ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34740
23 November, 2024, 10:23
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи аҳолининг бугунги турмуш шарт-шароити, ижтимоий соҳалар, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари фаолияти, бунёдкорлик ишларини ҳамда пандемия шароитида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ва тегишли чоралар кўриш мақсадида Норин туманида бўлди.
Вилоят раҳбари дастлаб тумандаги «Норин текс» масъулияти чекланган жамиятида олиб борилаётган ишлар, лойиҳани белгиланган муддатда сифатли якунлаш бўйича кўрилаётган чоралар билан қизиқди.
Тадбиркор Р. Олимжонов раҳбарлигидаги йиллик қуввати 8 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш имконига эга мазкур корхонада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ишлари қизғин давом эттирилмоқда. Қиймати 20 миллион долларга тенг лойиҳанинг биринчи босқичини шу йилнинг сўнгги чорагида ишга тушириш мўлжалланган.
Лойиҳага кўра, корхонада дастлаб 400, иккинчи босқичда 500, учинчи босқичда эса 200 та, жами 1 минг 100 та иш ўрни яратилади. Саккиз гектардан кўпроқ майдонда барпо этилаётган корхона қурилишига «Асака» банки томонидан 16 миллиард сўм кредит маблағи йўналтирилган. Бугунги кунда объектдаги қурилиш-монтаж ишлари 90 фоизга бажарилиб, Швейцариянинг «RIETER Machine Works2 LTD» фирмаси билан ҳамкорликда илғор технологик ускуналар ўрнатилди.
– Ташқи бозорга «Ўзбек бренди», «Наманган бренди» номи остида харидоргир ва сертификатланган маҳсулотларни чиқаришимиз керак, – деди Х. Бозоров корхона мутасаддилари ва мутахассислари билан мулоқотда. – Бунинг учун ишлаб чиқаришда харажатларни ва таннархни пасайтириш, маҳаллийлаштириш ва рентабеллик ҳамда маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш, экспортни рағбатлантириш мақсадида техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш лозим.
Норинда туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2020-2022 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастуридан «NORIN GLOBEX AVTOTRANS» масъулияти чекланган жамият томонидан амалга оширилаётган микрологистика маркази лойиҳаси ҳам жой олган. Қиймати 4,5 миллиард сўмлик лойиҳага кўра Бўзўлмас маҳалласи ҳудудида микрологистика хизмати, йигирма ўринли меҳмонхона ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 500 тонна сиғимли музлаткич барпо этилмоқда.
Дастлабки босқичда кўзда тутилган микрологистика транспорт хизмати апрель ойида ишга туширилиб, ҳозирда йигирма тонна юк ташишга мўлжалланган еттита автомобиль Россия ва Европанинг турли шаҳарларига юк ташимоқда. Навбатдаги босқичларда қурилаётган меҳмонхона мажмуасида айни пайтда жиҳозлаш-пардозлаш, музлаткич омборхона қурилишида монтаж ишлари якунига етмоқда.
Мазкур лойиҳа йигирмадан зиёд янги иш ўрни яратилиши баробарида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли сақлаган ҳолда тўғридан-тўғри хориж мамлакатларига экспорт қилиш имконини беради.
Туманда ташкил этилган «Ўзбекистон» кичик саноат зонасида ҳам ўнлаб лойиҳаларни рўёбга чиқариш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Бу ерда ёш тадбиркорлардан А. Жалолов 100 миллион сўм банк кредити кўмагида енгил спорт кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Абдуғофир» хусусий корхонасини ташкил этиб, ўндан ортиқ янги иш ўрни яратди. Худди шунингдек, тадбиркор М. Икромов 110 миллион сўмлик банк кредити, 340 миллион сўм ўз сармоясини йўналтирган ҳолда тикувчилик цехи ташкил қилиб, 40 та янги иш ўрни яратди. Корхонада эркаклар учун трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, маҳаллий бозордан ташқари қўшни республикаларга ҳам экспорт қилинаётгани эътиборга молик.
«Ҳаққулобод профнастил инвест» корхонасида эса 50 миллион сўм кредит, 200 миллион сўм тадбиркор маблағини йўналтириб замонавий ускуналар келтириб ўрнатиш ҳисобига маҳсулот сифати, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга эришилди.
– Ҳар қандай ислоҳот ва ўзгаришни барқарор иқтисодиётсиз тасаввур қилиб бўлмайди, – деди вилоят ҳокими тадбиркорлар билан суҳбатда. – Миллий иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш, вилоятимизда бу борада салмоқли натижаларга эришишимиз учун олдимизда инновацион тараққиёт моделларини, илғор ғоялар, «ноу-хау» ва «ақлли» технологияларни жорий қилиш вазифаси турибди.
Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати материаллари асосида тайёрланди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти