ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34882
03 December, 2024, 12:14
Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида таниқли фото ижодкор Ҳотам Мамадалиевнинг «Ҳиндистон ўзбек фотожурналистлари нигоҳида» номли кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Ушбу кўргазма Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Лаъл Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданияти маркази, Ўзбек-Ҳинд туризм ассоциацияси, Ахсикент археология парки ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.
Кўргазманинг очилишида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, «Ўзбекистон тарихи» телеканали директори Шуҳрат Ҳайитов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Халқаро ахборот таҳририяти бош муҳаррири Ғайрат Хонназаров ва бошқалар кейинги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги иқтисодий, маданий-маърифий алоқалар янгича ривожланиш босқичига чиқаётганини, айниқса, маданият, бизнес, сайёҳлик борасида ўзаро муносабатларнинг янги истиқболлари учун кенг йўл очилаётганини алоҳида таъкидлади.
Халқларимиз бобурийлар мероси, уларнинг Ҳиндистон маданиятидаги ўрни ҳақида фахрланиб гапиради. Айни пайтда мазкур ижодий кўргазма буюк ҳинд шоири Рабиндранат Тагор таваллуди арафасида ўтаётгани ҳам маърифий алоқаларимиз муштараклигидан дарак беради.
– Халқларимиз ўртасидаги алоқалар қадим тарихга эга, – деди Ҳиндистон элчисининг маслаҳатчиси Ариф Саид. – Ҳозирги кунда бу муносабатлар янада равнақ топиб бормоқда. Икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни тобора ривожлантиришда бундай кўргазмаларнинг аҳамияти катта. Муаллиф Ҳиндистоннинг барча штатларига бориб, таассуротларини объективга ўзига хос тарзда муҳрлагани диққатга сазовор. Айни пайтда ўзбек фотографининг Рабиндранат Тагор шахсига муносабати, ҳурмати ва эҳтироми ҳам мазкур кўргазмадан ўрин олган суратларда акс эттирилган.
– Мен Бобур ва бобурийлар тарихига қизиққаним боис, Ҳиндистон билан боғлиқ маълумотларни синчиклаб ўрганаман, – деди «Ўзбекистон тарихи» телеканали директори Шуҳрат Ҳайитов. – Ушбу кўргазма ўзбекистонликларнинг Ҳиндистон ҳақидаги тасаввурларини янада бойитишга хизмат қилади.
– Ҳинд халқи азалдан ўзбеклар билан жуда илиқ, яқин ва самимий муносабатда бўлган, – деди Ҳотам Мамадалиев. – Ҳиндистондан Малика Наранг исмли қиз Наманганда бўлиб ўтадиган «Гуллар фестивали» ва бошқа маданий тадбирларда фаол иштирок этади. Ўзбекистонга меҳри баланд бўлган қиз хонадонимизда ҳам меҳмон бўлган. Ҳиндистонга сафар қилишимизда ҳам қайсидир маънода шу қиз сабабчи бўлган. Кўргазмадаги суратлар ўзбек томошабинларининг Ҳиндистон, унинг буюк ижодкори Рабиндранат Тагор ҳақидаги тасаввурларини бойитиш ва кенгайтиришга хизмат қилади, деб умид билдираман.
Айтиш керакки, 2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ахсикент археология парки вакилларининг бир ойлик Ҳиндистон сафари таассуротларга жуда бой бўлди. Ахсикент археология парки вакили Анвар Икром ва ЎзА фотомухбири Ҳотам Мамадалиев Деҳли, Агра, Жайпур, Мумбай, Чандигарҳ ва яна ўндан ортиқ шаҳарларда бўлишди. Сафар давомида учрашувлар, мулоқотлар, ҳинд халқи ҳаётини фотограф Ҳотам Мамадалиев тасвирга муҳрлади. Мазкур кўргазмани ҳам фотомухбиримизнинг ҳинд диёрига сафаридан сарҳисоб, дейиш мумкин.
Ҳотам Мамадалиев кўп йиллардан буён Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. У бир қатор долзарб фоторепортажлар, таҳлилий фотолавҳалар муаллифи бўлиши билан бирга турли хорижий мамлакатларга қилган саёҳатларига доир кўргазмалари билан ном қозонган. Мафтункор диёр – Ҳиндистонни ўзбек фотоижодкори Ҳ. Мамадалиев нигоҳи билан кўришга имкон берувчи ушбу кўргазма томошабинларга манзур бўлмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА
Ҳамдамжон Мамадалиев олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти