Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

24 November, 2024, 01:38

Маданият

Чечакнинг гуллаши (Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги олдидан)

  • 02.Марта.2022
  • 924

ХIХ аср охири – ХХ аср аввалида Наманган шаҳридаги Чуқуркўча даҳаси, Танҳогўр маҳалласида донғи кетган, тақводор Маматхўжа (Муҳаммадхўжа) эшон яшаб ўтган. Бу зот олдидан ҳеч ким эшак ёки от миниб ўтиб кетолмаганлиги, бунга ботинолмаганлиги манбаларда қайд этилган. 
У кишининг биринчи хотини вафот этиб, тирноққа зор қолди. Илм-маърифат билан Аллоҳни ўзига яна ҳам дўст тутди. Тақводорлик, парҳезкорлик билан 30 ёшдан ўтди. Унга шу депарада яшовчи мулла Адҳам Охуннинг қизи – Холамбиби билан оила қуришни тавсия этишди. Шу тариқа уларнинг  тақдирлари боғланди.

Усмон Носирнинг отаси Носир ҳожи Масодиқов

Маматхўжа эшон ва Холамбиби хонадонида 1912 йил 13 ноябрь куни ўғил туғилди. Бир неча кун ўтгач, Маматхўжа Холамбибининг манглайини аста силаркан, фарзандига бермоқчи бўлган исм ҳақида ўйлай кетди «Ўзимнинг исмим Муҳаммад, зурёдимнинг исми Усмон бўлса...». Кечки пайт эр-у хотин ёлғиз қолишгач, Маматхўжа тепа токчада турган Қуръони Каримни олди-да, муқовасига аста қалам урди: «Усмонхон, 1279-хижрий сичқон йили, ақраб ойининг 22-кунидан 23-кунига ўтар кечаси дунёга келди...». Мазкур мўътабар китоб ҳамон оилавий архивда сақланмоқда. Носир ҳожи Масодиқовнинг оилавий архивда сақланаётган паспортида ҳам Усмон Носирнинг аниқ ёши кўрсатилган.
Усмоннинг чақалоқлик даври ва илк болалик йиллари анча сир-у синоатларга бой бўлди. Маматхўжа вафотидан аввал шундай васият қилади: «Куним битганга ўхшайди... Мендан рози бўлинг, отинча... Усмонхонни эҳтиёт қилинг... Етимлик азобини кўрмасин... У ҳаётда катта бахтга эришади... Аммо кўп азоб ҳам тортади... Дўстдан душмани кўп бўлади... Ёлғизлатманг уни... Ҳеч қачон ёлғизлатманг... Уни ўша оқ от қўриқлайди... (Бу ҳақда алоҳида ривоят бор – Р.И.). ...Лекин... Усмонхоннинг умр йўлида ҳақиқат билан ноҳақлик, адолат билан адоват кўп тўқнашади... Ҳа... кўп тўқнашади. Отга қашқирлар ташланади... Ёдингизда бўлсин гапларим... Усмонхонни эҳтиёт қилинг. Хафа бўлишига ҳеч йўл қўйманг...»
Маматхўжа вафот этди. Ҳовлида Маматхўжанинг укаси Саматхўжа ўзининг катта оиласи билан янгаси Холамбибига алоҳида меҳрибонлик кўрсатди. Усмонхоннинг етимлигини билдирмай, ардоқлади. Ярим йил ўтгач, Холамбибининг инилари – Абдураҳмон ва Абдуқаюм домлалар уларни ўз уйларига олиб кетишга изн сўрашди. Холамбиби ота ҳовлисига эрининг йили ўтгачгина кўчиб ўтишини билдирди...

Ўртада Усмон Носирнинг онаси Холам биби. Чапдан Равзахон, Набижон Раҳмонов (Носиржон ҳожининг жияни), Роҳатхон ва Инобатхон.

Ниҳоят, Холамбиби иниларининг ҳовлисига кўчди. Усмонхон ҳар икки ҳовлининг суюкли аъзоси эди.

* * *

Қўқонлик машҳур пахтачи бойнинг ўғли Носиржон Намангандаги пахта заводида иш бошлаганди. У 14 йиллик ҳаж сафаридан 1915 йилда қайтади ва шу заводда фаолиятини давом эттиради, холаси Тошбибиникида истиқомат қиларди. Носир ҳожи Масодиқов Абдураҳмон домлага одам қўйиб, синглисининг қўлини сўрайди. 1916 йилда Холамбибига уйланади. Усмонни ўғил сифатида ўз номига олади.
Холамбиби маърифатли аёл бўлгани сабабли Носир ҳожи зиёли аёлларга мўлжалланган Қозон шаҳрида ношир-муҳаррир Й. Халилий томонидан «Ҳар бир зиёли аёл учун» 1913 йилдан бошлаб ойда икки маротаба чиқадиган «Сюма-Бика» журналига обуна бўлади. Бу журналнинг 1917 йилнинг ярмигача бўлган барча сонлари оила архивида мавжуд.

Носир ҳожи Масодиқов куёвлари Ўткир Рашид билан.

Носир ҳожи Масодиқов рус-тузем мактабида ўқийди. Пролетар инқилобига ишонади. 1917 йилдан 1926 йилгача большевикларнинг Наманганда ташкил топган Туркистон дивизиясида таржимонлик қилади (Бу ҳужжатлар ҳам оила архивида бор).
Оилада 1918 йил февраль ойида Равзахон туғилгач, май ойида Носир ҳожи оиласини ўзининг ота ҳовлисига – Қўқонга олиб кетади. Ўзи Намангандаги ҳарбий горнизонда хизматни давом эттириб, Қўқонга бориб-келиб туради.
Икки оғиз сўз Носир ҳожи Масодиқовлар оиласи ҳақида. Унинг укаси Мансуржон Чархийнинг қадрдон дўсти, Қўқон адабий даврасининг доимий иштирокчиси бўлган. Ўртадаги уч ука ҳақида маълумотга эга бўлолмадик. Бешинчи укаси Ибоджон ҳам рус-тузем мактабини битирган. Кенжаси Иномжон ёш жиҳатидан Усмонга яқинроқ эди. 1925–1930 йилларда Ленинграддаги зоология ва фитопотология институтини тамомлаган. 

Кўриниб турибдики, Усмон ота-онаси томонидан Наманганнинг хўжаларидан, исломий олимлар шажарасидан бўлиб, парвариш қилган ота томонидан ҳам ўқимишли, зиёли кишиларга ука сифатида улғайди.
Халқ артисти Наби Раҳимов ҳикояси:  
– Усмон бизлар – маҳалладош ўртоқлари – Амин Умарий, Темур Фаттоҳ, Жавдат Абдулла ва бошқаларни уйига тез-тез таклиф қилиб, болалигиданоқ зиёфатлар уюштиришни яхши кўрарди.  Носир ҳожи отага у эрка ўғил эди. Бир куни эрта саҳар Усмонни йўқлаб кирсам, у ҳовли ўртасидаги шийпонда ухлаб ётибди. Атрофи ёзиб-чизилган қоғозларга тўла. Ҳожи ота докада сабзи шарбатини сузяптилар. Мен салом бериб, «Ҳожи ота, нима қиляпсиз?» десам, у киши: «Э, Набижон, ўртоғинг кечаси билан ижод қилиб чиқади, толиқади. Ёшлигидан шуни одат қилганман, ҳар куни наҳорда бир пиёла сабзи шарбатини ичириб қўяман... Кечгача тетик юради-да», – деб жавоб қилдилар ва аста бориб Усмонни уйғотдилар. Келганимни айтиб, шарбатни ичирдилар... Усмон ана шундай бахтли йигит эди...
Шоир Фурқатнинг жияни, Усмон Носирнинг маҳалладоши Оминахон ая ҳикояси:
– Маҳалламизнинг барча йигитлари Усмон акамга ҳавас қилишарди. Ўртоқлари Амин Умарий, Насрулла, Мадамин ва Давронлар, айниқса, Темур Фаттоҳ қачон қарасак Усмон акамникида бўлишарди. Темур Фаттоҳ етим бола эди. Шунинг учун Усмон акам кўпроқ унга меҳр кўрсатарди. Темур ака уларникида яшарди, десам ҳам хато бўлмайди. Носир ҳожи Темур акани боқардилар, кийинтирардилар... Хуллас, ўғилдек кўрардилар... 
Усмон 1920–1924 йилларда 1-босқич мактабида, 1924–1929 йилларда 2-босқич мактаб-интернатда ўқийди. Бу илмгоҳ машҳур санъаткор Халима Носирова ибораси билан айтганда, «етим-есирлар мактаби» дейилса-да, унда порлоқ келажак эгалари ўқишарди. Янгича билимга ташна бўлган, ўзига тўқ оилалар келиб чиқишларини яшириб, фарзандларини шу ерга беришарди. (Бу ҳақда рус адабиётшуноси В. Смирнованинг Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги мақоласида ҳам ёзилган). 

Мактаб билимдонларидан бўлган Ибоджон жияни Усмонни бирмунча қийинчиликлар билан (тўғрироғи, отасиз деб) интернатга жойлайди. Усмонжондаги қобилият шу ерда куртак очганди. Адабиёт муаллими Мухтор Муҳаммадийнинг кўмаги билан у 6-7-синфдаёқ Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг оқ фотиҳасини олганди.
1929 йили Усмон мактабни битириб, ўртоқлари билан Ленинградга саёҳатга боради. У ерда амакиси Иномжон бошчилигида шаҳар тарихини ўрганишади. «Қизил Путилов» заводида ўзи тузган дастур асосида адабий кеча ўтказади. Рус тилида оташин шеърлар ўқийди. 16-17 яшар Усмон Ленинграддан мебель тўплами сотиб олиб, поездда юртига олиб келади. Бу жиҳоз Қўқон учун янгилик эди.
Усмон Носир дўсти Темур Фаттоҳ билан бирга 1930 йилда Москвага – Бутуниттифоқ кинематография институтига ўқишга киради. Ўша ерда яшаб, ижод қилаётган Чўлпон билан танишади. Аммо шаҳар ҳаётига кўниколмай Қўқонга қайтади.
Усмон Носир 1931–1932 йилларда Қўқонда яшаб, «Янги Фарғона» газетасида мухбир, Ҳамза номидаги театрда адабий эмакдош, мактабда ўқитувчи, адабий тўгарак раҳбари сифатида фаолият кўрсатади.
1932–1934 йилларда Самарқанд педакадемияси – ҳозирги СамДУда таҳсил олади. У талабалик йилларидаёқ «Қуёш билан суҳбат» (1932), «Сафарбар сатрлар» (1933) шеърий тўпламларини эълон қилиб бўлганди. Нашриётга учинчи тўплами – «Тракторобод» шеърий китобини топширганди. Адабиёт майдонида таниқли бўлган йигит 1933 йилда бир ойга ижодий сафар билан Арманистонга боради. Озарбайжонда ҳам бўлади. Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинади.
1934 йил ўзбек, тожик ҳамда арман ёзувчиларининг 1-қурултойларида қатнашади. Бутуниттифоқ ёзувчиларининг 1-съездига – Москвага таклиф этилади. Бу педакадемия учун катта обрў ҳам эди.
Съезд 1934 йилнинг 17 августидан 1 сентабригача бўлиб ўтади. 28 август куни съезднинг 19-кечки мажлисида собиқ сиёсий арбоб, академик Николай Иванович Бухарин «Шеърият, унинг аҳволи ва шеърий ижоднинг Иттифоқдаги вазифалари ҳақида» нутқ сўзлайди. Маърузада қўйилган вазифалардан илҳомланган ёш шоир ўнлаб шеърлар яратади. Таржима билан шуғулланади.
Усмон Носир съезддан қайтгач, педакадемия раҳбарияти талабалар билан адабий учрашувини ташкиллаштиради. У Бухарин қарашларига мос равишда «Ўзбек адабиётининг ҳозирги аҳволи ва келажакдаги вазифалари ҳақида»ги фикрлари билан ўртоқлашади. Худди шу пайтнинг ўзида Москвада «ленин-сталин»чилар ва «тротскийчи-бухарин»чилар тўдаси ўртасида бешафқат кураш бошланганди. Ленин ибораси билан айтганда «партиянинг арзандаси» – «ички душман» сифатида Бухарин раҳбарликдан четлаштирилганди.
1934 йил 1 декабрда Сергей Миронович Кировнинг Ленинград шаҳрида отиб ўлдирилиши ҳам «тротский-зиноевчи»лар ва «бухарин-риковчи»лар бўйнига қўйилганди.
Мамлакатда қаттиқ «партиявий тозалов» бошланди. Самарқанд дорилфунунида тезкорлик билан йиғилиш чақирилади. Н. Бухарин маърузасини «тарғиб» қилган Усмон Носир тазйиққа олинади. Негаки, у олдинги учрашув-маърузасида Бухариндан иқтибос олиб «Истеъдод туғма бўлади», дея таъкидлайди. Бу фикрга тилшунос олим, профессор Ғози Юнусов қарши чиқади. Негаки, 30-йилларнинг марксист адабиётшунослари истеъдоднинг туғма эканлигига қарши туришарди. Шунга мажбур эди улар. Домла билан талаба кескин баҳсга киришади. Талаба ўз фикрини Белинский, Чернишевский, Добролюбов асарлари асосида исботлайди. Профессор «истеъдодни туғма дейиш, уни илоҳ билан боғлаш, бу – идеалистик қараш, бу – буржуа мафкураси», дея такрорлайди.
Талабалар орасида мағлубиятга учраган Ғ. Юнусов учун «обрўйини тўккан» талабани жазолаш имкони пайдо бўлганди?! У бундан фойдаланиб, адабиёт факультети комсомол ташкилоти котиби, ўша йили диплом ишини ҳимоя қилаётган Саломовни ишга солади. Йиғилиш дорилфунун кутубхонасида ўтади. Ғози Юнусов Усмон Носирни «бухарин»чиликда айблайди. Шоир йиғилишни ташлаб чиқиб кетади. Иштирокчиларнинг ярми – Иброҳим Назир, Амин Умарий, Қаюм Пўлат, Ўткир Рашид, Насрулло Даврон, Адҳам Ҳамдам ва Муҳаммаджон Маҳмуд ҳам йиғилишни ташлаб унга эргашишади. (Бу ҳақда Пўлат Ҳамдам ҳам дадаси Адҳам Ҳамдамдан эшитганини айтганди. - Р. И.).
Орадан икки кун ўтгач, шоир янги 1935 йил арафасида Қўқонга, уйига қайтиб келади. Хайриятки, ректор Карим Абдуллаев Ғози Юнус тазйиқи остида чиқарилган факультет ёшлар уюшмаси қарорини инобатга олмайди. Усмон Носирнинг қайтишини ярим йил кутади, чақирув хатлари юборади. Аммо бир сўзли йигит ўқишга қайтмайди. Шундан сўнг у 1935 йил 16 июль куни талабалар сафидан чиқарилади.
Шундай бўлса-да, шоир жўшиб ижод қиларди! 1935 йилдан Усмон Носир «Ёш ленинчи» (ҳозирги «Ёшлар овози») газетаси таҳририятида ишлай бошлайди. Адабиётимиз тарихида илк бор ва атиги бир марта ёш шоир ижодининг 10 йиллиги (1927–1937) нишонланади. Ва бу Усмон Носир пешонасига ёзилганди. Адабий кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 1937 йил 27 январь куни ўтказилди. Республика раҳбари Акмал Икромов шоирни «Ўзбек шеъриятининг порлоқ юлдузи», деб эълон қилди. Уни «ўзбекларнинг Лермонтови» деб атади. Унда шоир Уйғун ҳам оташин нутқ сўзлади.
1937 йил март ойида Усмон Носир ота-онаси ва сингиллари – Равзахон, Роҳатхон, Инобатхонларни Қўқондан Тошкентга кўчириб олиб боради. Май-июнь ойларида Пушкин вафотининг 100 йиллиги муносабати билан Москвада ўтказилган Бутуниттифоқ Ёзувчилар уюшмаси IV пленумида ҳам қатнашади. Москва газеталарида «Шарқда Пушкин пайдо бўлди», деб бонг уришди. Ва бу мутлақо ҳаққоний эътироф эди! Бу ўзбек боғидаги чечакнинг гуллаши эди!

(Шоирнинг жияни, ёзувчи ва олима Нодира Рашидованинг тадқиқотларидан фойдаланилди).

Раҳимжон ИРИСОВ,
журналист.   

Энг кўп ўқилганлар

Календарь