ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34153
05 October, 2024, 06:22
Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари илдизи бир неча минг йиллик тарихга эга. Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, таълим, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, хавфсизлик, юқори технологиялар ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилган.
Айниқса, икки давлат раҳбарларининг ўзаро учрашувлари натижасида барча даражадаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 23-25 январь кунлари Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи Чин ўлкаси билан ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди.
Ташрифда икки давлат ўртасидаги ҳудудлар ва ишбилармон доиралар вакилларининг бевосита ҳамкорлигини ошириш бўйича истиқболли йўналишлар белгилаб олинди. Жумладан, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Хитойнинг Шинжен шаҳрида бўлиб, унда иқтисодий, савдо ва маданий алоқалар юзасидан истиқболли лойиҳалар асосида шартномалар имзоланди.
Хитойлик ишбилармон доира вакиллари вилоятимиз имкониятларига катта қизиқиш билдирдиларки, «Наманган-Хитой» инвестиция ва бизнес форуми ўтказишни режалаштиргандилар.
Икки кун давом этган катта қамровдаги бизнес форумида Хитойдан келган 300 дан ортиқ ишбилармонлар, йирик компаниялар раҳбарлари билан наманганлик 1000 га яқин тадбиркорлик субъектлари ўртасида электротехника, қурилиш материаллари, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, чарм, парранда, заргарлик, ипак ва бошқа йўналишларда фаолият кўрсатаётган қатор компаниялар, тадбиркорлар билан музокаралар олиб борилиши, янги лойиҳалар юзасидан келишувларга эришиш мақсад қилинган.
Халқаро форум Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида «Made in Namangan» кўргазма ярмаркасининг очилиши билан бошланди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Окибжон Иномов шарқий осиёлик меҳмонларни Ўзбекистонга ташриф билан қутлаб, вилоятнинг иқтисодий ва саноат салоҳияти, инвестиция жозибадорлиги билан батафсил таништирди.
Бугунги Наманганда саккиз мингдан ортиқ саноат корхоналари фаолият юритмоқда, улар томонидан ўтган 2023 йилда 2,2 миллиард долларлик маҳсулотлар хориж давлатларига экспорт қилинди. Биргина маҳаллийлаштириш дастури доирасида 600 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, аввалги йилга нисбатан икки баробар ўсишга эришилди.
2024 йил 1 январь ҳолатига, Наманган вилоятида Хитой Халқ Республикасининг капитали иштирокида 56 корхона фаолият кўрсатаётир, шундан 18 таси қўшма, 38 таси эса хорижий корхона ҳисобланади.
«Made in Namangan» савдо кўргазма ярмаркасида вилоятдаги 500 га яқин корхона томонидан енгил саноат, чарм пойабзал, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва мебелсозлик саноати маҳсулотлари намойиш этилди. Кўргазма билан танишган хитойлик тадбиркорлик субъектлари вакиллари, инвесторлар текстиль, электротехника, қурилиш, озиқ-овқат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, чарм-пойабзал каби тармоқлар бўйича ҳамкорлик қилиш истагини билдирдилар.
Вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, форумнинг дастлабки кунида ташкил этилган савдо-саноат кўргазма ярмаркаси якунлари бўйича бўлиб ўтган хитойлик ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасидаги «B2B» учрашув ва музокараларда 350 миллион долларлик лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган келишувлар имзоланди.
– Компаниямиз Хитойда ўз ўрни ва салоҳиятига эга бўлиб, электротехника, асосан электр кабелларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди «Томпсон компьютер» компанияси директори Дейвид Чен. – Ўзбекистонда ҳозиргача олти бор бўлганмиз. Наманганга илк ташрифимиз йирик иқтисодий форум доирасида амалга оширилаётганидан беҳад хурсандмиз. Савдо-саноат ярмаркасида наманганлик тадбиркорлар билан музокаралар ўтказдик. Насиб қилса, юртингизда ўзаро ҳамкорликда заводимизни қуришни режалаштирганмиз.
Шундан сўнг, Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган инвесторлар Наманган шаҳри ва туман ҳокимликлари вакиллари ҳамроҳлигида ўзлари қизиқиш билдирган ҳудудларга йўл олишди. Уларда бир қатор ишлаб чиқариш объектлари ҳамда ҳудудлар иқтисодий салоҳияти тақдимотлари билан яқиндан танишилди.
Вилоят «Маърифат маскани»да бўлиб ўтган Халқаро форумнинг асосий тантанаси Ўзбекистон ва Хитой давлат мадҳиялари билан бошланди. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамкорлигида ташкилланган анжуманда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, маҳаллий тадбиркорлар, шарқий Осиёдан келган 300дан зиёд ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Маросимда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоятимизнинг иқтисодий салоҳияти, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги имкониятлар, хорижликлар, шу жумладан, Хитой билан ҳамкорлик алоқаларининг самаралари ҳақида сўз юритди. Таъкидлаб ўтилганидек, ўтган 2023 йилда Наманган ва Хитой ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 325 миллион долларни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 3,5 бараварга ошган.
Форумда вилоятимизда фаолият юритаётган «Fazman tekstil», «Aisha Home Textile», «Uz Chasis», «Namangan paxta teks», «Lactalis Central Asia», «Xinyuan LLC», «Iftihor kiyim sanoat», «Chortoq Mineral Water», «Tai chang special steel», «Art soft tex», «Mexmash» каби йирик маҳаллий саноат корхоналари, кластер ва компаниялари вакиллари ҳам фаол қатнашдилар.
Халқаро анжуманда Наманган вилояти ҳақида хитой тилида суратга олинган махсус видеоролик намойиш этилди. «Наманган» ва «Косонсой-фарм» эркин иқтисодий зоналари ҳамда шаҳар, туманларда барпо қилинган 72 та кичик саноат зонаси, умуман вилоятда экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Вилоятимизга инвестиция киритган йирик инвесторлардан «Hua Cheng Group» хорижий корхонаси раҳбари Чен Хинг Фу, «Uychi Chemical Steel» қўшма корхонаси раҳбари Хан Жиан Пин Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун кафолатланган қулай инвестицион муҳит шакллангани, мамлакат аҳолисининг 70 фоиздан ошиғи ёшларни ташкил этаётгани ва тинчлик ва барқарорлик ҳукм сураётганлигини эътироф этиб, бу омиллар ҳар икки мамлакат учун ҳам фақат фойда келтиришини таъкидлаб ўтишди.
Хитойлик ҳамда маҳаллий тадбиркорлар, давлат идоралари ўртасида «В2В» ва «G2В» форматидаги учрашув ва музокаралар, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш тадбирлари форумнинг асосий нуқтаси бўлди.
Форум якунида Наманган вилояти ҳокими, шунингдек шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда хитойлик ҳамкорлар ўртасида келишув ва меморандумларни имзолаш жараёни бўлиб ўтди. Унинг натижаларига мувофиқ, ўттизга яқин истиқболли лойиҳани амалга оширишга қаратилган, умумий қиймати 1 миллиард долларга яқин инвестицион шартномалар имзоланди.
Улар орасида Поп туманида қуввати 100 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш бўйича 100 миллион долларлик, Косонсой туманида савдо ва маиший хизмат шохобчаларини ўз ичига олган кўп қаватли турар-жой комплексини барпо этишга оид 100 миллион долларлик, Янги Наманган туманида электромобил ёритиш чироқларини ишлаб чиқариш бўйича 50 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширишга келишилгани диққатга молик.
Анжуман иштирокчилари форумнинг иккинчи кунида ҳам ҳудудларга йўл олиб, «Янги Наманган» шаҳарчаси қурилиши доирасида амалга оширилаётган ишлар, «Юксалиш» массивида жойлашган кичик саноат зонаси ҳамда «Наманган» эркин иқтисодий зонасида «Ифтихор кийим саноат» МЧЖ томонидан қурилаётган йирик бизнес лойиҳаси жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Бир сўз билан айтганда, «Наманган – Хитой» инвестиция ва бизнес форумида мамлакатимиз иқтисодиётига хитойлик инвесторларини кенг жалб этиш ва улар орқали ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
«Наманган ҳақиқати» мухбири.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати (суратлар)
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти