Қисқа сатрларда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

Ахсикент – Марказий Осиё тарихи тамаддуни

08 November, 2024, 06:50

Маданият

Ахсикент – Марказий Осиё тарихи тамаддуни

  • 12.Сентября.2024
  • 661

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги «Atour» меҳмонхонасида «Ахсикент – Марказий Осиё цивилизацияси тарихида» илмий-амалий конференцияси илм аҳлини тарих ва тараққиёт туташган нуқтага бирлаштирди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази, вилоят ҳокимлиги, «Ахсикент» археология дирекцияси томонидан ташкилланган ушбу нуфузли халқаро анжуманда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларининг етакчи археолог олимлари, манбашунослари, тарихчилари ҳамда Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой ва Туркиядан келган эксперт-мутахассислар тарихий қадамжо ва зиёратгоҳлар тарихи, уларни реставрация қилиш, бутунжаҳонга кенг тарғиб қилиш борасида олиб борган тадқиқотлари натижалари, янги тарихий фактлар билан ўртоқлашдилар.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов айтиб ўтганидек, Ахсикентда сўнгги 40 йил ичида қазишмалар жараёнида 24 та қазув объектларида планиграфик (қадимий қурилма тарихини аниқловчи) ва стратиграфик (қадимий маданий қатламларни аниқловчи) тадқиқотлар натижасида қўлга киритилган бир неча минг  археологик топилма асосида ўндан ортиқ номзодлик изланиш ишлари ёқланган. 

– Милоддан аввалги ХII-ХI асрларда Фарғона водийсида илк урбанизация жараёнлари бошланади, деҳқонлар қўналғалари асосида илк шаҳарлар шаклланади. Уларнинг топографияси қалъа, шаҳар ва ҳайвон қамайдиган жойга ажралиб, мудофаа деворлар билан ўраб олинади, – дейди академик тарихчи олим Абдулҳамид Анорбоев. – Ўз ҳунари моҳирлари пайдо бўла бошлайди. Хусусан, сопол идишлар ишлаб чиқаришда кулоллар, металл буюмлар ва қуроллар тайёрлашда мутахассис усталар ажралиб, шаҳар аҳолисининг алоҳида қатлами сифатида шаклланади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг маълум қисми товар кўринишда айирбошлашга йўналтирилади. Бу ўрганишлар Ахсикентнинг уч минг йиллик юбилей санасини нишонлашга асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, Ахсикент тарихини жаҳонга танитиш, вилоятимизнинг туризм салоҳиятини ошириш борасида кўплаб хайрли ишлар қилинмоқда. Қадимшунос олим, профессор Абдулҳамид Анорбаев муаллифлигидаги «Ахсикент археология парки» монография-альбомининг тақдимотлари Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Қозоғистон, Туркия, Ҳиндистон, Хитой Халқ Республикаси, Германия давлатларида ўтказилди. Бу билан давлатимиз раҳбарининг «Ахсикентни овози дунёга таралиши керак»,  деган топшириғининг амалий ижросига эришилди.


Буюк тарихимиз кўзгуси саналган Ахсикентни бутун дунёга танитиш мақсадида, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ва мутахассислар ўқиши мумкин бўлган ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашр қилинган ушбу китобда асосий эътибор тарихий ёдгорлик тарихи ва кўп йиллик тадқиқотлар натижасида аниқланган ҳунармандчилик топилмалари ҳақида атрофлича маълумотлар акс этган.

Шунингдек, ёдгорликдан аниқланган муҳим меъморий топилмалар, жумладан пишган ғиштдан ер ости сув йўли тизими, ер ости таг хонаси, рабоддан аниқланган маҳобатли иншоотлар, қадимги даврдан шаклланган ва ўрта асрларга қадар мустаҳкамлаб борилган мудофаа иншоотлари, жумладан аҳоли турар жойлари, металлургия ва кулолчилик устахоналарининг Марказий Осиё қадимий шаҳарлари тизимидаги аҳамиятини очиб берилган.

Иштирокчилар анжуманнинг амалий қисмида Ахсикент ва Янги Ахси мажмуаларида олиб борилаётган тўртта очиқ осмон музейлари қурилиши, қазишма ишлари, илмий тадқиқот жараёнлари билан яқиндан танишди. Айниқса, Ахсикентдаги сўнгги нодир буюмлар, осору атиқалар олимларда катта таассурот қолдирди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь