ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34710
21 November, 2024, 10:27
Президент Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитасида соҳани такомиллаштириш бўйича навбатдаги вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. 2019 йил декабрда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниб, тўғридан-тўғри қўлланувчи нормалар жорий этилди. Солиқлар сони 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 1,5 фоизга, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки қарийб 2 баравар камайтирилди.
Буларнинг натижасида тадбиркорларнинг ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари 4 баравар кўпайди. Қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 6 мингдан 152 мингтага етди.
Тараққиёт стратегиясида бу борадаги ислоҳотларни давом эттириб, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш вазифалари белгиланган.
- Биз инсон қадрини улуғлашни эълон қилдик, халқимизни рози қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Халқимиз қачон рози бўлади? Солиқ кам бўлиб, даромади ошса, - деди Шавкат Мирзиёев.
Хусусан, 2026 йил бориб иқтисодиётга солиқ юкини 25 фоизгача камайтириш мақсад қилинган. Шунингдек, 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғини 12 фоизгача тушириш, кейинчалик ер ва мулк солиқларини бирлаштириш мўлжалланган.
Йиғилиш аввалида мутасаддилар бажарилган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Давлатимиз раҳбари солиқ идоралари фаолиятини яхшилаш, бунинг учун ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Бунинг натижасида жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилади, «яширин иқтисодиёт» ҳажмини камайтириш учун солиқ тўсиқлари бартараф этилади, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланади.
Давлатимиз раҳбари дунёдаги тез ўзгарувчан, мураккаб вазиятда солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорларга кўмак бериш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
- Мен бу ерга солиқ тўловчиларнинг вакили бўлиб келдим, - деди Президент. - Бизга ҳозир тушум ошиши асосийси эмас. Биринчи навбатда, тизимни тўғри қилиб, билмаганларга ўргатиб, солиқ юкини камайтириб, тадбиркорларнинг эмин-эркин, ҳалол ишлашини йўлга қўйишимиз керак. Солиқчилар жазоловчи эмас, кўмакчи бўлиши керак.
Айтиб ўтилганидек, айрим ҳолларда тадбиркорлар янги дастур ва талабларни тушунмагани сабабли кўплаб саволлар ҳам пайдо бўлмоқда. Шунинг учун “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида уларга янгича ишлашни ўргатиш, электрон хизматлар қамровини ошириш зарурлиги таъкидланди. Солиқ қўмитасига барча ҳудудларда тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказиш, оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориш вазифаси қўйилди.
Солиқ тизими давлат корхоналарини трансформация қилишда фаол иштирок этиши, уларга таннархни пасайтириш ва молиявий барқарорлик бўйича йўл-йўриқ кўрсатиши кераклиги айтилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги қарорига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилган эди. Давлатимиз раҳбари у ерда кадрлар тайёрлаш сифатига эътибор қаратди. Солиқ идоралари ходимларини тизимда жорий қилинаётган янги IT-дастурлар бўйича ўқитиш, шунингдек, хорижда мутахассислар малакасини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Солиқ идораларини коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича топшириқлар берилди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти