ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34707
21 November, 2024, 04:22
63-халқаро «Гуллар фестивали» мундарижаси ранг-баранглиги, мазмун-моҳияти жиҳатидан бойлиги ва турфа хиллиги билан янада ўзгача касб этмоқда. Ана шу фестиваль доирасида бу йил илк маротаба «Наманганлик рассомларнинг рангтасвир ижодлари кўргазмаси ва санъат асарлари савдоси» бўлиб ўтди.
Наманган шаҳридаги Усмон Носир хиёбонида ташкилланган тадбирдан рассомлик санъати йўналишида таълим муассасаларида ёшларга сабоқ бераётган устоз-ўқитувчилар, талабалар, ўқувчи ёшларнинг юзга яқин ижодий ишлари ўрин олди.
Уларнинг рангтасвир, графика ва халқ амалий санъати йўналишларига асосланган кўргазмасидан жой олган асарларда юртимизнинг сўлим табиати, қишлоқлари, қуёшнинг заррин нурларидан лов-лов ёнаётган сархил мевалари-ю муаттар ҳидларини атрофга таратиб, кўзни қувнатадиган турфа гуллари, пурвиқор тоғлару куйлаб оқаётган сой ва дарёлари, қўйингчи тўрт фаслнинг гўзал манзаралари акс этганди.
Устозлар – маҳобатли тасвирий санъат устаси, рассом Ҳамидулла Йўлдошев, «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони соҳиби, Наманган ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқитувчиси Маҳаммадсоли Аҳмедов, НамДУ ўқитувчиси Фарҳод Сатторов, графика, рангтасвир бўйича мўйқалам соҳиби Наманган ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси Аҳаджон Дадабоев, Учқўрғон шаҳридаги ихтисослаштирилган саньат мактаб-интернати ўқитувчиси Бекзод Зокировларнинг мавзули композициялари ўзининг бетакрорлиги, мундарижасининг бойлиги, мазмундорлиги билан меҳмонлар олқиши ва эътирофларига сазовор бўлди.
Шунингдек, ёш мўйқалам соҳиблари – тасвирий ва амалий санъат республика фестивалининг бу йилги ғолибаларидан бири, 2-ўрин соҳибаси, Наманган ихтисослаштирилган санъат мактаби, 2-босқич ўқувчиси Рушана Якубова, Камолиддин Раҳимов номидаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари Нигина Мухсинова, Шахрина Турсунбоева ҳамда Шахбоз Авазбековларнинг чизган суратлари ҳам тадбирга ташриф буюрганларни бефарқ қолдирмади. Улар нафис санъат асарлари орқали юртимиз маданияти, тарихи, гўзал табиати ҳамда мозий ёдгорликларини кенг тарғиб қилишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар, десак асло муболаға эмас.
«Кўча ва санъат» дастури лойиҳаси асосида Наманган шаҳар маданият бўлими хонандалари Оқила Собитова, Муроджон Адашев, Фотимахон Охунова, Саидбек Эргашев, Фируза Тошпўлатоваларнинг чиқишлари тадбирга ўзгача файз, томошабинларга эса кўтаринки кайфият бағишлади.
– Бугунги устоз ва ёш рассомларнинг ижодий кўргазмалари ҳамда унинг савдоси гуллар байрами доирасида илк маротаба ўтказилмоқда. Бунинг учун вилоят ҳокимлиги ва ташкилотчиларга ўз миннатдорлик билдираман. Бизнинг ижодий ишларимиз билан қизиқувчилар сони ортганидан хурсандмиз. Мен биргина «Анорхон» композициямни дунё кўргазмасига қўйганман. Унинг харидорлари бисёр. Демоқчиманки, Наманганда ҳам чинакам мўйқалам соҳиблари талайгина. Бу каби қўллаб-қувватлашлар, эътибор ва эҳтиромлар Наманганни дунёга танитади, – деди Ўзбекистон Бадиий Академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, маҳобатли рангтасвирчи, кўп қиррали рассом Ҳамидулла Йўлдошев.
Кўргазмада Инвестициялар, савдо ва саноат вазири Лазиз Қудратов ҳамда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовлар иштирок этиб, мусаввирларнинг ишларига юксак баҳо беришди.
Фотимахон ТОШМАТОВА.
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти