ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34708
21 November, 2024, 07:29
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” кичик саноат ва тадбиркорлик зонасида бўлди.
Мамлакатимизда тадбиркорларга муносиб шароит яратиш учун жойларда технопарк ва кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. Наманган вилоятида бундай мажмуалар сони 73 тага етди.
Баркамол авлод маҳалласида ҳам ишбилармонлар, ҳунармандлар кўп. Лекин улар уй шароитида ишлар, имкониятлари чекланган эди.
Шу боис маҳалла ёнидаги 10 гектарда зарур инфратузилмага эга яхлит мажмуа барпо этилди. Бу ерга 46 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг 18 тасида ишлар якунланиб, корхоналар фаолиятини бошлаб юборди, 2 мингдан ортиқ иш ўрни очилди.
Давлатимиз раҳбари шу ердаги “Мастер класс дизайн”, “Сифат ёғоч саноат”, “Баланс текс” корхоналаридаги иш жараёнини кўздан кечирди.
Биринчи корхонада йилига 150 минг дона чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. “Сифат ёғоч саноат” йилига 1 минг 200 тўплам мебеллар, “Баланс текс” 400 минг дона тўқимачилик товарлари тайёрлаш қувватига эга. Уларда қўшни маҳаллалардаги аввал ишсиз бўлган ёшлар, хотин-қизлар меҳнат қилиб, даромад топмоқда. Маҳсулотлар сифатлилиги ва хамёнбоплиги билан импорт ўрнини эгалламоқда.
- Ўзи одамларимиз ишбилармон, шижоатли. Мана, замин яратувдик, тадбиркорлик «юриб кетди». Энди ишлаб чиқарувчиларга таннархни тушириш бўйича ёрдам бериш керак. Таннарх - тадбиркорнинг «ҳаёт-мамоти». Таннарх пасайса, экспортга чиқиш енгиллашади, бизнес кенгаяди, яна ишчи олади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Саноат зонасидаги бошқа лойиҳаларда ускуналар ўрнатилмоқда. Умуман, бу ерда тайёр кийим-кечак, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, мебель, қоғоз, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Шу атрофдаги Баркамол авлод, Яккатут, Янгиҳаёт, Обжувоз, Лола, Чаман маҳаллаларида яшовчи 6 мингдан зиёд аҳоли иш билан таъминланади.
Президентимиз шу ерда Наманганда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан ҳам танишди. Мавжуд тармоқларга қўшимча асаларичилик, заргарлик, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти