Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 11:04

Иқтисодиёт

НАМАНГАН-ЖАЛОЛОБОД: ҲАМКОРЛИК УФҚЛАРИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

  • 11.Июня.2021
  • 1008

Жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари, бошқарма, ташкилот, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва сектор раҳбарлари, маданият ва санъат намояндалари, ишбилармонлар доиралари вакилларидан иборат Наманган делегацияси амалий ташриф билан қўшни Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятида бўлди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг, делегация аъзолари Жалолобод вилояти губернатори Абсаттар Сиргабоев томонидан қабул қилинди. Мазкур амалий мулоқотда икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга урғу қаратилган расмий учрашув чоғида экспорт-импорт масалаларида ҳамкорлик ўрнатиш, хусусан Наманганга қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, гўшт, маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва кўмирни етказиб бериш, Жалолобод вилоятига эса тикувчилик ва озиқ-овқат саноатини олиб кириш бўйича истиқболли режаларни амалга ошириш хусусида сўз юритилди.

Наманган делегацияси аъзолари Жалолобод вилоятида яшаб, Қирғизистон равнақига салмоқли ҳиссасини қўшиб келаётган ўзбек миллатига мансуб ватандошларимиз билан учрашдилар.

Маълумот ўрнида, ҳозирги кунда Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятида 1 миллион 238 минг аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг 26 фоизи ўзбекларни ташкил этади. Жалолободда ўзбек тилига ихтисослашган 21 та мактаб фаолият юритмоқда, уларда маҳаллий ҳукумат томонидан зарур шарт-шароитлар ҳозирланган. Дарвоқе, “Янги тонг” номи билан фаолият олиб бораётган газата таҳририяти айни вақтда 3 минг ададда чоп этилмоқда.

Делегеция вакиллари Жалолобод губернатори ҳамроҳлигида қандолатчилик маҳсулотлари фабрикаси иш фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мазкур корхонада юздан ортиқ хотин-қизлар доимий иш билан таъминлаган. Ушбу корхона маҳсулотларига ички бозорда талаб жуда юқори эканлигини эътиборга молик.

“Kelechek” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган минерал сувлар нафақат Қирғизистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон бозорларида ҳам ўз ўрнини топиб улгурди. Маъданли ва бошқа турдаги ичимлик сувлари ишлаб чиқараётган мазкур корхона фаолияти ҳам меҳмонларга таништирилди.

Наманган делегациясининг ташрифи дастури асосида бир қатор саноат ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам бўлинди. Жалолободнинг Спутник шаҳарчасида жойлашган Ўрта Осиё тошни қайта ишлаш корхонасида нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам харидоргир қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ўзган туманида катта тош кони мавжуд бўлиб, қурилиш саноати корхоналари учун зарур хомашё ҳисобланадиган травертин каби тошлар шу ердан келтирилади.

 “Mira” савдо белгиси билан турли хил қишлоқ хўжалик маҳсулотларини консервалаш, шарбатини олиш, қадоқлаш, ичимлик сувлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш билан муваффақиятли шуғулланиб келаётган корхона фаолияти меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Шу жойнинг ўзида Наманган ва Жалолобод вилоятлари раҳбарлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Ташрифнинг иккинчи куни аввалида бўлган Жалолобод вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркасида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, қўшни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти билан чегарадош туманлар ҳокимлари ҳамда экпортёр тадбиркор ва ишбилармонлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари бўйича музокаралар олиб борди.

- Ўзбек ва қирғиз халқлари битта ариқдан сув ичадиган, тили ва дини бир, ўзаро мақсадлари муштарак бўлган аҳил ва тотув элмиз. Икки мамлакат раҳбарларининг дўстона руҳдаги учрашувлари ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун катта имкониятлар эшигини очди, - дейди “Art soft Holding” компанияси раҳбари Ғиёсиддин Бобохонов. - Март ойи охирида жалолободлик ҳамкорларимиз корхонамизга ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорлик қилиш истагини билдиришганди. Мана, Жалолободдаги тадбиркор оғаларимизнинг интилишларини ҳам кўриб хурсанд бўлдик. Ўзаро музокараларимизнинг амалий натижаси сифатида, Жалолобод шаҳрида қиймати 25 миллион долларга тенг бўлган, 450 кишининг бандлигини таъминлайдиган, пахтадан ип ва ипдан момиқ сочиқ ишлаб чиқаришга ихтисолашган фабрикалар қурамиз. Ҳамкорликдаги ушбу лойиҳамизни 2022 йилнинг учинчи чорагида ишга туширишни режалаштирганмиз.

Ташрифнинг асосий тадбирларидан саналган “Наманган-Жалолобод” бизнес форуми ҳам ғоят қизғин руҳда ўтди. Унда ҳар икки вилоят раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари, чегарадош туман ҳокимлари, тадбиркорлар ва ишбилармонлар иштирок этдилар.

Бизнес форумда вилоятимиз раҳбари Шавкат Абдураззақов сўз олиб, барча ҳамкорларни фаолликка чақирди.

Бизнес форумдан кейинги музокаралар Наманган ҳамда Жалолобод вилоятлари тадбиркорлар ва ишбилармонлари иштирокидаги “B2B” доирасидаги учрашувларда давом эттирилди. Икки томон ҳамкорлари ўртасида шартномалар имзоланди.

Вилоят ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Окибжон Иномовнинг айтишича, икки ҳудуд тадбиркорлари иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, текстиль, туризмни ривожлантиришга қаратилган жами 12 та инвестициявий ва экспорт-импорт шартномалари имзоланди.

Фарҳод МАМАДАЛИЕВ,

Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Наманган ҳақиқати” мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь