ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34710
21 November, 2024, 10:23
Маълумки, Солиқ кодексининг 55-моддасига асосан ҳисоблаб чиқарилган (ҳисобланган) ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқларнинг, шу жумладан улар бўйича бўнак ва жорий тўловларнинг суммалари, шунингдек, ушбу Кодексда белгиланган муддатда тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар солиқ қарзи деб эътироф этилган.
Мазкур қарздорликлар бўйича агар солиқ тўловчида тўланмаган солиқ қарздорлиги мавжуд бўлса, солиқ органи унга қарздорлик ҳосил бўлган санадан солиқларни тўлаш муддати ўтганидан кейин уч иш кунидан кечиктирмай солиқ қарзини тўлаш тўғрисида талабнома юборилиши, белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда солиқ қарзини ундириш – ундирувни банк ҳисобварақларидаги пул маблағларига (шу жумладан, корпоратив карталардаги пул маблағларига) қаратиш йўли билан мажбурий тартибда амалга оширилади. Яъни, 3 иш куни ичида инкасса топшириқномасини юбориш йўли билан амалга (СКнинг 121-моддаси) оширилиши ҳамда Солиқ кодексининг 114-моддаси талаб-ларига мувофиқ, тан олинган солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома юборилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида тўланмаган тақдирда мол-мулкини хатлаш белгиланган.
Бюджет олдидаги қарздорликларни муддатида тўланмаган қисми бўйича вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан Мингбулоқ туманидаги бир қатор корхоналарнинг мавжуд қарздорликларини ундириш мақсадида Солиқ кодексининг 114-моддаси талабларига мувофиқ хатлаш ишлари амалга оширилди.
Жумладан, «Art soft tex cluster» фермер хўжалигининг бюджет олдидаги 4036,2 млн. сўмлик, «Fayzimuhammad ota» фермер хўжалигининг 441,4 млн. сўмлик, «Yo`llardan foydalanish» корхонасининг 196,6 млн. сўмлик ҳамда «Mingbuloq ichimliksuv» корхонасининг 185,2 млн.сўмлик қарздорликлари юзасидан корхоналар раҳбарлари ва бош ҳисобчилари билан қарздорликлар тўланиши юзасидан мулоқот олиб борилди.
Корхоналар раҳбарлари томонидан бюджет олдидаги мавжуд қарздорликлар тўланиши юзасидан чоралар кўрилаётганлиги ва ой якунига қадар тўлиқ қопланиши кафолатланди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан корхоналар қарздорликлари ундирилиши юзасидан олиб борилган тадбир давомида «Art soft tex cluster» фермер хўжалигининг «John Deere 9970» номли, қиймати 4,0 млрд. сўм бўлган пахта териш трактори хатланиши таъминланди.
Таъкидлаш керакки, солиқларнинг ўз вақтида ундирилиши албатта мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини ҳамда ижтимоий-иқтисодий ва мудофаа қудратининг ошишини таъминлайди.
Хуршиджон МАДУМАРОВ,
вилоят ДСБ давлат солиқ бош инспектори.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти