Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 08:01

Маданият

«Гуллар меҳрни, эътиборни сезишади», – дейди косонсойлик гулчи Муҳаммадолим Ҳамдамов

  • 29.Апреля.2022
  • 911

Бугун вилоятимизда кенг кўламдаги қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунда айниқса, гулчиларнинг ўрни салмоқли бўляпти.
Йўлингиз тушиб Абдураҳмон Жомий маҳалласига бориб қолсангиз, албатта, номи билангина эмас, гўзаллиги, чиройи билан ҳам кишига чинакам ором бағишлайдиган Оромбахш кўчасига бир кириб ўтинг. Бу масканда энди-энди гулчилик билан шуғулланаётганлардан тортиб, бу ишни нафақат суюкли машғулот деб биладиган, балки уни даромад манбаига айлантира олган инсонлар ҳам истиқомат қилишади. Муҳаммадолим Ҳамдамов шулардан биридир.

– Оилада етти фарзандмиз. Дадам Обиджон ака узоқ йиллар «Атлас» фабрикасида муҳандис бўлиб ишлаганлар, бўш пайтларида эса гулчилик билан шуғулланар, уй бекаси бўлган онам билан барчамиз у кишига ёрдамлашардик. Шундан бўлса керак, гулга меҳрим болалигимданоқ тушганди. 2019 йилда – бу ишга эндигина қўл урган пайтларимда олдимда қанчалик катта қийинчилик ва муаммолар борлигини, уларни енгиб ўтишимга тўғри келишини тасаввур ҳам қилолмасдим, – дейди у. – Аммо давлатимиз томонидан тадбиркорлик ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор, тинимсиз қилинган меҳнат, изланишлар барча оғирликни енгиб ўтишимга кўмак берди. 

Муҳаммадолим ўз маблағи ва кредит ҳисобига биринчи иссиқхонани қурганига ҳам салкам тўрт йил бўлди. Ўтган вақт ичида у тинмай ўқиди, ўрганди, жаҳон глобал тармоғи ёрдамида гул етиштиришга оид неки маълумот бўлса барчасидан бохабар бўлишга интилди. Бу ишга укаси ва сингилларини ҳам жалб қилди. Электрпайвандчилик касбини пухта эгаллагани жуда қўл келди. Муҳаммадолим бошчилигидаги Ҳамдамовларнинг гулчилик сулоласи бугунга келиб 15 сотих майдонни эгаллаган учта алоҳида иссиқхонада эллик мингдан зиёд петуня, шафран, павли, виола, акила, газаня ва бошқа турдаги гул кўчатларини етиштирмоқда.

– Айниқса, йил бошида ишларимиз роса кўпаяди, – дейди қаҳрамонимиз. – Ўшанда ҳатто қўни-қўшниларни ҳам ёрдамга чақиришимизга тўғри келади. Бу ҳам бизга фойда – ишимиз вақтида битади, ҳамсояларимиз ҳам пул ишлаб олишади...
Ҳамдамовлар оиласида етиштирилаётган гул кўчатлари ҳозирда нафақат туман ободонлиги, балки вилоятимизнинг бошқа кўпгина шаҳар-туманларидаги хонадонларни ҳам яшилликка буркаб, зийнатламоқда. Муҳаммадолимнинг режалари эса янада катта.
Шу кунларда Ҳамдамовлар сулоласи Наманган шаҳрида ўтказиладиган 61-Халқаро гуллар фестивалига пухта ҳозирлик кўрмоқда. 
– Байрамда ўз композициям билан қатнашишни ният қилганман, – дейди Муҳаммадолим.
– Маҳалламизда гулчи хонадонлар йил сайин кўпайиб боряпти, – дейди маҳалла раиси Н. Эшонов. – Уларга керакли йўл-йўриқни бериш ва гулчиликни ривожлантиришда Муҳаммадолимнинг ҳиссаси катта бўляпти.

Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ,
«Наманган ҳақиқати» мухбири.
Рустамхон ТЕМИРОВ,
Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь