ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34896
04 December, 2024, 03:21
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 февралдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган фестивалга мамлакатимиз барча ҳудудларидан фольклор этнографик халқ бадиий жамоалари театрлаштирилган композицияли дастурлари билан иштирок этишди.
Халқимизнинг қадимдан шаклланган фольклор санъати ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос оҳанглари, қадриятларимиз билан сайқалланган урф-одатлари, тўй ва байрам маросимлари, халқ ўйинлари, ўзаро меҳр-оқибат ва яратувчанлик иштиёқини берувчи фазилатлар ифодаси билан уйғунлаштирилган аснода тақдим қилинди.
Вилоят театри саҳнасида бўлиб ўтган фестиваль доирасидаги кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари республика Фанлар Академияси ўзбек тили ва адабиёти фольклори институти, республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий методик маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети фольклоршунос олимлари ҳамда илмий тадқиқотчиларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
– Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманидан келдик, – дейди туман маданият бўлими мудири Султонмурод Хўжанов. – «Ақтуба» фольклор этнографик халқ жамоаси «Овулда тўй» деб номланган дастуримизни намойиш этмоқчимиз.
Қарор ижроси доирасидаги фестиваль ҳудудлардаги фольклор мерослари хазинасини ўзига хос қирралари билан англаш ва фарқлаш, уларни тадқиқ этиш, сайқаллантириш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Қорақалпоғистон Рес-публикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардан биттадан фольклор-этнографик ансамбллар фольклор санъати (алла, ўлан, лапар, рақс, терма, маросим қўшиқлари ва ҳ.к), миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишларида ўтказилган кўрик-танловда қуйидаги натижаларни қўлга киритишди.
1-даражали диплом, 50 миллион сўм пул мукофоти билан Бухоро вилоятининг «Жондор» фолклор-этнографик халқ ансамбли;
2-даражали диплом, 40 миллион сўм пул мукофоти билан Фарғона вилояти Қўқон шаҳри «Омонёр» фольклор-этнографик халқ ансамбли;
3-даражали диплом ва 30 миллион сўм пул мукофоти билан Қорақалпоғистон Респуб-ликаси Кегейли тумани «Ақтуба» фольклор этнографик халқ ансамбли тақдирландилар.
Шунингдек, танловда тақдим этилган дастурдаги энг ёрқин жиҳатлар ҳисобга олиндики, Андижон вилояти «Бедана» фольклор ансамбли «Энг яхши халқ ўйинлари намойиши» номинацияси билан, Тошкент шаҳри «Дурдона» фольклор ансамбли «Моҳир лапар ижрочиси», Жиззах вилояти «Ойпари» фольклор ансамбли «Халқ ўйинларининг моҳирона ижрочиси», «Қадимий мусиқа чолғулар ижрочиси», Қашқадарё вилояти «Тошқин булоқ» болалар фольклор ансамбли «Жамоанинг бадиҳагўй бахшиси», Хоразм вилояти «Жўралар» фольклор ансамбли «Моҳир рақс санъати учун», Сирдарё вилояти «Энадарё» болалар фольклор ансамбли «Энг ёш фольклор жамоаси», Тошкент вилояти «Кўзмунчоқ» болалар фольклор ансамбли «Энг яхши актёрлик маҳорати учун» номинациялари билан рағбатлантирилдилар.
Албатта, фестивалда Наманган фольклорчилари ҳам муносиб иштирок этишди. Вилоятимиз фольклорчилари вакили сифатида «Ёр-ёр» ансамбли ҳам ўзига хос дастур намойиш этиб, «Ҳудудга хос вокал услубларнинг моҳир ижрочиси» номинацияси билан олқишланди. Ансамбль хонандаси Тожихон Жўраева «Энг яхши яккахон ижрочи» номинациясига муносиб кўрилди.
Фестиваль якунланди, аммо унинг завқу сурури кўнгилларда халқ оғзаки ижоди намуналари ва миллий қадриятларимизни сайқаллантириш иштиёқи билан янги режа ва ниятлар уйғотди.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти