ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34734
23 November, 2024, 01:15
Хабарингиз бор, бу йил Наманганда 60-Халқаро Гуллар фестивали ўтказилади. Юбилей байрамга қарийб бир ой вақт қолди. Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ушбу тадбирга тайёргарлик қай даражада бораётгани билан танишиш учун ишчи гуруҳ иштирокида байрамнинг асосий тантаналари ўтказиладиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида бўлди.
Унда байрамнинг очилиш маросими бўлиб ўтадиган Тинчлик хиёбони, гул савдоси ташкил этиладиган Адиблар хиёбони, кўнгилочар дастурлар учун Уч фаввора майдони ва бошқа боғларни тайёрлаш, Бобур боғини эса тегишли рамзлар билан жиҳозлаш, фавворалар ва ёритгичларга алоҳида эътибор қаратиш масаласи муҳокама қилинди.
– Бу йилги юбилей байрамда иштирок этмаган наманганлик, гул экилмаган жой қолмайди. Барча шаҳар ва туманлар, соҳалар бўйича ташкилот ва муассасалар ўз ҳудудларини тайёрлашда алоҳида ёндашув билан ландшафт дизайннинг замонавий кўринишларини ишлаб чиқадилар, – деди вилоят ҳокими.
Тадбир иштирокчилари гулли конструкциялар, нафосат олами элементларини тайёрлашга киришганлар.
Нафақат мамлакатимиз, балки дунёда ўхшаши бўлмаган гуллар автопаради эса байрамга ўзгача шукуҳ бағишлаши билан Наманганнинг азалий анъанасига айланиб улгурган гулчиликни яна бир бор намойиш этади. Боғнинг тунги дизайни ҳам янгитдан кўриб чиқилади.
Ушбу байрамда мамлакатимиз ва қўшни мамлакатлардан гулчилар қатнашиши билан биргаликда, хорижий давлатлардан кўплаб сайёҳлар таклиф этилган. Тадбирларни кўтаринки руҳ, юқори кайфиятда ўтказиш Наманган аҳлининг энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб тўёнаси бўлади.
Эслатиб ўтамиз: 60-Халқаро Гуллар фестивали 24-31 май кунлари Наманган шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти