ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34882
03 December, 2024, 12:39
Ҳозирги кунда кичик бизнесни ривожлантириш ва уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали йўлларидан бири кичик саноат зоналари ҳисобланади. Кичик саноат зоналари тадбиркорлик субъектларини жойлаштиришга мўлжалланган, муҳандислик-коммуникация ва инфратузилма объектларини, маълум ер ёки ишлаб чиқариш майдонини ўз ичига олиб, ҳудудларни ривожлантиришга катта имкониятлар яратади.
Хусусан, саноат ишлаб чиқаришни жадаллаштиради, ҳудудларни тадбиркорлик учун инвестицион жозибадорлигини оширади, янги инвестиция ва янги технологияларни жалб қилишга, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришга ва уларнинг ривожланишига кенг имкониятлар очиб беради, жамият учун ўлик юк бўлиб ётган бўш майдонлардан реал иқтисодий секторни ривожлантириш орқали улардан самарали фойдаланишга, аҳоли учун иш жойларини яратишга ҳамда янги рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга олиб келади.
Норин туманида 9,4 гектар майдонда 5 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, 79 та лойиҳа жойлаштирилган ва уларнинг ишга туширилиши натижасида 2 266 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган эди.
2022 йил якуни билан умумий қиймати 57,2 млрд. сўмлик 38 та лойиҳа ишга туширилиб, 695 та янги иш ўрни яратилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун норинлик тадбиркорлар ўз фаолиятларини бошлаб, туман иқтисодиётини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда.
Масалан, «Ўзбекистон» кичик саноат зонасида фаолият бошлаган «Norin Jasmina tekstil» МЧЖ катталар ва болалар ички кийимлари ишлаб чиқариш йўналишида ташкил этилган.
– Корхонамизда йилига 30 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 70 та иш ўрни яратдик. Келгусида маҳсулотни экспорт қилиш бўйича шартномалар имзолаганмиз. Бу борада ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ишчи-хизматчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган, тушлик ва ишга келиб-кетиш учун автобус ташкил этилган, – дейди жамият раҳбари Қундузхон Ибрагимова.
Ички бозорга футболка, куртка етказиб бераётган «Alyor sweet milk» МЧЖда ҳам иш қизғин. Ҳозирда 20 нафар ишчи билан фаолият бошлаган кичик корхонада йил якунига қадар бу кўрсаткич 50 нафарга етказилади.
Шунингдек, «Тараққиёт» кичик саноат зонасида «Еast drees» МЧЖда эркаклар ва аёллар учун кийимлар ишлаб чиқарилмоқда. Тадбиркор Шаҳноза Собированинг айтишича, 25 нафар иш ўрни яратилган. Келгусида фаолият кенгайиши ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортади ва ўз-ўзидан ишчи кучига ҳам эҳтиёж кўпаяди.
«Ёшлар» кичик саноат зонасида уста-тадбиркор Умматали Абдуваҳобов ташкил этган «Mega Mebellari» МЧЖда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг бозори чаққон. Эндиликда норинликлар сифатли мебель сотиб олиш учун шаҳар марказига бориб ўтирмайди. Хитойдан келтирилган замонавий дастгоҳларда ишлаб чиқарилаётган уй-рўзғор ва офислар учун керакли бўлган мебеллар барчага манзур бўлмоқда. Корхонага ҳозирда 15 нафар уста ишга олинди.
Кейинги пайтларда аҳолининг қурилиш материалларига эҳтиёжи ортиб бормоқда. Талаб ва таклифдан келиб чиқиб, тадбиркор Баҳодир Абдусаломов ташкил этган «Norin Alnex» МЧЖда шпаклёвка, травертин ва бошқа зарурий ашёлар ишлаб чиқариш ҳисобига 25 нафар ёш иш билан таъминланди.
«Порлоқ» кичик саноат зонасида Аброр Охунов «FINE MILK 777» МЧЖга асос солиб, сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш цехини ташкил этди. Тадбиркор аввалроқ гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан ҳам шуғулланар эди. Унинг чорва моллари боқиш агротехникасини чуқур ўзлаштиргани янги йўналишдаги фаолиятини ташкил этишига туртки бўлди. Тадбиркор ўз маблағи ҳисобидан сутни қайта ишлаш цехи очиб, 10 та иш ўрни яратди.
– Беш турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Тумандаги 20 та мактабгача таълим ташкилотига экологик тоза, табиий маҳсулотлар етказиб беришни ният қилганман. Маҳсулотларимиз болалар саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади. Четдан 50 бош зотли қорамол олиб келинган эди, ҳозирда улар сони 100 тага етди. Фаолиятни кенгайтириш ҳисобига маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортади. Бунинг учун имкониятларимиз етарли, – дейди Аброрбек биз билан суҳбатда.
Вилоят кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси Норин тумани бўйича масъул Султонбек Сайдуллаевнинг айтишича, тумандаги кичик саноат зоналарида бошқа лойиҳалар ҳам йил якунига қадар ишга тушиши кутилмоқда.
Айни пайтда саноат зоналарига 3,9 км. электр, 3,1 км. ичимлик суви тармоқлари ва 3,4 км. автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган. Бугунги кунда «Ўзбекистон» кичик саноат зонасида 1,3 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, барча зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари билан таъминланди.
«Ёшлар» ва «Оқ олтин» кичик саноат зоналарида 7,8 км. электр ҳамда 2,7 км. ичимлик сув тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, туманда иқтисодиёт соҳасида бошланган ишлар келгусида ҳам давом этади.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти