ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34740
23 November, 2024, 10:11
2019 йил 28 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ва 2020 йил 1 майда «Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. «Ипотека банк» АТИБ Наманган вилояти филиали ипотека ва истеъмол кредитлари бўлими бошлиғи Обиджон АБДУРАЗЗОҚОВ билан суҳбатимиз ана шу муҳим ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва ижроси ҳақида бўлди.
– Ушбу фармон ва қарорга асосан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида даромади юқори бўлмаган, уй-жойга муҳтож бўлган оилалар, хотин-қизлар ва фаол ёшларни ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий қилинди, – дейди О. Абдураззоқов. – Яъни, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан ўз маблағлари ва тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга рухсат берилди. Аниқроқ ифодалаганда, 2020 йил 1 майдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларга хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитлари ажратилди.
– Мижозларни, айниқса, кредит миқдори ва муддати қизиқтиради. Қанча миқдорда ва қанча муддатга таклиф қилиняпти?
– Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги қарорининг мижозларга янада қулай имкониятларни берувчи имтиёзларидан бири - қарордан аввалги кредит муддати 15 йил белгиланган бўлса, эндиликда бу муддат беш йилга узайтирилиб 20 йил қилиб белгиланди. Хусусий пудрат ташкилотлари томонидан қуриб битказилган квартираларни, шунингдек, тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни сотиб олиш учун ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари: қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 млн. сўмдан 240 млн. сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 млн. сўмдан 320 млн. сўмгача қилиб белгиланган бўлса, шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 млн. сўмдан 240 млн. сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 млн. сўмдан 320 млн. сўмгача белгиланди. Кредит ҳисобига квартиралар сотиб олишда айрим шахсларга (паст даромадли, уй-жойга муҳтож бўлган шахслар) ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан субсидиялар тўланади. Қишлоқ жойларида субсидия ипотека кредити фоизининг бир қисмини тўлаш учун, шаҳарларда эса ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва фоиз тўловларини бир қисмини тўлаш учун ажратилади. Ва яна шуни ҳам алоҳида келтириб ўтиш жоизки, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида тажриба тариқасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тижорат банкларига ажратган кредит ресурслари ҳисобидан мазкур қарор қабул қилингунга қадар жисмоний шахсларга қонунда белгиланган тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва қайта қуриш учун кредитлар ажратишга рухсат берилди.
Бунда, кредитлар жисмоний шахсларга: қурилаётган (қайта қурилаётган) якка тартибдаги уй-жой жойлашган жойи бўйича юқоридаги кредитнинг энг кўп миқдоридан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (қайта қуриш) ишлари қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорида дастлабки бадали билан иштирок этади.
Таъкидлаб ўтилган ипотека кредитлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан 20 йил муддатга йиллик 19 фоиз миқдорида, фуқароларнинг ўз танловига асосан бирламчи уй-жой бозоридан хонадон сотиб олиш учун ажратилади.
– Уй харид қилмоқчи ёки уй-жой шароитини яхшилаш учун қурилиш қилмоқчи бўлганлар кимга, қаерга мурожаат қилиши керак?
– Агарда мижоз қарорда белгиланган 10 фоизли субсидия олишга лойиқ бўлса, жойлардаги давлат хизматлари агентлигига ариза билан мурожаат қилади. Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, паст даромадли каби мезонлар асосида шахсга дастлабки 20 фоизли бадал тўловнинг 10 фоизи субсидия тарзида давлат томонидан тўлаб берилади. Агарда мижоз 20 фоизлик бадал тўловини субсидиясиз тўлаш имкониятига эга бўлса, бевосита банкимизга ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Талаб қилинадиган ҳужжатлар паспорт, маоши-даромади ҳақида маълумотнома ва шахсий ИНН рақами.
Бугунги кунда аҳолига 1 290.0 млн. сўм ипотека кредитлари ажратилди.
– Квартиралар харидоргирми? Қайси ҳудудлардан таклиф қиляпсизлар?
– Май ойининг ўтган даври мобайнида 10 нафар мижоз тўловни амалга оширди. Яна қўлимизда бир нечта ариза бор, кўриб чиқяпмиз. Наманган шаҳридаги Юксалиш маҳалласида қуриб битказилган ва энди қурилаётган хонадонлар бор. Харидорнинг ихтиёрига мувофиқ, хонадонларни тайёр пардозли ёки пардоз ишларини амалга оширмасдан тақдим қилинади. Қайси ҳудуддаги хонадонни харид қилиш ҳам мижознинг танлов-ихтиёрига кўра амалга оширилади.
– Лимит ажратишда тақчиллик ёки ҳужжатларни тайёрлашда сансалорлик, мижознинг оворагарчилиги каби муаммолар борми?
– Йўқ. Юқорида айтиб ўтилганидек, мижозлар учун қулайлик ва уларнинг манфаатдорлиги тўла таъминланган.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Муҳиддин МАҒЗУМОВ суҳбатлашди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти