли витамин ва минералларга бой ем маҳсулотларини ишлаб чиқармоқдаман. Бундай зарур озуқалар чорва молларининг тез ўсиши, вазнини ошириш ва умумий саломатлигини яхшилаш учун асосдир.
Ташаббускор тадбиркорнинг яна бир даромад манбаи – зотли қорамоллар ва қўйларни парваришлаш. У юқори маҳсулдорликка эга бўлган зотларни танлаб, уларни тегишли шароитларда боқишга алоҳида эътибор қаратади.
Насимжон ЮНУСОВ.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти