ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35204
30 December, 2024, 11:50
Наманган шаҳридаги «Маърифат маскани»да бўлиб ўтган республика илмий-амалий анжумани ҳам янги-янги далилларни очиқлади. Шоҳ ва шоир шахсига доир кўплаб тахминларга аниқлик киритди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур атоқли давлат арбоби, моҳир саркарда, шоҳ ва шоир, тарихнавис қомусий олим, серқирра истеъдод соҳиби, темурий шаҳзодаларнинг яна бир жаҳонгашта сиймоси.
Қадим Фарғона пойтахти – Ахсикент шарафли макон сифатида тарихчи олимлар, археологлар томонидан ўрганилгани сайин янги-янги маълумотлар юзага чиқмоқда. Янглиш битиклар тузатилиб, ҳақиқатлар бўй бераётир. Илмий тадқиқотлар Ахсикент сирлари қатидаги темурий шаҳзодаларнинг, хусусан, Бобур бобомизнинг сиймосини, саъй-интилишларини тобора ростламоқда.
Наманган вилояти ҳокимлиги ва Ахсикент халқаро илмий тадқиқот жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманни вилоят ҳокимлигининг ижтимоий масалалар котибияти мудири Фахридин Йўлдошев кириш сўзи билан очди.
Анжуман мавзуга мос равишда жамоат бирлашмасининг 2023 йилги ҳисоботи тарзида тиббиёт ва тарих фанлари доктори, профессор Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев маърузаси билан ҳам аҳамият касб этди.
Тарихчи олим Тоҳиржон Қозоқовнинг «Ахси номи билан боғлиқ топонимлар. Ахсикент ҳокимлари» мавзусидаги маърузаси илмий жамоатчиликнинг астойдил тадқиқий интилишларидан далолат бўлди. Филология фанлари доктори Неъматилла Отажонов таъкидлаганидек, «Бобурнома» – Иккинчи Ренессанснинг марвариди».
Турон Фанлар академияси президенти Ҳайдарбек Бобобеков, Турон ФА академиги ва вице-президенти, профессор Раҳмонали Ҳасановлар иштирокчилар эътиборини Бобур шахси ва унинг илмий-ижодий мероси мавзусига қаратдиларки, тадқиқий маълумотларнинг қиммати Наманганимиз ҳудудидан мамлакатимиз ва жаҳон миқёсига таралаётган илм зиёларига янада ёрқинлик бағишлаши шубҳасиз.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппақов илмий амалий анжуман иши муваффақиятини шунчаки табрик ва тилак билан эмас, амалий қувватлашга куч берувчи рағбатлантириш билан эътироф этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят «Нуроний» жамғармаси раҳбари Икромхон Нажмиддинов, публицист-ёзувчи Содиқ Сайҳун ва бошқаларнинг анжуман давомидаги қимматли фикр-мулоҳазалари мавзу бўйича янги интилишлар истиқболига умидворлик уйғотди.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти