Қисқа сатрларда

«Гуллар фестивали»га тайёргарлик бошланди

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

23 November, 2024, 08:21

Маданият

Гуллар шаҳри нафосат ва гўзаллик оғушида!

  • 23.Мая.2022
  • 1242

Халқаро гуллар фестивали тантаналари вилоятнинг ҳаво дарвозаси – Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган енгил автомобиллар, юк машиналари, комбайн, трактор, ҳатто автокрангача анвойи гулларга бурканган 200дан ортиқ транспорт воситаларидан иборат карвон Ислом Каримов шоҳкўчаси – Амир Темур – Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланди.

Дунёнинг манаман деган мамлакатлари парад орқали ўз ҳарбий салоҳиятини кўз-кўз қилаётган бир даврда бизнинг тинчликсевар Ўзбекистонимизда гуллар автопаради орқали гўзаллик бутун жаҳонга тараннум қилинмоқда.

Гуллар байрамининг асосий тантаналари бўлиб ўтадиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида байрамни юқори савияда ташкиллаштиришга пухта ҳозирлик кўрилди. Бу муаззам масканда ёшу кексани бирдек ўзига оҳанграбодек жалб этадиган 10 миллиондан ортиқ гул кўчатлари экилди. Наманган гулчилиги, маданиятининг узоқ ўтмишини ўзида акс эттирувчи очиқ осмон остидаги музей ташкил этилди.

Фестивалнинг тантанали очилишида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов таъкидлаб ўтганидек, гуллар байрами давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи чоғидаги ташаббуси билан 2018 йилдан эътиборан «фестиваль» мақомига эга бўлди ва халқаро миқёсда ўтказила бошланди. Гул сайилларида нафақат мамлакатимиз, балки қўшни давлатлар, қолаверса, Шарқий Осиё мамлакатларининг гул ишлаб чиқарувчилари ҳам иштироки йўлга қўйилди. Корея ва Ҳиндистон мамлакатлари вакиллари ҳам алоҳида жойда ўзаро дўстлик муносабатларимизни тарғиб этувчи кўргазмаларини ҳавола қилдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил сентябрь ойида наманганлик сайловчилар билан ўтказган учрашувида вилоятда гулчиликни ривожлантириш, уни саноат даражасига олиб чиқиш борасида бир қатор таклифлар илгари сурилганди.
Наманган шаҳрида жойлашган Гулчилар ассоциацияси лабораториясида гулларнинг янги навларини яратиш, уларни клонлаш ва турларини хилма-хил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу фестиваль доирасида махсус ер участкалари ажратилиб, зарур инфратузилма яратилди. Маҳаллий гулчилар мингдан зиёд бир йиллик, кўп йиллик ва бошқа турфа хил гулларни парваришламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг махсус қарори асосида Давлатобод тумани гулчиликка ихтисослаштирилиб, алоҳида кластер ташкил этилди. Унда истиқболли навларни кўпайтириш, хориждан келтирилган кўчатларни маҳаллийлаштириш орқали янги навлар яратишга йўналтирилган илмий-амалий марказ шакл-лантирилди. 10 сотихли иссиқхонада йил давомида олиб бориладиган машғулотларга барча ёшдаги ҳаваскорлар жалб этилиб, бир ярим ойлик сабоқдан сўнг махсус сертификат олмоқда.

Гул байрами сайиллари олдинлари 2-3 кун, кейинчалик бир ҳафта давомида ўтказилган бўлса, фестивалга бўлган эътиборнинг йилдан-йилга ошиб бориши, сайёҳлар оқимининг тобора ортиши натижасида, қолаверса, таклиф ва истак-лардан келиб чиққан ҳолда жорий йилдан эътиборан халқаро гуллар фестивалининг муддати 15 кунга узайтирилди.

– Бу йилги фестиваль дастури ниҳоятда кенг ва ранг-баранг, гуллар автопаради давомийлигидан ташқари кўплаб маданий-маърифий, кўнгилочар ва мотивацион тадбирларни ўтказишни режалаштирганмиз, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Нуриддинов. – Жумладан, Фарғона водийси вилоятлари модалар ҳафталиги, спортчиларнинг чиқишлари ва маҳорат сабоқлари, Ўзбекистон халқ артисти, эл суйган ҳофиз Камолиддин Раҳимов хотирасига бағишланган «Камолиддин издошлари» Республика танлови, Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг «Очиқ осмон остида» концерт дастурлари, рус миллий драма театри спектакли томошалари, таниқли бизнес тренерлари билан мулоқотлар,  вилоят бадиий жамоалари, дорбозлик ҳамда бошқа турдаги халқ ўйинлари ижрочиларининг чиқишлари бўлиб ўтади. 

Вилоятимизнинг ўзига хос халқаро ва миллий брендига айланган 61-Халқаро гуллар фес-тивали тантаналарини томоша қилиш учун Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Озарбайжон, Эрон, Хитой, Корея, Покистон, Туркия, Ҳиндистон, АҚШ каби 20дан ортиқ хорижий давлатлардан меҳмонлар ташриф буюрди.

Шулар қаторида, Наманганимиз билан биродарлашган ҳудудга айланган Туркиянинг Испарта ва Усмонғози, Қирғизистоннинг Жалолобод, Хитойнинг Циндао, Корея Республикасининг Инчеон ва Сеонгнам, Покистоннинг Панжоб, Россиянинг Челябинск ва Екатеринбург шаҳарлари маъмуриятларига таклифномалар юборилди. Шунингдек,  гуллар байрамини кенг тарғиб этиш учун таклиф қилинган жаҳоннинг ўндан ортиқ мамлакатларнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари ва таниқли блогерлар Наманганга келиб, жараёнларни тўғридан-тўғри ёритиб бормоқда.

– Наманганга иккинчи бор келишим. Ҳам сайёҳ, ҳам журналист сифатида сайилларни, шаҳардаги ижобий ўзгаришларни кузатиб боряпмиз, – дейди Озарбайжон Республикасининг «Turkel-media» медиа холдинги бош муҳаррири Рамз Аббос ўғли. – Бу байрам миллатлар ва халқларни бир-бирига яқинлаштириб, дўст сифатида бирлаштиради. Наманган эли миллатлар орасида дўстлик кўпригини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани ғоят қувонарлидир.

Байрам тадбирига йиғилганлар Бобур боғида ташкилотларнинг гуллар экспозициялари, шаҳар ва туманларнинг ўзига хос анъаналарини ўзида ифода этувчи турфа гул декорация ва композициялари билан танишиб, эстетик гўзалликдан баҳраманд бўлмоқда.  

Мафтункор манзаралар, сермазмун томошалардан шодланиш иштиёқидаги катта-ю кичик меҳмонлар гуллар тимсолида нафосатга ошуфта шаҳар аҳлининг азму шижоати, гулга бўлган меҳридан ҳайратланиб, уларнинг гулчилик тажрибасига юқори баҳо бермоқда.
– Гуллар фестивалига таклиф қилинганимиздан беҳад хурсандмиз. Бир-биридан мафтункор гулларни кўриб, очиғи лол қолдик, – дейди Покистоннинг Фасилобод шаҳридан келган Акиб Насир. – Ўзбекистонни бутун дунёга бўйу басти билан танитадиган мана шундай кенг кўламдаги байрамларни кўпроқ ўтказилиши тарафдоримиз.

– Нафосат байрамини эшитиб, бутун оиламиз, набираларим билан Наманганга ошиқдик, байрамни бунчалик юқори даражада ўтишини кутмагандик, – дейди Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидан келган 70 ёшли Турсунтош ая Тошмуродова. – Бир-биридан ажойиб гул композициялар томошасидан кўзимиз тўймаяпти. Аъло даражадаги ташкилотчилик ва меҳмондўстлик учун раҳмат.

– Одамнинг табиати ўзи гулдай. Шу боисдан ҳам гулга ошуфта бўлади, кўнгил гул истайди, – дейди Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳридан келган сайёҳлардан бири Отақул Жалилов. – Тили, дини, қарашлари муштарак бўлган ўзбек ва қирғиз халқларининг узоқ йил кутган орзулари амалга ошиб, чегаралар очилгани биз учун айни муддао бўлди. Туристик фирма орқали 700 кишидан иборат делегация таркибида Гуллар фестивалини кўргани келдик. Сайилларни кўриш асносида Наманган вилоятининг инфратузилмаси, маданияти, урф-одатлари, маданий мероси билан ҳам яқиндан танишдик. Бундай байрамларда туристлар оқими кўпайиб, фаровонлик ва даромад манбаи ортишига эришилади.

Дарвоқе, фестивални меҳмонлар учун унутилмас воқеа сифатида эсда қолиши ва эсда қоларли таассуротларга бой тарзда ўтиши учун барча зарурий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, тадбир ташкилотчилари томонидан меҳмонларнинг фестивал давомида сайёҳлик жойларига ташриф буюриш истагидан келиб чиқиб, бир нечта туристик маршрутлар ишлаб чиқилди.
Юртимиздаги гулчилик анъаналарини, қолаверса, вилоятимиз шаҳар-туманларининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, инвестиция жозибадорлигини кенг тарғиб этиш ҳамда ички ва ташқи туризм ривожида муҳим аҳамият касб этадиган 61-анъанавий Халқаро гуллар фестивали тадбирлари 5 июнга қадар давом этади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
«Наманган ҳақиқати» мухбири.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь