ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34730
23 November, 2024, 04:06
Наманган шаҳар ҳокимлигининг шундоққина рўпарасидаги хиёбонга Усмон Носир номи берилди. Олма дарахти тагидаги ўриндиқда ўтирган эркафеъл шоирнинг чақноқ нигоҳлари гуллар чаманидан сурур ичаётган илҳом оғушидаги ҳоли тасвирланган ҳайкали хиёбонга ўзгача тароват бағишлади.
Қашқадарёлик ҳайкалтарош рассом Қодир Намозов ижодий меҳнатининг маҳсули бўлган мазкур ҳайкал муҳтарам Президентимизнинг шу йил 10 февралдаги «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ эълон қилинган танлов асосида ўндан ортиқ ижод намуналари ичидан саралаб олинган сиймосидир.
Хиёбондаги шоир ҳайкалининг очилиш маросими тантанали тус олди. Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, давлат ташкилотлари раҳбарлари, талаба ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари жам бўлган маросимни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансуров бошқарди. Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов маросим иштирокчиларини ўзига хос айём билан табриклаб, давлатимиз раҳбарининг қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг тарбиявий аҳамиятига эътибор қаратди.
Усмон Носирни тоталитар тузумнинг истибдодигина эмас, замондошлари бўлган бир гуруҳ ижодкорларнинг кўролмаслик, ҳасадгўйлик каби иллатлари ҳам қурбон қилди.
Усмон АЗИМ,
Ўзбекистон халқ шоири,
Усмон Носир номидаги мукофот соҳиби.
Дарҳақиқат, «халқ душмани» сифатида қораланиб, қатағон қилинган, олис Кемерево ҳибсхоналарида аянчли ҳолда жон берган Наманган фарзанди Усмон Носир кейинчалик расман оқланиб, асарлари китоб ҳолида чоп этилган, номи қисман абадийлаштирилган бўлса-да, унинг ҳаёти ва фаолияти етарли даражада ўрганилмай келинаётганди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Мажидов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, филология фанлари доктори Нурбой Жабборовлар давлатимиз раҳбарининг халқимиз маънавиятини юксалтиришга қаратилган алоҳида эътибори туфайли кўплаб аждодларимиз қатори Усмон Носир сиймоси ҳам том маънода нурланганлигини таъкидлашди.
Вилоят марказидаги эски гузарлардан бирида Усмон Носирнинг онаси Холамбиби билан яшаган хонадон аниқланиб, ушбу маҳалла Усмон Носир номи билан аталгани, янгитдан қад ростлаган 22-сонли умумтаълим мактабига ёндош алоҳида музей ва кутубхона барпо қилингани ҳам қарор ижроси доирасидаги хайрли ишлардандир.
Усмон Носир ижоди, журъати ва жасоратидан сабоқ чиқариб, Намангандан яна шундай ватанпарвар, билимдон авлодлар кўплаб етишиб чиқади.
Нурбой Жабборов,
филология фанлари доктори.
Шоир-ёзувчилар томонидан Усмон Носир ҳаёти ва ижоди тараннум этилган янги-янги асарлар яратилмоқда. Жойларда, айниқса таълим муассасаларида атоқли шоир ижодини ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган тадбирлар кенг қамровда давом этмоқда.
Усмон Носир ҳаёти ва ижодига доир айрим тахминларга аниқлик киритиш, янги маълумотларни тўплаш бўйича тузилган ишчи гуруҳ аъзолари шоирнинг жияни, таниқли адиба Нодира Рашидова хонадонида, адабиётшунос Наим Каримов, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровлар суҳбатида бўлиб, улардан музей учун ўнлаб ноёб экспонатлар олиб келишгани ҳам маънавиятимизни юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Вилоят ҳокимлигининг амалий кўмаги билан Нодира Рашидованинг «Усмоннома» романи икки жилдлик китоб ҳолида нашрдан чиқарилиб, адабиёт ихлосмандларига тортиқ қилинди.
Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас мени боғим:
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур.
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим!
Ушбу сатрларда шоирнинг истеъдод даражаси, сўзга заргарона муносабати ёрқин акс этган.
Дарҳақиқат, биз мустақил-ликни қадрига етиш, эрк ва озодликнинг миллатимиз шаъни ва обрўсини юксалтиришдаги ўрни нақадар улуғлигини янада ёрқин англаш учун ҳам Усмон Носир ижодини кенг ўрганишимиз зарур. Зеро, эрк ва ҳурлик куйчисининг мустаҳкам иродаси, интеллектуаллик қобилияти, бетакрор истеъдоди келгуси авлодларимиз учун ҳам ибрат намунасидир.
Пойтахтдан ташриф буюрган устоз ижодкор зиёлилар Усмон Носир уй-музейининг очилишига ҳам тантанаворлик бағишладилар. Музейдаги китоб фондини бойитиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини бердилар.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ,
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти