Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 11:49

Маданият

Гуллар фестивали: таассуротлар гўзал ва унутилмас

  • 27.Мая.2022
  • 774

Гуллар диёри Наманганнинг анъанавий байрами – 61-Халқаро Гуллар фестивали Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида қизғин руҳда давом этмоқда. 
Вилоятдаги  туманларнинг барчаси ўзлари учун ажратилган майдонларни байрамона тусда гуллар билан ясатдилар. Айниқса, Чуст туманига ажратилган майдондан меҳмонларнинг кети узилмайди. Унинг рамзи бўлган дўппи-ю пичоқлари ҳамда Чуст боғидаги минорани акс эттирган турфа гуллар композицияси барчанинг ҳайратини оширди. 
Йилдан йилга нуфузи ортиб бораётган бу йилги фестивалга Туркиядан келган Туркел медиа президенти Рамз Аббос ўғли ва Ҳакима Баҳром қизи ҳам анвойи гуллардан завқланиб, ҳайратини яширолмади:
– Ўзбекистон билан тобора алоқаларимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Икки оға-ини бўлган ўзбек ва турк халқи катта тадбиру шодиёналарини бирга баҳам кўришади. Бугунги фестивал ҳам бунга мисол. Дарҳақиқат, Наманган – гуллар диёри экан. Турфа гулларни кўрган кишининг кайфияти кўтарилиши табиий. Айниқса, бир биридан мазали бўлган миллий таомлар, одамларнинг меҳмондўстлиги, ширинсўзлиги бизни мамнун этди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун шароитлар аъло даражада ташкил этилган, – дейди у.
Татаристондан келган ТНВ «Новый Век» (Татаристон «Янги Аср») тележурналисти Сарвиноз Каримовани ҳам суҳбатга тортамиз: 
– Тинч ва осуда юртга байрамлар ярашади. Ўзбекистонга янада ҳавасимиз ортди, халқаро фестиваль мақомидаги гул байрами Ўзбекистонни, Наманганни нафақат дунёга танитади, балки жаннатмонанд юртнинг  жамолини кўз-кўз  қилиб, сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади, – дейди у.
– Халқаро гуллар байрами  аввалгидан ўзгача. Кўрган кишининг баҳри дили очилади. Қирғиз ва ўзбек муносабатлари яқин йиллар оралиғида янада мустаҳкамланиб, савдо, иқтисодиёт ва туризм ривожланиб бораётир. Бизнинг бундай бағрикенг, очиқкўнгил мамлакат билан яқинлигимиз ва муносабатимиз қадрланиб, аҳиллигимиз сақланиб қолаверади. Бу йилги гуллар байрами сайёҳлар билан эътиборга лойиқ, – дейди Қирғизистоннинг  маҳаллий каналлари мухбирларидан  Оразбой Атамирзаев.
Қозоғистонлик Ойкарам Сафоеванинг ҳам дастлабки таассуротлари ёқимли. 
– Наманган Гуллар фестивали халқаро мақомга эга бўлди. Кўлами кенгайиб, дунё миқёсига кўтарилгани нафақат вилоят, балки бутун мамлакат  аҳлининг ғурур-ифтихорига сабаб бўлмоқда, – дейди у. – Бу қўшни ва Европадаги ривожлаган мамлакатлар учун ҳам Наманганнинг ташриф қоғози ҳамда брендига айланишга   улгурди. Бундан буёғига ҳар  йили оилам ва яқинларим билан келишни ният қилдим.
Дарвоқе, фестивалнинг меҳмонлар учун унутилмас воқеа сифатида эсда қолиши ва таассуротларга бой тарзда ўтиши учун барча зарурий саъй-ҳаракатлар амалга оширилган. Жумладан, ташкилотчилар томонидан фестивал давомида меҳмонларни сайёҳлик жойларига ташриф буюриш истагидан келиб чиқиб, бир нечта туристик маршрутлар ишлаб чиқилди.
Юртимизда гулчилик анъаналарини ривожлантириш, қолаверса, вилоятимиз шаҳар ва туманларининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, инвестиция жозибадорлигини кенг тарғиб этиш, ички ва ташқи туризмда муҳим аҳамият касб этади.

Отабек ҚОБИЛОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь