Қисқа сатрларда

Икки йилдан бери алимент тўламаётган қарздор топилди

Бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликлар ундирилмоқда

Солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир

Янги таъмирланаётган йўлда транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 21 мингтадан 40 мингтага оширилади

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

04 May, 2024, 11:11

Маданият

Елхонда якдиллик байрами

  • 16.Марта.2023
  • 813

Давлатобод туманидаги Елхон маҳалласида янгиланиш, ёшариш байрами – Наврўз кенг нишонланмоқда.

Азалдан аждодларимиз кўкламнинг илк ойига алоҳида эътибор бериб, уни «улуғ ой» ёки «умид ойи» деб аташган. 
Дўстлик кўчаси бўйлаб икки томонда маҳаллий тадбиркорлар, ишбилармон ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган турли маҳсулотлар намойиши, туман маҳаллалари ва ўқув муассасалари вакиллари ташкил этган миллий  кўргазмалар, спортчи ёшларнинг махсус ажратилган жойлардаги чиқишларида байрамона кайфият мужассам. Лапарчи аёлларнинг шўх қўшиқлари барчани рақсга чорлади. 

– Наврўз байрами қадимдан покланиш, янгиланиш ва яшнатиш каби удумлардан бошланган. Одамлар гина-кудратни унутган, бир-бири билан жанжаллашганлар бўлса ярашишган, меҳр-мурувватли бўлиб, яхши тилаклар билдиришган. Беморлар ҳолидан хабар олиниб, кам таъминланган оилаларга йўқловлар уюштирилган, – дейди 76 ёшли Гулчеҳра момо Мирзамаҳмудова. – Бу удумларимизни сақлаган ҳолда ёшларимиз онгига сингдиришимиз, уни келажак авлодга ҳам етказиш лозимлигини уқтиришимиз, Наврўзнинг маънавий аҳамиятини, унинг муҳим тарбия воситаси эканлигини англатишимиз керак. Бугунги ташкиллаштирилган байрамда ана шу жиҳатлар яққол намоён этилди.

Наврўз  нафақат оилалар тотувлиги, балки миллатлар бирдамлиги билан боғлиқ эзгуликлар айёми сифатида ҳам қадрлидир. Чунки, оила аждодлардан мерос бўлиб келаётган қадрият, яъни хонадон ёки қариндош-уруғларни бирлаштирса, бундай оммавий байрамлар миллатидан қатъий назар барча  халқни жипслаштиради. Вилоятдаги миллий марказларнинг  иштироки ҳам байрамга безак бўлди. Ранг-баранг либослардаги рус, корейс, тожик ва қирғиз миллатига мансуб аҳоли вакиллари ўзларининг  миллийликни ифода этувчи кўргазма, урф-одат ва қадриятларини тараннум этувчи намойишлари билан қатнашдилар. 

– Маҳалламизда асосан қирғиз миллатига мансуб 2628 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла раиси Саодат Қўшмонова. – Улар асосан чорвачилик, боғдорчилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланишади. Оилалар аҳиллиги ва тотувлигида ёши улуғларимизнинг ўгитлари, насиҳатларининг аҳамияти беқиёс. Қирғизлардан ташқари ўзбек, рус, корейс, турк, қозоқ, қорақалпоқ, тожик, немис ва ҳинд миллати вакиллари ҳам бор. Бир-бирлари билан қуда-андачилик ришталарини боғлаганлар ҳам  анчагина. 

Наврўзни сумалак таомисиз тасаввур этиш мушкул. Ашурбек Боганбоев хонадонига ўрнатилган дошқозонда қайнаб турган сумалак атрофида бирлашган турли миллат вакилларининг юз-кўзларида мамнунлик, шукроналик уфуриб турибди. Аъло кайфиятдаги момоларнинг «Сумалакдан тош топдим, бир парча қуёш топдим...» дея куйлаётган қўшиқларига ёшлар жўр бўлишди, бувижонлар эса шодумон кунларга шукроналик ҳисси билан дуога қўл очишди.

Тадбирда Давлатобод тумани ҳокими Анваржон Тожимирзаев иштирок этди ва йиғилганларни байрам билан қутлади. 

Шоҳида ДАМИНОВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь