Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

30 April, 2024, 03:27

Иқтисодиёт

ОАВ вакиллари «Siberian wellness Namangan» фаолияти билан танишдилар

  • 26.Декабря.2023
  • 232

Чуст тумани Варзик ҳудудида барпо этилган «Siberian wellness Namangan» корхонасида ташкил қилинган пресс турда ОАВ вакиллари корхона фаолияти билан танишдилар. 

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлик соҳасига бераётган алоҳида эътибори туфайли жойларда янгидан янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу борада Чуст туманида ҳам бир қатор ижобий ишлар ташкил этиляпти. «Siberian wellness Namangan»  қўшма корхонаси бундан 3 йил илгари Россиянинг «Сибирское здоровье» компанияси ҳамкорлигида  ташкил қилинган эди. Варзик адирликларидан 405,5 гектар ер ажратилиб, интенсив усулда боғдорчилик хўжалигига асос солинди.

Хўжалик иш юритувчиси Муҳаммадраҳим Мамажонов берган маълумотларга кўра, Франциядан юқори навли бодом, ўрик, шафтоли, гилос, узум, олхўри ва нок дарахти кўчатлари келтирилиб, дастлаб 263 гектар майдонга экилиб, парваришланди. Бу ишларни бажариш учун 60 дан ортиқ ишчи кучига таянилди. 2022 йилда қўшимча яна 105 гектар ерга ана шундай кўчатлар ўтқазилди. Бир йил давомида янги ҳосилга кирган кўчатлардан 1,5 тонна  бодом, 50,2 тонна шафтоли, 56 тонна ўрик ва 400 кг. нок мевалари йиғиб олиниб, ички бозорда сотилди. Иш унумдорлигини ошириш мақсадида замонавий техника воситаларидан фойдаланилади. Ҳатто ҳар бир дарахтнинг сувга бўлган эҳтиёжи, қандай касалликка чалинганлиги дронлар ёрдамида аниқланади ва мутахассис кўрсатмаси асосида парваришланади. 

– Лойиҳанинг иккинчи босқичи – мева концентрати ишлаб чиқариш бўйича ҳам бир қадар ишлар амалга оширилди, – дейди корхона технологи Камолхон Мўминов. – «Наманган эркин иқтисодий зонаси»дан ажратилган 4 гектар майдонда бинолар қурилиб, 2021-2022 йиллар мобайнида Болгариядан келтирилган технологик ускуналар билан жиҳозланди. Махсус техникаларни ўрнатиш ишлари белоруссиялик ва болгариялик мутахассислар томонидан бажарилди. Жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида  ишлаб чиқарилган 17,5 минг долларлик  олма концентрати Қирғизистонга экспорт қилинди. 

Лойиҳамизнинг кейинги босқичларида 120 млрд. сўмлик «Биологик фаол қўшимчалар» ҳамда 22 млн. долларлик пектин маҳсулоти ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Маҳсулотларимизни қўшни республикалар ва Европа давлатларига экспорт қилиш бўйича шартномалар тузиш устида ишлаяпмиз.  

Корхонада бир йил давомида умумий ҳолатда 3,5 минг тонна тайёр мева, 3 минг тонна мева шарбати ишлаб чиқарилади. 120 кишининг бандлиги таъминланган корхонада янги лойиҳалар ишга тушса, яна 85 та доимий иш ўрни яратилади. 

Пресс тур якунида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Илҳомжон Раҳматов журналист ва блогерлар билан оммавий ахборот воситалари олдида турган долзарб вазифалар юзасидан мулоқот қилди. 

Шоҳида ДАМИНОВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь