ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34708
21 November, 2024, 06:20
Ўткир Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари" қиссасидаги "Қаноат" ҳикояси қаҳрамонларининг ўзаро муносабатлари бугунги кун ота-онаси учун ибрат бўла олади. "Отамнинг жаҳли ёмон эди" деб бошланган ҳикоянинг биринчи жумласини ўқиган бола отаси ҳақида салбий фикрлар айтади, шекилли, деб ўйлай бошлайди. Аммо дарров, яъни иккинчи жумладаёқ отаси ҳақида ижобий фикрда эканлигини "Баджаҳл бўлиб ака-укалардан, бирортамизни чертган эмас", дея уқтириб ўтади.
Ўйланиб қоласан киши, нега жаҳли тез, қаттиққўл отасини ёмонламаяпти? Сабаби, онаси ота ҳақида болаларига доим ижобий фикр айтган. Эридан калтак еб, кўзи кўкарган чоғида ҳам Ҳакима ая қўшнисига эрини мақтаб гапиради. Буни эшитиб турган ўғилнинг онасига бўлган ҳурмати ошади. Шу билан бирга, отани ҳамма жойда эъзозлаш кераклигини билиб боради. Ёки шу асардаги уйида қайси шолчага хокандоздан чўғ тушиб, қайси ўғли шолғомни ёмон кўриши, қайси қизининг сочига сирка оралаганигача айтиб чиқувчи қўшни аёл образи ҳам мулоҳазага чорлайди. Чунки бугун ўз оиласидаги сирни майда-чуйдасигача кўчага кўтариб чиқувчи аёллар йўқ дейсизми? Онасининг отасига ва қўшни аёлнинг эрига муносабатини эшитиб турган бола шу жойнинг ўзида уларни солиштириб, ота, оила, сабр-қаноат каби тушунчаларни чуқурроқ англаб олади.
Бу каби бадиий асарлар жуда кўп. Аммо уларни ҳамма ота-оналар ўқияпти, дея оламизми? Бизнингча, йўқ. Ваҳоланки, адабиёт ҳаёт дарслиги. Бадиий китоб ўқийдиган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам одобли, тарбияли бўлиб камолга етади.
Гулнора БАХРЕТДИНОВА,
Янги Наманган туманидаги 69-мактабнинг олий тоифали рус тили фани ўқитувчиси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти