Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

24 November, 2024, 12:11

Маданият

Гул бор жойда бахт бор

  • 29.Мая.2022
  • 786

Қирол Сежонг корейс тил маркази Жанубий Корея ҳукумати томонидан аккредитациядан ўтган бўлиб, корейс тили таълим муассасаси ҳисобланади. Халқаро гуллар фестивалида мазкур марказ ўзининг кўргазмалари билан иштирок этяпти.

Марказ мутахассиси Ким Джун хоним билан суҳбатимиз қизғин кечди.

– Наманганга хуш келибсиз, хоним. Байрам ҳақидаги таассуротларингиз қандай?

– Фестиваль ҳайратлари ҳақида алоҳида бир асар ёзиш мумкин. Мана бир неча кундирки, гулга ошуфта инсонлар оқими фестиваль бошлангандан бери тингани йўқ. Эътиборимни тортгани боққа келаётган одамлар гул харид қилишяпти. Уларнинг хонадонлари, кўчалари гулзорга айланяпти. Гул бор жойда бахт бўлади, дейишади. Демак, ҳар бир оила бахтли яшамоқда.

– Кўргазма ҳақида маълумот берсангиз...

– Марказимиз корейс тили ва маданиятини тарғиб қилади. 2021 йилнинг сентябрь ойида Наманганда ўз фаолиятини бошлаган марказ бугунги кунда юзлаб ёшларга корейс тилини ўргатади. Кўргазмамиздан корейслар ҳаёти, яшаш тарзи, маданияти, урф-одатларини тарғиб қилувчи миллий либослар, санъат асарлари,  миллий чолғу асбоблари, давлат рамзлари ўрин олган. Кореялик машҳур рассомлар ўз асарларини марказимизга совға қилган, ушбу асарлар ҳам кўргазмада намойиш этиляпти. Қирол Чо Сон даврида ишлатилган уй-рўзғор буюмлари намуналари кулоллар томонидан ясалган, ушбу буюмлар эса уста рассомлар томонидан безатилган. Ёритувчи чироқлар, миллий либосларимиз айниқса, фестиваль иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Корейс ва ўзбек халқлари ўртасидаги ўхшаш жиҳатлар нимада деб ўйлайсиз?

– Ҳар икки миллатнинг самимийлиги, меҳнаткашлиги, рост сўзни қадрлаши, кимгадир ёрдам керак бўлса бажонудил кўмак бериши уларни бирлаштириб туради, десам янглишмайман. Корейс ва ўзбек пазандачилиги гарчи бир-бирини такрорламаса-да, ўзига хослиги, тотлилиги билан ҳар икки халқ таомлари дунёга машҳур. Мен фаолиятим давомида кўплаб ўзбекистонлик ёшларнинг Жанубий Кореяда ўқиш, ишлаш истаги борлигини сездим. Ва ўз навбатида мамлакатимизда ҳам Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурлар бошқача. Мана ўтган йилдан бери фаолиятим сабаб Ўзбекистонда яшаяпмиз. Меҳмондўст, бағрикенг ўзбеклар бизга жуда ҳам ёқди.

– Режалар билан ҳам ўртоқлашсангиз...

– Марказ фаолияти кенгайиб бормоқда. Ўқувчиларимиз сафи кўпаймоқда. Биз нафақат  корейс маданияти тарғиботчиси, балки ўз юртимизда ўзбек тили ва маданиятини ҳам тарғиб қилмоқчимиз. Икки халқ ўртасидаги дўстона алоқалар ривожланса, бундан барчамиз манфаатдор бўламиз.

Фестивалда келгуси йилда ҳам иштирок этиш ниятимиз бор. Биз бу ерда кўрганларимизни интернет орқали дўстларимизга, ватандошларимизга улашдик. Улар ҳам Ўзбекистонга келиш нияти борлигини айтишди. Гуллар ватани бўлган Наманган эса қалбимизга ёрқин хотиралари билан муҳрланди.

– Ажойиб суҳбат учун ташаккур.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь