ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34734
23 November, 2024, 02:42
23-31 май кунлари Наманган шаҳрида 60-анъанавий халқаро Гуллар фестивали бўлиб ўтади.
Таъкидлаш жоизки, 1961 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган гуллар байрамига ҳукумат даражасида эътибор қаратилди. Гуллар байрамини халқаро миқёсдаги фестиваль мақомида юқори савияда ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 14 апрелдаги 232-сон фармойиши қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга кўра, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Республика Ишчи гуруҳи комиссияси тузилиб, гуллар байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Қарийб икки ойдан буён йирик кўламдаги гўзаллик ва нафосат тадбирини кўтаринки руҳда ташкил этиш юзасидан қизғин тараддуд кўрилмоқда. Шунга бағишланган матбуот анжуманида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов, вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Аюбхон Бобомирзаев, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Мамадалиев, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Комилжон Сиддиқовлар бу борада олиб борилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида журналист ва блогерларга атрофлича маълумот бердилар.
Эртага – якшанба куни старт бериладиган халқаро Гуллар фестивалига 500 мингга яқин маҳаллий ва чет эллик сайёҳларнинг келиши, хусусан, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Покистон, Хитой, Эрон, Туркия каби дунёнинг 20дан зиёд мамлакатидан минг нафардан ортиқ чет эллик меҳмонлар, дипломатик корпус вакиллари, инвестор ва туристларнинг иштирок этиши кутилмоқда. Бугунги кунгача эса гуллар байрамига тайёргарликни ўз кўзи билан кўриш учун Наманган шаҳрига 100 мингга яқин меҳмон келиб-кетган.
Байрамнинг асосий тантаналари бўлиб ўтадиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида ҳозирга қадар юздан ортиқ гулчилар томонидан 10 миллионга яқин гул экилди. Бу йилдан эътиборан фестивалда иштирок этадиган маҳаллий (ҳар бир туман бўйича) ҳамда хорижий гулчилар учун алоҳида павильонлар ташкил этилди.
Фестиваль доирасида «Гулчилик ва гулчилик санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги илмий-амалий конференция, шунингдек, хориж ва маҳаллий гулчилар иштирокида маҳорат дарслари, сайллар, санъат усталарининг замонавий ва креатив усулда саҳналаштирилган дастурлари намойиш этилади.
Санъатсеварлар кўнглидан чуқур жой олган театр ва кино санъати намояндалари, Ўзбекистон халқ артистлари ва хизмат кўрсатган артистлар иштирокида кўнгилочар, маданий тадбирлар ва концерт томошалари ўтказилади.
Дарвоқе, бу галги фестивалда гуллар савдоси Бобур боғида ўтказилмайди. Бунинг учун гулчилар ва нафосат шайдолари бўлган гул ихлосмандларига қулай шароитлар яратиш мақсадида вилоят театри биносига туташ «Адиблар хиёбони» ҳудудидан махсус жойлар ажратилади.
Юбилей тарзида ўтказиладиган бу галги халқаро фестивални кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар 100 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларида реклама ва ролик материаллари эълон қилинди. Ўнга яқин чет эл телерадиокомпаниялари ва ахборот агентликлари эса фестиваль жараёнларини тўғридан тўғри жонли эфирда намойиш этишни режалаштиришган.
– Гуллар байрамида қатнашишни нафақат республикамиз вилоят ва шаҳарлари, балки хорижий мамлакатлар ҳам катта қизиқиш билдирмоқда, – деди Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов. – Хусусан, Украинанинг Хмельницкий шаҳри маъмурияти томонидан бўлажак халқаро фестивалда иштирок этиш, қолаверса, байрам туфайли Наманган шаҳри билан биродарлашиш таклифи айтилди. Бу эса фестивалнинг бутун дунё бўйича нуфузини оширмоқда. Қолаверса, гуллар байрамида иштирок этиш учун вилоятимиз билан биродарлашган Жалолобод (Қирғизистон), Панжоб (Покистон) каби шаҳарлар раҳбарларига таклифномалар юборилган.
Наманган халқаро аэропортидан Гуллар автопаради билан бошланиб, «Афсоналар водийси» хиёбонида тантанали тақдирлаш маросими билан якунланадиган ўн кунлик халқаро фестивалда фаол иштирок этган гулчилар ва ташкилотлар қимматбаҳо совғалар, жумладан, автомашиналар билан мукофотланадилар.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти