Қисқа сатрларда

Ҳунарманд қизнинг буюмлари Дубайда эътироф этилди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги

Наманганда «Ватанпарварлар боғи» очилди

Ёш тадбиркорнинг режалари катта

«Менга қанча пенсия чиқаркин?» – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тавсиялар берди

23 January, 2025, 12:30

Иқтисодиёт

Янги йилга катта режа, аниқ мақсадлар билан

  • 01.Января.2025
  • 342

Маҳалланинг ўсиш нуқтаси тўғри танланса ва қўллаб-қувватланса, натижа кутилганидек бўлади. Бунга Наманган вилоятида 2024 йил давомида эришилган ютуқлар яққол мисол. Келинг, мавзуни узоқдан бошламасдан, аниқ рақамларга эътибор қаратсак.

Вилоятдаги 788 та маҳалланинг 621 таси тўлиқ драйвер йўналишлари бўйича ихтисослаштирилди. Шундан 36 тасида ҳунармандчилик, 69 тасида тикувчилик, саноат ишлаб чиқариш, 112 тасида гулчилик, 46 тасида иссиқхоначилик, 35 тасида деҳқончилик, 42 тасида боғдорчилик, 35 тасида узумчилик ва ҳоказо соҳалар оммалашган. Ҳатто, эчкичилик, қўйчилик, балиқчилик кенг тарқалган маҳаллалар бор. 

Хўш, самара қандай, деган савол туғилиши табиий. Бунинг жавоби ҳам аниқ. Яна рақамларга эътибор беринг: 2021 йилда камбағал оилалар сони 104,5 мингни (15,7 фоиз) ташкил этган бўлса, ҳар бир аҳоли билан манзилли иш ташкил этилиши натижасида 32 мингдан ортиқ оила (142 минг аҳоли) камбағалликдан чиқарилди.

Масалан, Тўрақўрғон туманидаги Тошлоқ маҳалласининг драйвери – қўйчилик. Бунинг ортидан маҳаллада яшовчилар бандлиги таъминланган бўлиб, дурустгина даромадга ҳам эга бўлмоқдалар. 

– Ҳозир изланган, ҳаракат қилган одам учун катта имкониятлар бор, – дейди шу маҳаллада яшовчи Турдимат Мирзақулов. – Ёшлигимдан қўй боқишга қизиққаним учун оила қургач, тирикчилик манбаига айлантирдим. Ҳовлимдаги 3 сотих майдонда қўйхона қурдим. Ҳозир ўртача 100 бош қўй сақлайман. Шунинг ортидан рўзғор бут, оилам тўкис. Ҳозир маҳалламизнинг ярмидан кўпи шу иш билан машғул. 10 дан ортиқ шогирд чиқардим.

Дарҳақиқат, охирги икки йилда Тошлоқнинг ўзида қўйчилик билан шуғулланадиган 51 нафар йирик тадбиркор пайдо бўлди. Маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Баҳром Тожиаҳмедовнинг айтишича, мавжуд 511 та хонадоннинг қай бирига кирсангиз, албатта, олди 50-100 бошгача, аксариятида ўртача 4-5 бош қўй парваришланаётганига гувоҳ бўласиз. Уларга кредитлар бериш ва тажрибали тадбиркорларга бириктириш орқали соҳани оммалаштирдик. Шу боис, ишсиз одамнинг ўзи йўқ. Аҳолининг яшаш шароитлари ҳам шунга яраша яхшиланиб бормоқда. 

Ҳоким ёрдамчиси одамларнинг турмуш шароити яхшиланиб бораётганига исбот ҳам келтирди. Эшитиб, маҳалладаги аҳиллик, уюшқоқликка ҳавас қилдик: шу куз фаслида Тошлоқнинг 3,2 километр ички йўллари тўлиқ асфальтланибди. Эътиборлиси, бу иш давлат томонидан эмас, айнан маҳалла аҳлининг ўзаро бирдамлиги, шахсий маблағлари асосида амалга оширилган. 

– Йўлларини тайёрлаш ва асфальт ётқизиш билан боғлиқ ишлар учун ҳомийлик асосидаги маблағни шакллантиришга маҳалла тадбиркорлари биринчилардан бўлиб қўл чўзишди, – дейди меҳнат фахрийси Ғуломжон Худойберганов. – Қўйчилик билан шуғулланиб келаётган Абдумалик Абдураҳимов, Абдумажид Қорабоев, Ҳайдарали Мирзақулов, ака-ука Турдимамат ва Неъматилла Нуриддиновларнинг ҳар бири 50-60 миллион сўмдан ташлашди, ўзига тўқ кўплаб хонадонлар улар сафига қўшилди. Кексалар дуода, иккита мактабимизга равон йўлдан ўқишга қатнаётган фарзандларимизнинг қувонганини айтмайсизми. Дарвоқе, бизнинг ҳаракатларимиздан илҳом олиб қўшни Сарой маҳалласида ҳам йўлларни ҳашар усулида асфальтлашни бошлашди.

Шу-да, камбағалликдан фаровонлик сари тамойилининг асосий мақсади: одамлар банд бўлса, яхши даромад топса, шунга яраша яшайди ва ҳудудини ҳам обод қилади. Хўш, олдига аниқ бир мақсад қўйиб, иш бошлашни ният қилган кишида маблағ бўлмаса-чи? Бунақалар камми?!

Яна рақамлар: вилоятда 2020-2024 йилларда тижорат банклари томонидан 538,5 мингдан ортиқ аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 30,1 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилди. Бунда энг асосий эътибор оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, драйвер соҳаларни оммалаштиришга қаратилган. Янги бошланаётган йилда эса бу каби молиявий қўллаб-қувватлашлар ҳажми янада ошади. 

– Бунда шароит ва имконият эътиборга олиниб, аҳолини қизиқтириш орқали тадбиркорлар сафини кенгайтириш мақсад қилинган, – дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Сулаймонов. – Масалан, Норин туманидаги 116 та мелиоратив тик қудуқдан 34 тасида балиқ етиштириш лойиҳалари бошланди. Янги йилда яна 82 тасида ДХШ лойиҳа қилиш режалаштириляпти. Бунда жами 3,8 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, 450 та янги иш ўрни яратиш ва йилига 2,9 минг тонна балиқ етиштириш назарда тутилмоқда. Шу ишларга банк тизими бевосита бош-қош бўлмоқда.

Ҳозир айни йил сарҳисоби чиқарилиб, янги йилга аниқ вазифалар белгиланаётган палла. Наманганликлар ҳам ўтган давр мобайнидаги ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилиб, олдиларига янги вазифаларни қўйиб олдилар. Келинг, шу ўринда уларнинг айримлари билан таништириб ўтайлик.

Энг аввало, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридан Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманигача бўлган 100 километр масофада йўлбўйи инфратузилмаси ташкил қилиш учун «Мастер режа» ишлаб чиқилмоқда. Унинг 1-босқичида умумий қиймати 220 млн. АҚШ доллари бўлган 300 га яқин лойиҳа амалга оширилиб, 5 мингта янги иш ўрни яратилади, маҳаллий бюджетга 550 млрд. сўмдан ортиқ қўшимча тушум бўлади.

Яна бир катта йўналиш – «24/7 сервис кўчалари» ташкил этишдир. Уйчи, Наманган, Косонсой, Тўрақўрғон ва Янгиқўрғон туманларига олиб борувчи йўллар бўйида 285 млн. АҚШ долларилик инвестиция ҳисобига 1,6 мингта хизмат ва сервис шохобчалари ташкил қилиб, 9 мингта янги иш ўрни яратиш мумкин. Шундан келиб чиқиб, Наманган шаҳри унга чегарадош 5 та туман билан боғловчи йўллар бўйида «24/7 сервис кўчалари»ни барпо қилишга киришилмоқда. 

Энг асосийси, 2025-2026 йилларда қолган 267 та маҳалланинг ҳам драйвер йўналишлари тўлиқ ихтисослаштирилади. Бунинг учун аниқ режалар тузилиб, лойиҳалар тайёрланмоқда. Эътиборли жиҳати, бу лойиҳаларнинг аксарияти қайта ва қайта қўриляпти, «Етти ўлчаб, бир кес»илмоқда. Чунки, марра баланд олинган. Уларни ҳаётга тадбиқ этиш учун шароит ҳам, шижоат ҳам етарли. 

Илҳомжон РАҲМАТОВ,
вилоят ҳокимининг матбуот котиби,
ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь