Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 10:29

Иқтисодиёт

Президент ташрифидан сўнг: Ёрил, чақмоққа айлан сен...

  • 12.Февраля.2023
  • 1583

Муаззам боғларнинг гуллари, ҳатто, ягона оилага мансуб бўлсалар ҳам, бир-бирига ўхшамайди. Ҳар бири ўзига ярашган дилбар чеҳраси, анвойи ифорлари, инжа гўзаллиги билан ажралиб, мафтун-маҳлиё этади ошуфтадил нигоҳларни. 

Фарғона водийсининг уч вилояти ҳам, гарчанд бир оиланинг учта азамат паҳлавонлари янглиғ алпона қоматлари билан водий шонини оламга кўз-кўзлаётган бўлса-да, ҳар манзилнинг ҳавоси бошқа. Фарғона – ўзбекона қадимий меҳмоннавозлиги, Андижон – мард, ўктам ва хиёл жангарилиги, Наманган... Наманган эса гўё бундай фазилатларнинг ҳаммасини жисму жонига сингдирган Раҳимбобо – Бобораҳим Машраб сингари исёнкор шиддати билан дарё-дарё меҳр олиб киради ­юракларга. 

Беназир шоир Эркин Воҳидов: «Шоҳи Машраб қони сенда урди туғён, ўзбегим» дея ҳайқирганда, халқимизнинг улуғ даҳолари сафидаги валий зот Машраб тимсолида наманганликларга, барча ўзбек халқига хос муҳташам хислатларни мутафаккирона ифодалаган бўлса, ажабмас. 

Гуллар водийси бўлмиш Фарғонанинг шимолида, денгиз сатҳидан қарийб 500 метр баландликда: бир ёғи Андижону Фарғона, бир ёғи Тошкент, яна бир ёғи Қирғизистону Тожикис­тон ерларига туташиб кетган бу дилбар қўрғон не-не Машрабу Усмон Носирларни аллалаб ўстирди иссиқ қучоғида.

Садоқатли фарзандлар ҳам оқ сут берган онасидек суйдилар, ардоқладилар киндик қони томган муқаддас Наманганни. 

«Намангандан кетар бўлсам, мени йўқлар кишим борму?» – алломаю авлиё Бобораҳим Машраб фарёди эди бу. Буниси эса, ҳали ўттиз бешга кирмай адабиёт осмонида қуёшдек чарақлаган бетимсол талант ва... босқинчи-жаллодлар тиғида жувонмарг кетган оташқалб шоир Усмон Носир нидоси эди: 

«Итоат эт, агар сендан
Ватан рози эмас бўлса.
Ёрил, чақмоққа айлан сен, 
Ёрил, майли, тамом ўлсам!»

Не бахтки, армону орзулар табаррук зотлар юрти бўлган қадим Наманган энди кундан кунга яшнаб, яшариб бормоқда.

– Китобларда Наманган 1941 йилда ташкил этилган, дейилади, – дейди  таж­рибали журналист, вилоят телерадиокомпанияси раиси Муҳаммаджон Мақсудов. – Аслида унинг тарихи эрамиздан аввалги замонларга бориб тақалади. Мамлакатимизнинг энг қадимги шаҳарларидан бўлган Ахсикат – Ахсикент 1620 йилгача Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. Ўша йили юз берган қаттиқ зилзиладан кейин шаҳар аҳолиси ҳозирги Наманган заминига кўчиб ўтган. ­Дунёдаги бало-қазоларнинг ҳаммасини бошидан ўтказган Наманганимизнинг елкаси мустақилликкача офтоб кўрган эмас. Айниқса, кейинги йилларда жаҳоншумул юксалишларнинг гувоҳи бўляпмиз. Энг аввало, шуни алоҳида меҳр билан қайд этиш лозимки, эришилаётган ютуқларнинг ҳаммасида элсевар Президентимизнинг ўтли нафаси бор. Ростини айтсам, бундан 5-6 йил аввал Президентимиз Учинчи Ренессанс пойдеворларини бунёд этишдек қутлуғ вазифа сизу бизнинг зиммамизга тушди, деганларида, анча ўйланиб қолган эдик. Ҳар турли ҳавойи шиорлардан зериккан эдик-да. Шубҳаларимиз ноўрин эканини мана энди ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Шавкат Миромонович толиққан дилларда умид гулханларини алангалатиб юбордилар. Вилоятимиз тамомила янги қиёфага кирди – «Янги Наманган» пайдо бўлди. 

Шавкат Миромоновичнинг ўтли даъватларини қўллаб-қувватлаш барчамизнинг ватанпарварлик бурчимизга айланди. 

– Президентимиз 3 февраль куни вилоятимизга келганларида ёшлар билан учрашдилар, – дейди Нодирабегим номидаги ахборот-кутубхона маркази директори Мавлуда Жўрабоева. – Мен ­сохта мақтовлардан йироқман. Рости, Президентимизнинг содда ва тушунарли тилда баён қилган фикрларини эшитиб, ёшлар-ку ёшлар, мениям ичим тўлишиб, кўзларимга ёш келди. Гапимга ишонинг, армонли одамнинг кўнгил изҳори ҳамиша самимий, кўз ёшлари ҳам булоқ сувидек покиза бўлади.  

Президентимиз суҳбат жараёнида нафақат иқтисодий, балки, маънавий тараққиёт йўлларини ҳам кўрсатиб бердилар. Миллат ғурури тўла шакл-ланаётган пайтларда ахлоқ, одоб, иймон, шахсга ҳурмат, ор-номус деган фазилатлар катта-ю кичикка қанчалар муҳимлиги тўғрисидаги сўзларини эшитаётиб, одамларнинг Президентга Худо берган дейиш­лари бежиз эмаслигига имоним комил бўлди. «Тоғ қоя­­си ухламас» деганларидек,   Президентимиз ҳам доимо бедор.

– Давлатимиз раҳбари ҳар сафар вилоятимизда бўлганларида ўтган  ишлар, воқеалар сарҳисоб қилинади, келажак истиқболларига доир муҳим вазифалар белгилаб берилади, – дейди Ўзбекистон ХДП Наманган вилояти кенгаши раиси Илҳомжон Отабоев. – Кечаги ташриф давомида ҳам ўтган йилги юмушлар батафсил таҳлил қилинди. Қувонарлиси шуки, 2022 йил якунига кўра, вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулот 41,1 триллион сўмни ташкил этиб, 6,6 фоизга ўсди. Жумладан, 18,2 триллион сўмлик саноат ва 27,7 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 14,7 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилди. Пудрат ишлари 6,8 триллион сўм ҳамда чакана савдо айланмаси 19,7 триллион сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, биргина оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 20 минг 174 кишига 470 миллиард сўм кредит йўналтирилгани туфайли 22 минг 132 та иш ўрни яратилди, бунда шаҳар ва туманларда ташкил этилган 72 та янги кичик саноат зонаси муҳим аҳамият касб этди. Бугунга қадар саноат ҳудудларида умумий қиймати 4 триллион сўмлик 619 та лойиҳа амалга оширилиб, 34 минг нафардан зиёд киши ишли бўлди.

И. Отабоев таъкидлаётган ишлар бир йилга тааллуқли. Сўнгги беш йилда эса Наманган вилоятида корхоналар сони 15 мингтага кўпайиб, 32 мингтадан ошди. Шу даврда хусусий бизнес маҳсулотлари ҳажми 1,6 баравар ўсиб, 8,3 триллион сўмга етди. Бу республика бўйича энг юқори кўрсаткичдир.

– Тасаввур қилинг, олти йил аввал дотацияда бўлган вилоят бугунги кунда мустаҳкам даромадга эга бўлди, замонавий саноат ва кучли тадбиркорлар ­шаклланди, – дея мамнуният изҳор қилди Президент Шавкат Мирзиёев. – Оддий қилиб айтганда, Наманган ҳеч муболағасиз тадбиркорлар юрти, кичик ва ўрта бизнес марказига айланди.

Президентимиз бу сафарги ташрифи давомида Давлатобод туманидаги «Fazman tekstil» корхонасида бўлди, «Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани» кутубхонасини бориб кўрди. Наманган шаҳрининг «Баркамол авлод» кичик саноат ва тадбиркорлик зонасидаги «Мастер класс дизайн», «Сифат ёғоч саноат», «Баланс текс» корхоналаридаги иш жараёнларини кўздан кечирди. Наманган шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режалари муҳокамаси юзасидан очиқ мулоқот ўтказди.
Шу ерда бир оз ортга қайтиб, Президентимизнинг аввалги ташрифларини эслаш ўринлидир.

– Ҳамма ўрганди, – дейди журналист Оқилхон Дадабоев. – Президентимиз республиканинг қайси гўшасига бормасин, ўша ерда муаммолар ҳал қилинади, жиддий ўзгаришлар рўй беради, одамлар ҳаётини фаровонлаштириш имкониятлари топилади, бадиий ташбеҳга ўраб айтганда, йўлларини чим-лой босиб ётган дарёлар ўзанига тушади, халқ бирлашади, бирликда барака бўлади. Бирлашганлар тоғни талқон қиладилар.

Касбим юзасидан Юртбошимизнинг вилоятимизга қилган  ташрифларини диққат билан кузатаман, берган топшириқларидан кейинги ўзгаришларни ёндафтаримга ёзиб бораман. Ўрни келгани учун қайдларимдан мисоллар келтираман:

«2019 йил 28 февраль куни давлатимиз раҳбари навбатдаги ташриф билан Наманганга келдилар. 

Анъанага кўра, ўтган даврда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Вилоят иқтисодиётида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 107 фоиз ўсгани, 170,9 миллион доллар қийматга тенг экспорт амалиёти тўлиқ бажарилгани, 5,4 триллион сўм миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилиб, 831 та лойиҳа ишга туширилгани ва 11 минг 540 та иш ўрни яратилгани айтилди. Кўпчилик  кўпирса, қулатади, кўпчилик супурса, сулатади дегани шу-да, ахир. Кейин иқтисодий-ижтимоий ресурс ва имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали иқтисодиётни юксалтириш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича бир қанча истиқболли вазифалар белгилаб берилди. 

Яъни, 2020 йилда, умумий қиймати 7,2 триллион сўмлик 1 минг 170 та лойи­ҳани амалга ошириш, 20 минг 800 та янги иш ўрни очиш режалаштирилди. 

Муҳими, режаларнинг барчаси йил давомида ошиғи билан бажарилди. «Наманган» эркин иқтисодий зонасида, «Чуст текстиль» ва «Ifoda Agro Kimyo Himoya» корхоналарида қиймати 21,5 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йилига 63,6 миллион долларлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада, 1 минг 300 нафардан зиёд киши иш билан таъминланди. Шунингдек, вилоятда мавжуд 11 та кичик саноат зонасида ишга туширилган 413,6 миллиард сўмлик 77 та лойиҳа асосида беш мингга яқин иш ўрни яратилди. 

Вилоятда аҳолининг ҳаёт фаровонлиги, турмуш маданиятини оширишга қаратилган бунёдкорлик ишлари ҳам изчил давом этди. Жумладан, турли шаҳар ва қишлоқларда 1 минг 588 хонадонли арзон уйлар қуриб фойдаланишга топширилди. Инвестиция дастури асосида 110 та объектда умумий қиймати 324,4 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига асосан 36 та маҳаллада 363 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Реконструкция ва янги тармоқлар тортиш ишлари натижасида ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 78,7 фоиздан 82,2 фоизга ортди. 108,8 километр ички ва ташқи йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 7,64 километр узунликдаги газ, 129,9 километр узунликдаги электр тармоқлари тортилди.

Халқ пуфласа, бўрон бўлар, халқ тепинса – зилзила деган нақлнинг ҳақиқатлиги  Катта Фарғона каналида барпо этилган кичик ГЭСлар каскади  қурилишида яна бир карра ўз исботини топ­­ди. ГЭСлар ниҳоятда қисқа вақтда ишга туширилди. Умумий қуввати 12 МВт.га тенг, йилига 72,89 миллион квт.соат электр токи ишлаб чиқариш қобилиятига эга мазкур гидроиншоот 48 минг хонадонни узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр энергияси билан таъминлаш имконини берди». 

Буларнинг ҳаммаси – элини ардоқлаган раҳбарнинг битта ташрифига оид   айрим натижалар, холос.

Яхши йўлбошчи элини ўйлайди. Эл ғами деб қайғуради, элига роҳат келтиради – йўл қуради, уй қуради, мамлакатни обод қилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26-27 июндаги ташрифида Юртбоши  қалбидаги  элсеварлик  фазилатлари янаям ёрқинроқ  кўринди.

Ташриф чоғида берилган топшириқлар узоқ йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган бир қатор муаммоларни бартараф этишда муҳим омил бўлди. Хусусан, вилоят марказида бош­қарув ва аҳоли учун ижтимоий, маиший қулайликлар яратиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Наманган шаҳрига бўйсунувчи Давлатобод тумани ташкил этилди. Яроқсиз ҳолга келиб қолган Норин дарёси кўп­риги янгидан қурилди. Уйчи ва Норин туманларини Андижон вилоятининг Балиқчи тумани билан боғловчи йўлдаги бу кўприкни қайта қуришга бюджет маблағларидан 8,3 миллиард сўм ажратилди. Наманган шаҳридаги «Ҳудудий оқава сув тозалаш» иншоотини реконструкция қилишга республика бюджетидан 23,9 миллиард, Наманган шаҳридаги собиқ эндокринология диспансери биносида 150 ўринли болалар шифохонасини ташкил этишга 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. 
Гап билан ош пишмайди. Гап – бошқа, иш – бошқа.  

Фарғона водийси халқа темир йўли бўйлаб тезкор электропоездлар қатновини ташкил қилиш масаласида ҳам гап жуда кўп эди. Нафақат   Наманган, балки бутун водий аҳлининг долзарб муаммолардан бири эди бу. Водий шаҳарлари ва юртимизнинг бошқа ҳудудлари билан транспорт боғланишида муҳим бўғин бўлган бу иш қисқа вақтда амалга оширилди. 2021 йилнинг 16 февралидан бош­лаб йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилди. «Тошкент – Наманган – Андижон» йўналишидаги поезд ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари, «Андижон – Наманган – Тошкент» йўналишидаги поезд эса чоршанба ва шанба кунлари ҳаракатлана бошлади. Пойтахтга йўл оладиган поезд Наманган шаҳридаги вокзалга тўхтаб ўтиши ҳам анча йиллардан бери кутилаётган воқелик эди. Бу муаммо ҳам ечимини топди: ҳафтанинг ҳар сешанбасида Фарғона водийси бўйлаб йўлга чиққан электричка поезди Наманганда тўхтаб, Андижон, Марғилон ва Қўқон бекатларига борадиган бўлди. 

Этигинг тор бўлса, дунё кенглигидан не фойда деганларидек, бошингда бошпананг бўлмаса, ҳаловат бўладими, турмуш татийдими? 

Намангандаям уй-жой масаласи ҳамиша долзарбдир. Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш учун 1 минг 78 та хонадондан иборат жами 40 та кўп қаватли турар-жой бинолари қуриб битказилди. Шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида одамларга 829 та субсидия ажратилган эди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида қўшимча тарзда яна 500 та, жами 1 329 та субсидия ажратиб берилди. «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегия-сида Наманган вилоятида намунавий этиб, Давлатобод, Норин ва Тўрақўрғон туманлари белгиланди. Бу борада ушбу туманларнинг таълим, ижтимоий соҳа, туризм, ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги, давлат бошқаруви органлари фаолиятини рақамлаштириш йўналишларига 67,8 миллиард сўмга тенг 57 та лойиҳа ва тадбир амалга оширилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларини мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш бўйича 2021-2022 йилларда жами 8 минг 220 гектар майдон қишлоқ хўжалиги клас­терлари, кооперация, экспортёр, қиш­лоқ хўжалиги корхоналари, кўп тармоқли фермер хўжаликларига берилди. Эътиборлиси, вилоятдаги 7 та тўқимачилик-пахта кластери 63 минг 406 гектар ер майдонидан 211 минг 357 тонна пахта хомашёси йиғиб олиб, шартномавий режани 105 фоизга бажарди.

Вилоятда  туризм янги поғонага кўтарилди. Бир йилда Наманганга 34 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрди. 4 та янги туристик компания рўйхатга олиниб, уларнинг жами сони 29 тага етди. 25 та янги меҳмонхона, Янгиқўрғон ва Поп туманларидаги туристик манзилларда 48 та меҳмон уйи фойдаланишга топширилди. Туризм хизматлари экспорти ҳаж­ми 5,4 миллион долларни ташкил этди. Ички ва ташқи ҳамда зиёрат туризмларини кенг қулоч ёйдириш мақсадида Чортоқ туманидаги «Султон Увайс Қараний», Тўрақўрғон туманидаги «Ахсикент очиқ осмон музейи», Чуст туманидаги «Бибиона» ва Поп туманидаги «Ҳазрати Боб» зиёратгоҳларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларига бюджет ҳисобидан 26,8 миллиард сўм сарфланди».

Журналист ҳамкасбимизнинг юқоридаги қайдларидан кейин яна Президентимизнинг 2023 йил 3 февраль ташрифига қайтамиз.
Давлат раҳбари ташриф давомида вилоят кичик ва ўрта бизнес маконига айланиб бораётганини алоҳида таъкид­лаб, Наманганни буюк алломалар ва уста тадбиркорлар юрти, деб атади. Тадбиркорлик мамлакатимизнинг ҳамма жойларида ривожланиб бораётган бир пайтда давлат раҳбари нега азалдан гуллар макони дейилмиш Наманганни мазкур мақомга муносиб кўрдилар? 

Гарчанд юқорида бу саволга анча жавоб айтилган бўлса-да, яна айрим фактларга эътибор қаратамиз. Ўзимизга савол берайлик, бундан 5-10 йил олдин Наманганда «Waikiki», «Baldssarini», «ZARA» сингари брендлар остида ­кийимлар ишлаб чиқарилмоқда ­дейилса, ким ишонарди? Ваҳоланки, юқорида номи тилга олинган «Fazman tekstil» корхонасининг ўзи бугунги кунда йилига 1 миллион дона костюм-шим ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб турибди! Германия ва Туркиядан олиб келинган замонавий ускуналар билан жиҳозланган бу корхона мингга яқин одамни иш билан таъминлаган.

«Баркамол авлод» кичик саноат ва тадбиркорлик зонасида эса 46 та лойи­­ҳа жойлаштирилган. Уларнинг 18 таси фаолиятини бошлаган. Ҳозир 2 мингдан зиёд киши меҳнат қилаётган мазкур зонада тайёр кийим-кечаклар, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, мебель, қоғоз, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётир. 

– Наманганда тадбиркорлик ривожининг яна бир ва асосий сабабини давлат раҳбарининг соҳа ходимларига эътиборидан, уларга кўрсатаётган кўмаги ва бюрократик тўсиқлар олиб ташланганидан изламоқ даркор, – дей­ди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Солижон Мўминов. – Кўрдик, қишнинг совуқ келиши тадбиркорлар фаолиятига жиддий зарар етказди. Бир қанча корхоналарда ишлар тўхтаб қолди. Аниқроғи, республикамиздаги 3 мингдан ортиқ саноат корхонасида ишлаб чиқариш суръати пасайди, солиқ қарздорлиги ошди. Шундай шароитда давлат раҳбарининг қарори билан совуқдан қийинчилик кўрган тадбиркорларга кредит, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича енгилликлар бериладиган бўлди. 2 минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь – март ойларида муддати келадиган кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилди. 29 мингта тадбиркорга солиқ қарзини 1 июлгача фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва пенясиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилди. Қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилди. Давлат хариди ва ижара тўловлари бўйича ҳам енгилликлар бериладиган бўлди. Ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма жорий этилди.

Бундай имкониятлар, албатта, тадбиркорман деганга катта хурсандчилик бағишлайди, уни янги ютуқларга илҳомлантиради. 

Яна бир хушхабар: вилоятда оилавий тадбиркорлик учун бу йил 950 миллиард сўм ёки икки баравар кўп имтиёзли кредитлар ажратилади. Махсус тўқимачилик зонаси барпо этилиб, 15 та саноат зонаси инфратузилмасига 75 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, ҳар бир туманда камида 2 тадан микромарказ ўз фаолиятини бошлайди.

Босиб ўтилган ҳар бир қадам тарих, тарих эса ўзини англаш учун мунаввар кўзгудир. Кўзгуга қараб, саодатли кунларимизга тўйиб-тўйиб боқадиган дамлар келаётганидан қалбинг қувончга тўлади. Агар оташнафас шоир Усмон Носир ҳаёт бўлганида, она тупроғида бўлаётган мумтоз эврилишларни ичига сиғдиролмай нафақат ўз юрагига, балки бутун ватандошларига қараб, бор овозда:

Итоат эт, агар сендан
Ватан рози эмас бўлса.
Ёрил, чақмоққа айлан сен,
Ёрил, майли, тамом ўлсам! -

дея ҳайқирган бўларди...

Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

«Ишонч» газетасининг 2023 йил 11 февраль 20-сонидан олинди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь